Meducation бренди остида ҳам фаолият юритувчи Жанубий Кореянинг Atlanticorea компанияси Европанинг тиббиёт университетларига талабаларни жалб қилиш, олий ўқув юртларига керакли ҳужжатларни тайёрлаш, имтиҳон ва ўқишга тайёргарлик кўриш каби бир қатор хизматлар кўрсатади.
Atlanticorea компанияси маслаҳатчиси Жастин Ким-Браун сўзларига кўра, компания Германия, Венгрия ва Италия олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади. Atlanticorea талабаларга тиббиёт университетларининг кириш имтиҳонлари ва ўқув жараёнига тайёргарлик кўриш имкониятини тақдим этади. Талабалар кириш имтиҳонларига анъанавий ва онлайн курслар ёрдамида тайёргарлик кўришлари мумкин.
Жастин Ким-Браун таъкидлашича, компания хизматларидан Жанубий Корея, Вьетнам, Эрон ва бошқа Осиё мамлакатлари талабалари фойдаланмоқда. Унинг қўшимча қилишича, компания мижозлари AKFA Университетида таълим олишга қизиқишлари мумкин.
Шу билан бирга, Atlanticorea компанияси AKFA Университети билан талабаларнинг Европа клиникаларида амалиёт ўташи ва Европа университетлари билан, жумладан Erasmus дастури доирасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда кўмак беришга тайёр.
AKFA Университети юридик бўлими бошлиғи Ирода Сидиқова университет тарихи ва янги факультетларни, жумладан тиббиёт йўналишларида, очиш бўйича режалари ҳақида маълумот тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Жанубий Кореянинг Гачон Университети билан ҳамкорликда фармацевтика, ҳамширалик иши ва стоматология факультетлари очилиши режалаштирилган.
Таъкидланишича, бугунги кунда AKFA Университетида 23 хорижлик талаба таълим олмоқда ва уларнинг аксарият қисми Жанубий Корея фуқароларидир.