Ўзбекистонга 10 ойда келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 миллиард долларни ташкил қилди

    Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўпайган.

    Бу ҳақда Марказий банкнинг Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳида маълум қилинди.

    Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд долл) келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн долл), АҚШ (470 млн долл), Жанубий Корея (458 млн долл), Туркия (331 млн долл), Буюк Британия (109 млн долл) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.

    2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмида кузатилган ўсиш тренди асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий фаоллик ва иш ҳақи миқдорининг ошиши ҳамда ривожланган мамлакатларга меҳнат миграцияси оқими кўламининг кўпайиши билан изоҳланади.

    Мисол учун, интернет платформаларидаги маълумотларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган асосий соҳаларда таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдори ўртача 38 фоизга ошган. Жумладан, иш ҳақи миқдори қурилиш соҳасида 55 фоиз, етказиб беришда 48 фоиз, такси ва ресторан хизматларида 46 фоиз ҳамда юк ташиш соҳасида 14 фоизгача кўпайган.

    Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўзлаштираётган юқори даромадли бозорлардан ўтказмалар юқори ўсаётгани эътиборли. Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсиш кузатилган.

    2024 йил бошидан ишлаш истагида бўлган 113 минг нафардан зиёд фуқаролар асосан ривожланган мамлакатларга расмий, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга ошган.

    Пул ўтказмаларини Р2Р ёки SWIFT орқали юбориш тобора оммалашмоқда. Жорий йил бошидан P2P (онлайн) пул ўтказмалари кўламининг сезиларли даражада ошиши трансчегаравий тўлов тизимлари инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда жисмоний шахслар орасида мазкур хизматларнинг кенг оммалашуви билан изоҳланиши мумкин.

    Хусусан, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида P2P (онлайн) транзакциялари сони қарийб 59 миллионтага етиб, ўтган йилга нисбатан 46 фоизга кўпайган. Шунингдек, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 миллиард долларни ташкил қилди.

    Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси хариди ва сотуви бўйича операциялар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга кўпайиб, 20,9 миллиард долларни ташкил этди.

    Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 13,2 миллиард доллар миқдоридаги ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга кўп чет эл валютаси сотилган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ўсиб, 7,7 миллиард долларга етди.

    Натижада, жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган таклиф ҳажми талаб ҳажмидан 5,5 миллиард долларга кўп бўлди. Бу ўз навбатида, ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

    Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 миллиард долларни ташкил қилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates