Ўзбекистонда ҳам неандертал одам яшаган — ЎзР ФА Миллий археология маркази

    Фан 5 феврал 2025 1363

    Ҳар йили 4 феврални антрополог олимлар «Неандертал куни» сифатида нишонлайди.

    Бу сана 1857 йилда Бонн шаҳрида бўлиб ўтган Қуйи Рейн табиатшунослар ва шифокорлар жамияти мажлисида илк бор неандертал одамининг қолдиқлари тақдим этилганига бағишланган. Ушбу антропологик топилма Германиянинг Неандертал водийсида топилган ва кейинчалик илмий жиҳатдан неандертал одамининг мавжудлигини тасдиқловчи энг муҳим далилга айланган эди.

    ЎзР ФА Миллий археология маркази Неандертал одам суяклари Ўзбекистонда ҳам топилганини эслатиб ўтди.

    Улардан энг аҳамиятлиси Тешиктош топилмасидир. 1938 йилда А.П.Окладников томонидан Тешиктош ғоридан 8–10 ёшли неандертал бола суяк қолдиқлари топилган.

    Энг қизиқ томони шундаки, боланинг қолдиқлари тоғ эчкиси шохлари билан ўралган ҳолда кўмилган. Бу эса, тадқиқотчилар фикрига кўра, неандерталларнинг диний тасаввурларга эга бўлганини кўрсатади.

    Қолдиқлар 70–50 минг йил олдин яшаган неандерталга тегишли бўлиб, суякларнинг антропологик таҳлили унинг типик неандертал қиёфасига эга бўлганини тасдиқлаган.

    Неандертал одам суяклари топилган яна бир ёдгорлик Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Ангалак ғоридан ҳам топилган. Бу ерда Р.Х. Сулейманов ва М. Глантз томонидан 2002-2005 йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида оёқ кафтининг метатарсал суяги (оёқ суякларидан бири) аниқланган.

    Ушбу топилма неандерталлар Ўрта Осиё ҳудудида доимий ёки мавсумий яшаганлигини тасдиқлайди ва уларнинг миграция йўналишлари ҳақида янги маълумот беради. Ушбу тадқиқотлар ўлкамизнинг неандерталлар яшаган энг шарқий чаккаларидан бири бўлганлигини яна бир бор тасдиқлади.

    Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ учинчи ўзига хос топилма Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Оби-Раҳмат ғоридаги неандертал ва Ҳомо сапиэнсларнинг аралашиш популяциясидан туғилган гибрид турга тегишли.

    Оби-Раҳмат ғори неандертал ва замонавий инсонлар ўртасидаги гибридлашув ҳақида энг муҳим далиллардан бирига эга. Бу ерда топилган инсон суяклари неандерталларга ҳам, Ҳомо сапиэнс вакилларига ҳам хос бўлган белгиларни намоён қилади.

    Ушбу топилма неандерталлар фақатгина йўқ бўлиб кетмаганини, балки айрим ҳудудларда Ҳомо сапиэнс (замонавий одам) билан генетик аралашув натижасида йўқолиб кетганини тасдиқлайди.

    Неандерталлар Европа ва Осиё бўйлаб юз минг йиллар давомида яшаган, лекин 40 минг йил олдин уларнинг сони кескин камайиб, кейинчалик бутунлай йўқ бўлиб кетган. Уларнинг йўқолишига сабаб сифатида иқлим ўзгариши, Ҳомо сапиэнс билан рақобат ёки генетик аралашув каби омиллар келтирилади.

    Ўзбекистон ҳудудидаги Тешиктош, Ангалак ва Оби-Раҳмат ғорлари илмий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, улар орқали неандерталлар Ўрта Осиёнинг қадимги аҳолисидан бири бўлгани ва уларнинг Ҳомо сапиэнс билан алоқада бўлганини кўрсатади.

    Бугунги кунда генетик тадқиқотлар неандерталлар замонавий инсонларнинг бевосита аждодлари бўлмасада, улар бизнинг эволюцион тарихимизнинг ажралмас қисми эканини тасдиқлайди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates