Ўзбекистонда Paypal, Apple Pay ва Google Pay ишга тушиши кутилмоқда

    Вазирлар Маҳкамасининг «Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [582-сонли] қарори қабул қилинди.

    Қарор билан 2025 йил 1 январдан бошлаб туризмнинг қуйидаги янги турлари жорий қилинади:

    • маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишни назарда тутувчи саноат туризми;
    • олтин, руда ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлар, шахталар, фаолият юритмаётган геологик объектларида технологик жараёнларни, шу жумладан, тоғ жинсларини портлатиш тадбирларини бехатар масофадан кузатиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш, тоғ рельефлари бўйича экскурсияларни ташкил қилишни назарда тутувчи геология туризми;
    • илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар, обсерваториялар ҳамда планетарийлар, Фанлар академияси ва унинг тизимидаги ташкилотларга ташриф буюриш орқали фан ва техника ютуқлари билан танишишни назарда тутувчи илмий туризм;
    • ҳарбий тарих ва фаолият билан боғлиқ жойларга ташриф буюриш, ёдгорликлар ва тадбирларда қатнашиш, ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва шароитлари билан яқиндан танишиш, ҳудудларда туристларга ўқ отиш бўйича пулли хизматлар ташкил қилишни назарда тутувчи ҳарбий туризм;
    • мамлакатнинг сиёсий ҳаёти, давлат органлари ва ташкилотларининг тарихи ва фаолиятини акс эттирувчи жойларга, хусусан, Ҳукумат бино ва иншоотларига ташриф буюришни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми.

    Туризмнинг янги турларини жорий этишга, шу жумладан, объектлар рўйхатини шакллантириш, уларга кириш-чиқиш тартибини ишлаб чиқиш, уларда пулли ва бепул кўрсатиладиган хизматларни белгилаш, тушаётган маблағлардан самарали фойдаланишга қуйидагилар масъул этиб белгиланди:

    • саноат туризми бўйича — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги;
    • геология туризми бўйича — Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
    • илмий туризм бўйича — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси;
    • ҳарбий туризм бўйича — Мудофаа вазирлиги;
    • давлат-бошқарув туризми бўйича — Адлия вазирлиги.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси, Савдо-саноат палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда юқорида кўрсатилган янги туризм турлари бўйича объектлар рўйхати, уларга кириш-чиқиш тартиби ва хизматлардан фойдаланишни назарда тегишли идоравий ҳужжат қабул қилиши белгиланди.

    Мудофаа вазирлигининг 2025 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ва хорижий туристларга қуйидаги хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади:

    • «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси, «Шон-шараф», «Қуролли Кучлар» давлат музейлари ва ҳудудлардаги «Ватанпарварлар» боғларида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бевосита таништириш;
    • Мудофаа вазирлигининг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази Қибрай спорт мажмуаси базасида «Стендли отиш» ва ўқотар қуроллардан отишни пулли асосида йўлга қўйиш.

    2025 йил 1 октябрдан бошлаб ички туризм инфратузилмаси бўйича аҳоли ҳамда туристларнинг хабардорлигини таъминлаш имконини берувчи, шунингдек, қуйидаги техник имкониятларни назарда тутувчи Tourist map интерактив портали синов тариқасида Самарқанд шаҳрининг халқаро аэропортида ишга туширилади:

    • аэропорт, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, тарихий, маданий, кўнгилочар, овқатланиш ва шу каби жойлар ҳамда уларга етиб бориш маршрутлари ҳақида маълумот тақдим этиш;
    • аҳоли ва туристларнинг саёҳат қилиш муддати ва қизиқишидан келиб чиқиб, саёҳат режасини тузиб бериш ва матрицали штрих код (QR-код) орқали мобил қурилмасига ўтказиб олиш имкониятини яратиш;
    • туристлар оқими юқори бўлган давлатлар тилларида ахборот бериш ҳамда тегишли ҳудуднинг харитаси намойиш этиб бориш.

    Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда тажриба ўтказиш даврида аэропорт, темир йўл вокзаллари ҳамда чегара ўтиш пунктларида туристларга бир ой фаол туристик сим-карталарни мобил алоқа операторлари томонидан бепул бериш амалиёти жорий қилинади.

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар:

    • Tourist map интерактив порталини яратиш ишларини якунлаш ҳамда Самарқанд шаҳрининг халқаро аэропортида интерактив портал ускуналари жойлаштирилишини таъминлайди;
    • Tourist map интерактив портали ускуналари атрофида бепул Wi-Fi зоналарини ташкил этади;
    • Tourist map интерактив порталининг мобил иловасини ишга туширади.

    Tourist map интерактив портали ва унинг мобил иловасини ишлаб чиқиш, ишга тушириш, кейинчалик функционал имкониятларини кенгайтириш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда интерактив портал ускуналарини харид қилиш, сақлаш ва таъмирлаб бориш харажатлари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

    Туризм қўмитаси тажриба якунлари бўйича иқтисодий, молиявий ва туристик таҳлилларни амалга оширади ва унинг асосида Tourist map интерактив порталини мамлакатнинг бошқа туризм оқими юқори бўлган ҳудудларнинг аэропорт, темир йўл вокзаллари, автовокзалларида ишга тушириш юзасидан 2026 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритади.

    Туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, транспорт-логистика соҳасини ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш мақсадида 2024 йил якунига қадар:

    • Транспорт вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан биргаликда автотранспорт воситаларини ижарага бериш хизматларини кўрсатувчи маҳаллий ва хорижий компаниялар (Hertz, Avis, Sixt каби) фаолиятини мамлакатнинг аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудларида йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўради;
    • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ҳудудлар бўйича туристик йўналишлар ва объектларни қамраб олувчи рўйхатни шакллантириб, Apple ва Google халқаро хариталарга тақдим этилишини ва мунтазам равишда реестри янгилаб борилишини таъминлайди.
    Бундан ташқари, 2024 йил якунига қадар Марказий банкка Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан биргаликда халқаро онлайн тўлов компаниялари (Paypal, Alipay, UniPay, Apple Pay, Google Pay каби) билан музокара ўтказиб ушбу воситаларни Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига улашни йўлга қўйиш, зарур ҳолларда, миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

    Тошкент вилояти ҳокимлигига Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ва янгиланган 2025−2027 йилларда Тошкент вилоятида туризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш топширилди ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланди:

    • Тошкент вилоятида ички туризмни иқтисодиётнинг устувор тармоғи сифатида ривожлантириш бўйича узоқ муддатли комплекс ривожлантириш режасини белгилаш;
    • туристик-рекреацион зоналарда давлат-хусусий шериклик ва кластер ёндашувига асосланган комплекс инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш;
    • туристларнинг узоқ муддатга қолиши ва такроран келишлари учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, туман (шаҳар)ларни ўзаро боғловчи туристик йўналишларни ишлаб чиқиш;
    • ҳар бир ҳудудда туризм объектларига олиб борувчи йўл кўрсаткичлар (навигациялар)ни ишлаб чиқиш орқали туристларга қулайликлар яратиш;
    • ҳудудларнинг табиий ҳолатини ҳамда қишлоқларнинг асл қиёфасини сақлаган ҳолда, сайёҳларни миллий маданият ва қадриятлар билан таништириш.

    Қарор 2024 йил 26 сентябрда кучга кирди.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates