Бу ҳақда “Дунё“ АА хабар берди.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Покистон Президенти Ўзбекистон етакчисига чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини етказишни сўради. Президент Асиф Али Зардари Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги узоқ муддатли биродарлик муносабатларининг мустаҳкам пойдевори бўлган муштарак маданий, тарихий ва маънавий-маърифий ришталарнинг муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у республиканинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари таҳсинга лойиқлигини эътироф этиб, икки томонлама алоқаларни, айниқса, савдо, инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳаларида янада ривожлантириш учун бор куч ва имкониятларни ишга солишга тайёрлигини тасдиқлади.
Мулоқот чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлигига эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Маданий-гуманитар, туризм алмашинуви масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон раҳбари мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга бориши учун виза тартиби соддалаштирилганидан мамнунлик билдирди. Жорий йил ноябрь ойида қайта тикланиши режалаштирилган Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги туртки бўлиши урғуланди.
Учрашув якунида Покистон Президенти Ўзбекистон элчисига ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади.