Улар табиий ва ширин бўлгани учун чет элларда жуда қадрланади. Хорижга сафар қиладиган юртдошларимиз ҳам ўзимиздаги таъмни бошқа жойлардан топа олмаслигини кўп гапиради. Кейинги йилларда бу эътирофни чет элликлар ҳам таъкидламоқда. Ташқи бозорларда “Ўзбекистонда етиштирилган” деган бренд шаклланиб, оммалашаётгани боиси шунда.
Яқин йилларгача талаб катта, аммо шунга яраша таклиф бўлмаган. Гап шундаки, юртимизда қишлоқ хўжалиги асосан мавсумий етиштиришга мослашгани, йиллар давомида соҳага бир томонлама эътибор қаратилиб, замонавий ва илмий ёндашув бўлмагани, маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш механизми йўлга қўйилмагани боис, чет давлатлардан доимий импортёрларни топишда муаммолар бўлган. Фақат қўшни давлатларга экспорт қилиш билан чекланиб келганмиз.
2017 йилдан кейин соҳадаги ана шу масалаларнинг тизимли ечиб борилиши мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги қанчалик катта салоҳиятга эга эканини амалда кўрсата бошлади. Замонавий технологиялар ва илмга асосланган қишлоқ хўжалиги шаклланди. Бугун соҳадаги ҳар бир лойиҳа ана шу механизм асосида олиб бориляпти. Маҳсулот етиштириш жараёнларида ҳеч бўлмаганда, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳисобига ҳосилдорликни каррасига ошираётган миришкорлар бор.
Нафақат маҳсулот етиштириш, балки уни қайта ишлаб, экспорт қилишда катта тажриба тўплай бошладик. Айрим рақамларни кўриб баъзан ўзимизнинг ҳам ишонгимиз келмайди. Бошқа томондан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда етакчилардан бўлиб келган мамлакатимиз, энди, экспортда ҳам юқори ўринларни эгаллаётгани кишини қувонтиради. Масалан, жорий йилнинг олти ойида юртимиз озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлди. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайди.
Айниқса, қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос, дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича юртимиз дунёда юқори ўринларда туради. Сархил мева-сабзавотларнинг бозори ҳам чаққон. Биргина узум экспортини олайлик. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 67 та мамлакатига айни шу маҳсулотни етказиб бермоқда. Жорий йилнинг етти ойида қиймати 98,3 миллион долларга тенг бўлган 84,1 минг тонна узум экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баробар кўп.
Янги тузилма — янги йўналиш
Экспорт бўлаётган маҳсулотларнинг аксари хориж нави бўлиб, илмий ёндашувлар асосида ўзимизга мослаштирилган, қолаверса, замонавий усулда, янгича технологиялар асосида етиштирилмоқда. Гап шундаки, ҳозир агродеҳқон, тадбиркорларимиз, экспортёр корхоналар анча янгича иш услубига ўтган. Биз биладиган маҳаллий гилос, олма, узум ва бошқа мевалар ўрнини жаҳон бозорида талабгир янги навлар эгаллаяпти.
Шу йилнинг июнь ойида Паркент туманидаги “Meridian Tempo” корхонасига қарашли каттагина интенсив боғда шунга амин бўлгандим. Ҳар донаси ҳовучни тўлдирадиган гилос меваларини кўриб, ҳайратда қолдим. Олдимизга қўйилган гилосни кўришим билан, “Бу қандай нав, бунча катта бўлмаса бу гилос?”, деган саволни бергандим. Меванинг мазасини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бир оғизга солсангиз, қайта-қайта егингиз келади. Шираси жуда баланд, аммо таъбингиз тортаверади.
Интенсив боғнинг нақ 54 гектар майдонида гилос, олма, нок ва малинанинг экспортбоп навлари экилган. Кўчатлар Франция ва Испаниядан келтирилган. Боғдаги барча ишлар замонавий технологиялар асосида олиб борилади. Тўлиқ томчилатиб суғориш жорий этилган, дарахтлар ўзини ўзи чанглатиш хусусиятига эга, боғда ҳатто қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Тадбиркорларимиз хориж бозорига ана шундай халқаро талабларга мос, олий навдаги мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беряпти. Уларнинг нархи ҳам сифатига яраша. Бундан келадиган даромад бошқа анъанавий ўсимликларга нисбатан бир неча баробар юқори бўлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий технологиялар ва илм-фан асосида етиштирилаётган маҳсулотлар сифати ҳам, ҳосилдорлиги ҳам ошиб, йил ўн икки ой ҳосил олишга эришиляпти. Эндиликда ана шу жараённи тизимлаштириш, ҳудудларни маълум маҳсулотга ихтисослаштириш, импортёрларга маҳсулотни узлуксиз етказиб бериш, жаҳон бозорида миллий брендни яратиш экспорт йўналишидаги асосий масалага айланган.
Бунинг ечими сифатида давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони ҳамда қарори билан жорий йил февраль ойида мамлакатимизда илк бор “Uzagrostar хolding” компанияси иш бошлади. Тузилма муассислигида 16 та ихтисослашган корхона ташкил этилди. Холдинг таркибида Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича Кенгаш тузилди.
— Жорий йил 14 февралда қабул қилинган “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори, энг аввало, юртимизда томорқачилик ва деҳқончиликни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди, — дейди “Uzagrostar xolding” компанияси директори Фазлиддин Муҳиддинов. — Компаниянинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг миллий брендини яратиш ва экспортини ривожлантиришга қаратилган. Тўғри, Ўзбекистонда жараённи мувофиқлаштирадиган вазирлик, бир қанча тузилма ва ташкилотлар бор. Керак бўлса, ҳар бир ҳудудда уларнинг бўлимлари иш олиб боряпти. Аммо давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Uzagrostar хolding” компаниясига уларни такрорламайдиган айрим муҳим вазифалар белгилаб берилганки, бунда асосий эътибор томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермерлар билан ҳамкорликда тизимли равишда иш олиб боришга йўналтирилган.
Гап шундаки, бугунги кунда юртимизда 22 миллион тоннадан ошиқроқ мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилса, шунинг 70 фоизи аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжаликлари ерларига тўғри келади. Аммо уларнинг сифати ҳар доим ҳам экспорт талабларига мос келмайди. Эндиликда “Uzagrostar хolding” компанияси улар билан ҳамкорликда маҳсулотларни тизимли равишда етиштириб, ягона бренд остида экспорт қилади. Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига тупроқ таҳлилидан тортиб, экспортгача бўлган барча жараёнларда яқиндан кўмак беради. Шу тариқа жаҳон бозорида миллий бренд яратилади.
Танлаб олинган йўналишлар бўйича маҳаллалардаги хонадонларгача кириб борилади. Дастлаб 100 та маҳалла танлаб олинган бўлиб, уларда маълум турдаги сифатли, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилмоқда. Кейинги йилларда маҳаллалар сони кўпайтириб борилади, жумладан, 2026 йилда уларнинг сонини 500 тага етказиш режалаштирилган.
Ихтисослашув нима беради?
Холдинг таркибидаги 16 та корхонанинг ҳар бири алоҳида турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган. Улар 16 та базавий ҳамда 54 та қамраб олинган туманларда фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир агростар корхона ўзи масъул бўлган ҳудудда томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорлик асосида маълум турдаги маҳсулотни етиштиришни йўлга қўяди.
Айтайлик, бир маҳаллада 15 та томорқа ер эгаси помидор етиштиради, аммо уларнинг тури ва сифати ҳар хил бўлгани боис, жамлаб, экспортга йўналтириб бўлмайди. Қолаверса, ҳосил ҳам юқори қийматли эмас, ер эгалари ўз тажрибасига кўра етиштираверган. Ана шу тизимни бирлаштириб, умумий маҳсулдорликни оширишни агрокорхоналар ўз зиммасига оляпти. Аҳоли томорқаларида бир хил турдаги ва сифатли маҳсулот етиштиришга қаратилган ишларни олиб бормоқда. Олинган ҳосилни эса ягона миллий бренд остида экспорт қиляпти.
Масалан, “Янгийўл — агростар” МЧЖ помидор ва булғор қалампири етиштириш билан шуғулланса, “Асака — агростар” МЧЖ сабзавот кўчатлари, “Олтиариқ — агростар” корхонаси эса узумчиликка ихтисослашган. Маълумотларга кўра, бугунга қадар жами филиалларга бириктирилган туманларда 101 минг гектар ер майдонида ихтисослашган маҳсулотлар экилган.
Агростар корхоналар фақат маълум турдаги сифатли маҳсулот етиштириб, уни экспорт қилиш билангина шуғулланмайди. Бирин-кетин маҳсулотларни қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу борада юздан ошиқ лойиҳалар белгиланган. Шундан қиймати 608 миллиард сўмлик 20 та инновацион лойиҳа учун 693 гектар ер майдони ажратилган. Айни пайтда замонавий лойиҳаларнинг 8 тасини амалга ошириш ишлари бошланган. Умуман, агростар корхоналарнинг ҳар бирида маҳсулот етиштириш ишлари замонавий усуллар ёрдамида олиб борилади.
Олма ва нок меваларини етиштиришга ихтисослашган “Базанбар — агростар” МЧЖ ўзига хос янгилик қилди. Бахмал туманида 15 гектар ер майдонига Франция компаниясида ин-витро усулида тайёрланган олма кўчатлари олиб келиниб, экилди. Бунинг ўзига хослиги шундаки, кўчатлар илмий ўрганишлар асосида шу йилнинг айни ёз чилласида ерга қадалди. Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда ҳосил гуллаган.
“Булунғур — агростар” МЧЖ картошка етиштиришга ихтисослашган. Туманлардаги катта ер майдонларида 10 минг дона касалликларга чидамли, сифатли картошка уруғлари навлари стакан усулида экилди. Голландия компанияси билан 6 минг тонна элита картошка уруғларини олиб келиш бўйича келишувга эришилган. Картошкаларни сақлаш ва экспорт қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Булунғур туманидаги 2 гектар майдонда ташкил этилаётган агрокомплексда 10 минг тонна картошка сақлаш, калибровка қилиш, қадоқлаш ва логистика қувватлари ишга туширилади. Қолаверса, картошканинг хориж навларини маҳаллийлаштириш мақсадида Халқаро картошка маркази билан ҳамкорликда ин-витро лабораториясида янги уруғ навларини яратиш ишлари бошланган.
Маҳсулотлар, албатта, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ерларида етиштирилади. Масалан, “Шеробод — агростар” корхонаси томонидан белгиланган ҳудудларда қиймати 508 миллиард сўм бўлган 150 минг дона хурмо ва анжир кўчатлари аҳоли томорқаларига етказиб берилди. Туркиядан сифатли, данаксиз хурмо кўчатлари олиб келиниб, 25 гектар майдонга экилди. Айни шу мева турларини етиштиришга ихтисослашган компания намунавий лойиҳа асосида Узун туманидаги 100 гектар ер майдонида хурмо ва анжир агроплантациясини ташкил қилиш ишларини бошлаб юборган. Замонавий комплексда маҳсулот етиштиришдан экспортгача бўлган барча босқичлар қамраб олинади.
“Янгийўл — агростар” МЧЖ ҳам ихтисослашувни янада кенгайтириш мақсадида 61 маҳалладаги томорқа ва деҳқон хўжаликларига арзон нархларда сифатли помидор кўчати, булғор қалампири уруғлари ҳамда минерал ўғитларни етказиб бермоқда. Компания томонидан ташкил этилган “Томорқа мактаби”да соҳага оид 5 мингдан ортиқ китоблар жойлаштирилиб, 2 та маҳаллий профессор ва 1 та хорижлик мутахассис иштирокида бир ой давомида 200 гектарга яқин томорқа ер ва деҳқон хўжаликлари эгалари ўқитилди. Италиялик мутахассислар томонидан помидорни қуёшда қуритиб, қоқи тайёрлаш технологияси ўргатилди. Италияда етиштириладиган помидор нави қоқи учун қулай сорт сифатида танлаб олиниб, Янгийўл туманидаги 500 гектар, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 100 гектар майдонда етиштирилиб, қоқи тайёрланди. Бугунги кунда 150 тонна помидор қоқиси Италияга экспорт қилиняпти.
Янги бозорлар қандай топиляпти?
Замонавий усулда маҳсулот етиштириб, экспорт қилишдан агростар корхона ҳам, томорқа ва деҳқон хўжалик ерлари эгалари ҳам бирдек манфаатдор. Шу боис, ҳар бир жараён илмий мутахассислар иштирокида, аниқ тартиб асосида олиб борилади. Ҳудудларда 7 та ихтисослашган корхона ва лойиҳа офисларида “Томорқа мактаби” фаолияти йўлга қўйилгани боиси шунда. Уларда “Uzagrostar xolding” компанияси томонидан жалб этилган 20 га яқин хорижий мутахассислар, малакали маҳаллий агроном, технолог, уста-деҳқонлар билан шартномалар имзоланиб, агроконсултант сифатида иш олиб боряпти.
