Унда вазирлик вакиллари, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ва Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси масъуллари иштирок этди.
Учрашувда Хитой томонига республикада чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, чиқинди морфологияси, ҳажми ва ёниш даражаси ҳамда соҳада инвесторларга яратилаётган қулай шароит ва кафолатли имтиёзлар ҳақида умумий маълумотлар келтирилди.
Ўз навбатида, ҳамкорлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига ижобий баҳо бериб, компания муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини таъкидлади.
Учрашув давомида Хитой делегацияси вакиллари чиқиндиларни бошқаришда Вьетнам тажрибаси билан бўлишиб, чиқиндиларни ёқиш орқали энергия олиш масалаларига тўхталиб ўтди. Шу ўринда, юртимизда ҳам Вьетнам тажрибасидан келиб чиқиб, қурилиш ва фаолият юритиш учун 30 йиллик инвестиция муддати таклиф этилди.
Якунда меҳмонлар Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ва Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси фаолияти билан таништирилди.
Шу билан бирга, Хитой делегацияси вакилларини Бухоро, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги чиқинди полигонлари ҳамда оқова сув тозалаш иншоотлари фаолияти билан яқиндан таништириш режалаштирилган, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун, «China Everbright Environment Group Limited» қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқувчи заводларнинг энг йирик етказиб берувчиси ва Хитойда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришнинг интеграциялашган тизимлари етакчи ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Катта тажриба ва илғор технологияларга эга бўлган компания қаттиқ маиший чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи ҳамда оқова сувларни қайта ишловчи замонавий корхоналарга сармоя киритади, қуради ва улардан фойдаланади.