Бугун, 13 май куни Ҳаж зиёратига йўл олган ҳамюртларимизнинг илк гуруҳи Мадина шаҳрига етиб борди, дея хабар қилади muslim.uz портали.
Зиёратчиларни Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи вакиллари, мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташеси Шуҳрат Амоний ва бошқа мутасаддилар кутиб олди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, гуллар ила икром қилинди.
Айни дамда зиёратчилар меҳмонхоналарга жойлашиб бўлганидан сўнг ихлосу имон билан ибодатларни адо этиш, хусусан, Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга ошиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу йил ҳам 15 минг нафар юртдошимиз ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлади.