Демак, агростар компаниялар танлаб олинган ҳудудларда аҳолини ўз томорқасида белгиланган турдаги маҳсулотни етиштиришга жалб қилишнинг ўзи билан чекланмайди. Аҳолини ўқитиб, ерга уруғ қадашдан то ҳосилни экспорт қилишгача бўлган жараёнда бевосита иштирок этади. Талабгорларга молиявий кўмак “Uzagrostar xolding” компаниясига бириктирилган 9 та тижорат банки ва уларнинг филиаллари томонидан амалга оширилади.
Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ҳозир дунё бозорида вазият қалтис, ҳар куни талаб ва нарх-наво тебраниши кузатилмоқда. Қолаверса, истеъмолчиларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган талаби ўзгариб боряпти, улар ўзларининг стандартларини очиқ эълон қиляпти. Бундай шароитда агростар корхоналар етиштираётган маҳсулотларга доимий ва қимматроқ бозор топиш масаласи ҳам асосий жиҳатга айланади.
— Албатта, маҳсулотга бозор топиш энг муҳим масалалардан бири. Бу бўйича қатор ишлар амалга оширилиб, халқаро компаниялар билан келишувлар ўрнатиляпти, — дейди “Uzagrostar xolding” компанияси бўлим бошлиғи Сулаймон Муродов. — Аввало, агростар корхоналар томонидан топилган бозорларга экспорт амалга ошириб келиняпти. Масалан, “Қува — агростар” МЧЖ томонидан Норвегияга 4 хил навдаги 1 тонна узум экспорт қилинди. “Қўшработ — агростар” МЧЖ эса Латвияга 5 миллион долларлик майиз етиштириб бериш бўйича келишув имзолаган ва маҳсулотнинг биринчи партияси жўнатилди. “Янгийўл — агростар” корхонаси шартномасига кўра, яқинда Италия давлатига 200 тонна қуритилган помидор экспорт қилинади. Европанинг бошқа давлатларидан ҳам қуритилган маҳсулотларга талаб ошиб боряпти. Сабаби, Европа мамлакатларида айни қуритилган маҳсулотларга талаб катталигини кузатдик ва қуёшли юртимизда етиштирилган мева-сабзавотларнинг мазали таъми сабаб уларнинг қоқиси ҳам алоҳида эътироф этиляпти.
Яқинда Лондонда бўлиб ўтган йирик ярмаркада иштирокимиз давомида 3 миллион долларлик қуритилган маҳсулотларга шартнома имзоланди. Шу йилнинг октябрь ойида эса Испанияда бўлиб ўтадиган мева-сабзавот кўргазмасида иштирок этамиз. Холдинг таркибидаги барча ихтисослашган компаниялар маҳсулотларини янги дизайн ва қадоқда, ягона бренд остида намойиш этишни режалаштирганмиз. Маълумки, Испания дунё бўйича экспортда биринчи ўринда туради ва йиллик қиймати 20 миллиард долларни ташкил этади. Кўргазмагача бўлган жараёнда маҳсулотларимизни Испаниядаги йирик импортёрларга таништирдик, улар аллақачон қизиқиш билдирган. Кўргазма доирасида бир қанча шартномалар имзоланиши кутиляпти.
Муболағасиз айтганда, юртимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таъмини унча-бунча давлатдан тополмаймиз. Ўзимизники бўлгани учун эмас, холис истеъмолчи, мамлакатимиз савдо дўконларини тўлдириб турган чет эл брендидаги маҳсулотларни татиб юрган инсонлар сифатидаги баҳоимиз шундай.
Ана энди мана шу маҳсулотларимизни бир неча қўшни давлатга эмас, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари бозорларига олиб киришни мақсад қилганмиз. Бу йўналишда халқаро стандартларга мослашиб, соҳага илмни, энг илғор технологияларни жорий этаётганимиз боиси шунда. Энди маҳсулотларимиз хориж бозорлари расталарининг бир четидан эмас, энг қиммат маҳсулотлар жойланадиган қатордан ўрин оляпти. Бу борада ўзимизнинг миллий брендни яратиб, халқаро майдонда оммалаштириш ҳаракатидамиз.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








