Ўзингсан Ватаннинг жамоли, ўзбекнинг фаришта аёли

    Аёл – башарият гултожи, беназир хилқат. Аёл – борлиқ кўзгуси. Унинг нафис гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи пок. Барчаларимизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган.

    Биз меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганимизнинг беқиёс мўжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаввур эта олмаймиз.

    Инсоният тараққиёти давомида аёлга Ислом динидек катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас. Ислом дини аёл ҳақида сўз юритар экан, уни олий мақом ва юксак эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади. Ислом инсониятга жисмоний тузулиш, табиат, ҳис-туйғу, орзу-умид, саломатлик, эҳтиёж ва заруратлар борасида бир бутун мукаммал инсон сифатида қарайди.

    Қуръони каримнинг 35 та сура ва 100 дан ортиқ оятида аёл сўзининг ишлатилиши ва суралардан бири айнан “Нисо” яъни “Аёллар” деб номланиши ва унда аёлнинг мавқеи, унинг ҳаётдаги ўрни, ҳақ-ҳуқуқлари батафсил баён этилиши аёлларга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир.

    Vуқаддас ислом динимизда онага яхшилик қилиш борасида жуда кўп буйруқлар ва онани дилини оғритмаслик ҳақида кўпгина қайтариқлар мавжуддир. Биргина мисол келтирамиз. Аллоҳ, таоло “Исро” сурасининг 23-оятида марҳамат қилиб айтади: “Роббингиз фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” Бу жумланинг “уф” сўзига боғлиқ икки ҳил маъноси бор. Биринчи маъноси-ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъ­носи-ота-онанг олдида “уф” дема, улар, болам oғиp ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.

    Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

    Ҳадиси шарифларда аёллар хусусида шундай келтирилади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига айтадилар: “Онангни лозим тут, Албатта жаннат унинг қадамлари остидадир”.

    Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида, бугунги кунда бутун дунё мамлакатлари учун тааллуқли долзарб ташаббусларни илгари сурганлиги нафақат юртимизда балки, халқаро даражадаги экспертлар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан гендер тенглиги ва хотин-қизларга эътибор масаласига алоҳида урғу берилгани мамлакатимизда кейинги тўрт йилда бу борада олиб борилаётган ишларни дунё аҳлига намойиш этди, десак муболаға бўлмайди. Яхши биламиз, мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш сўнгги тўрт йилда барча давлат дастурларининг устувор йўналишлари сифатида белгиланмоқда. Бу борада Ўзбекистон ва БМТнинг мақсадлари ҳам муштарак. Яъни гендер тенглиги, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларининг доимо ажралмас ва энг асосий тамойилларидан биридир. БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда”, дея бежиз таъкидлагани йўқ.

    Президентимиз Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етгани, мамлакатимиз парламенти аёл депутатлари сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилганлигини алоҳида ғурур билан таъкидлаб ўтдилар.

    Ўзини, ўзлигини англаган одам йўқки, аёлни эъзозламаса. Айни дамда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Фидойилиги, қобилияти билан барчани ҳайратга солаётган аёллар сафи эса муттасил равишда кенгайиб бормоқда. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва таъсирини ошириш сўнгги тўрт йилда барча давлат дастурларининг устувор йўналишлари сифатида киритиб борилмоқда. Бугун республика давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1400 га яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда. Уларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда.

    Айни пайтда эса, кенг жамоатчиликнинг эътиборидаги яна бир масала бир қатор туманларда аёллар ҳоким сифатида иш бошланаётганидир. Албатта, тарихда бўлмаган бундай эволюцион ўзгаришга муносабат турлича бўлиши табиий. Аммо барча соҳаларда етукликка эришиб келаётган опа-сингилларимиз бу борада ҳам чинакам Тўмарислар авлоди эканини амалда намойиш қилишади. Буюк бобокалонимиз Амир Темур бир-неча йиллик сафарларда бўлган пайтларида салтанат барқарорлигини таъминлашга Бибихонимнинг қўшган ҳиссасини эслатсак, фикримиз янада асосланади

    Президентимиз жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Бу эса ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган, аммо ўз ғояси ва ташаббусига эга аёллар ҳаёти фаровонлиги ошишида яна бир муҳим йўналиш бўлади. 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига ажратилган 100 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит яна минглаб қизлар ва аёллар учун янги иш ўринлари яратишга замин бўлди.
    Аёлга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром – бу аввало оилага, жамият келажагига, Ватан тақдирига бўлган чексиз эътибор ифодасидир.

    Миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлдан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Ўзбекдаги: “Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади”, деган ҳикмат бежиз эмас.

    Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ўз шеърларида аёлни буюк хилқат сифатида эътироф этган.

    Дунёга келтирдинг онамcан,

    Мен учун тенги йўқ оламcан.

    Ёритдинг ҳамиша йўлимни,

    Cевикли қизимcан боламcан.

    Бормикан cендайин иболи,

    Ўзбекнинг фаришта аёли.

    Cен озод замонга етишдинг,

    Ҳур, обод давронга етишдинг.

    Фарзандлар юлдуздек парвона

    Минг йиллик армонга етишдинг.

    Ўзингсан Ватаннинг жамоли,

    Ўзбекнинг фаришта аёли.

    Шундай экан, бошимизда тож бўлиб, хонадонларимизни нурга тўлдириб бизнинг ҳаққимизга тўхтовсиз дуоларни қилиб турган волидаи меҳрибонларимизни, опа-сингиларимиз, аёлимиз ва қизларимизни дилларини шод қилиб, хизматларида бардавом бўлиб, уларни ғанимат билиб эъзозлашимиз ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозим.

    Бўри ҚОДИРОВ,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи,

    тарих фанлари номзоди, доцент

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates