Озиқ-овқат хавфсизлиги Барқарор ривожланишда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари

    Жаҳон иқтисодиёти глобаллашуви, турли инқирозлар, жумладан, пандемиялар, табиий офатлар ҳамда геосиёсий муаммолар мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эҳтиёжини кескин оширмоқда. Бундай шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳар бир давлат учун стратегик аҳамият касб этмоқда.

    Ўзбекистон учун ҳам ушбу масала устувор аҳамиятга эга. У мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, давлат томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар таҳлилига ўтишдан олдин, аввало, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир стратегик ҳужжатларда бу борада белгиланган мақсадларга тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида айни йўналишда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш мақсади белгиланган. Ушбу мақсад доирасида бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5000 долларга, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт қийматини йилига 10 миллиард долларга, ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50, ғалла бўйича 80-85 центнерга етказиш, аграр соҳага жами 15 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш, ҳудудларда 2,5 миллион тонна қувватга эга 100 та янги агрологистика маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини 1 миллиард долларга олиб чиқиш каби устувор вазифалар режалаштирилган.

    Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида юқори авлодли ва хорижий давлатлардан олиб келинган уруғларни экиш, интенсив технологиялардан фойдаланган ҳолда экинлар парваришини йўлга қўйиш орқали бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5000 долларга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, 500 минг гектар ерда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига 2-2,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, чорвачиликда йиллик ўсиш суръатини камида 3,8 фоизга етказиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,2 баробар, экспорт ҳажмини 1,5 баробар ошириш каби мақсадлар ўрин олган.

    Стратегия ва аграр тармоқни замон талабларига мос ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар асосида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, аграр секторни диверсификация қилиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва агрологистика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанатни сақлаш, ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ҳамда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

    Президентимизнинг 2024 йил 16 февралдаги “Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улушини камайтириш бўйича аниқ стратегик мақсад белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, ушбу кўрсаткични 2023 йилдаги 2,5 фоиздан 2030 йилгача 1,5 фоизгача пасайтириш режалаштирилган.

    Бу кўрсаткич нафақат аҳоли саломатлиги ва турмуш даражасини ошириш, балки мамлакатда барқарор озиқ-овқат тизимини шакллантириш, ишлаб чиқариш, таъминот ва истеъмол занжирларини яхшилаш орқали умумий иқтисодий барқарорликка эришиш мақсадини ҳам ўзида мужассам этади. Ушбу мақсадга эришиш доирасида мамлакатда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, аграр кластер ва кооперация тизимларини жорий этиш, шунингдек, томорқа хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу орқали озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ички бозорни маҳсулот билан барқарор -таъминлаш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш каби вазифалар бажарилмоқда.

    Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган тизимли сиёсат натижасида ички бозордаги озиқ-овқат таъминоти барқарорлашуви билан бирга экспорт салоҳияти ҳам изчил ортмоқда. Мева-сабзавотчилик, полизчилик ва узумчилик йўналишларида рақобатбардош, юқори сифатли маҳсулотлар етиштиришга эришилмоқда. Айниқса, ташқи бозорда талаб юқори органик ва қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми йилдан йилга ўсиб бораётир.

    Миллий иқтисодиётнинг экспортга алоқадорлиги ошмоқда

    Маълумотларга кўра, 2023 йилда иқтисодиётда банд бўлган 14 миллион кишининг 24 фоизи, яъни 3,4 миллиони қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги тармоғининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 19,2 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса ушбу соҳа нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки аҳоли бандлигини ошириш ва экспорт орқали валюта тушумини кўпайтиришда ҳам муҳим ўрин тутаётганини англатади.

    Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, кластер ва кооперация тизимларини жорий этиш, замонавий агротехнологияларни кенг қўллаш, шунингдек, томорқа хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифатини оширишга эришилмоқда.

    Бу чора-тадбирлар орқали аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш баробарида, маҳсулотлар импортини қисқартириш ва миллий озиқ-овқат тизимини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

    2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ва хизматларининг умумий қиймати 36,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 3,1 фоиз ўсган. Ушбу ўсиш, аввало, соҳани рақамлаштириш, кластер тизими кенг жорий этилиши ва экспортбоп маҳсулот етиштиришга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.

    Айни пайтда Ўзбекистон 180 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини 80 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. Бу эса миллий агросаноат маҳсулотларига халқаро талаб ортиб бораётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон озиқ-овқат бозоридаги мавқеи босқичма-босқич мустаҳкамланаётганини кўрсатади.

    2024 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти 2,2 миллиард долларни ташкил этиб, мамлакат умумий экспорт ҳажмининг 8,1 фоизига тенг бўлди. Шу билан бирга, ушбу турдаги импорт қиймати 3,7 миллиард долларни ташкил этиб, умумий импортда 9,5 фоиз улушни эгаллади. Бу эса ҳозирги шароитда ҳали-ҳамон озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг муайян қисми ташқи бозорлар орқали қондирилаётгани, шу боис, ушбу жабҳада ички ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш зарурлигини кўрсатади.

    Ўтган йили Ўзбекистон 2036,2 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилди. Бу 2023 йилга нисбатан 15,8 фоиз кўп. Мева-сабзавот экспортининг умумий қиймати 1549,5 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 31,2 фоиз кўпроқдир. Ушбу ўсиш суръати мамлакатнинг аграр секторида ишлаб чиқариш кўлами кенгайгани ва экспорт салоҳияти яхшиланганини кўрсатади. Шунингдек, бу маҳсулотлар Ўзбекистоннинг жами экспортида 5,8 фоиз улушни ташкил этган.

    Мева-сабзавотлар экспортининг сезиларли ўсиши Ўзбекистон халқаро бозордаги ўрни мустаҳкамлаётгани ва миллий иқтисодиётимизнинг экспортга алоқадорлиги ошаётганини кўрсатади.

    2025 йилда қабул қилинган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага алоқадор ҳуқуқий муносабатларнинг асосини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишни кучайтириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва миллий иқтисодиётда озиқ-овқат тармоғининг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.

    Шу билан бирга, мазкур қонун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали мамлакатнинг озиқ-овқат секторини глобал бозорларга интеграция қилиш, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқариш ва сифат назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

    Ўзбекистон ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорлиги мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишга қаратилган стратегик саъй-ҳаракатларининг муҳим қисмидир. Ушбу ҳамкорлик ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда Ўзбекистоннинг миллий сиёсати ва амалиётига мослаштириш орқали амалга оширилмоқда.

    Хусусан, Самарқандда ўтказилган халқаро конференциялар жараёнида ривожланган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги самарали тажрибаси кузатилган ва Ўзбекистон учун уларни ўз шароитига мослаштириш йўллари муҳокама қилинган. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини ҳамда мамлакатнинг мустаҳкам позициясини намоён этмоқда.

    Ўзбекистондаги ислоҳотлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади. Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тўйинганликни ошириш ва барқарор қишлоқ хўжалигини тарғиб қилиш мақсадига мувофиқ. Ушбу мақсадга қаратилган чора-тадбирлар, ўз навбатида, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини ва узоқ муддатда иқтисодий ривожланишни таъминлашга ёрдам бермоқда.

    Айни йўналишдаги уч муҳим ислоҳот

    Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Биринчидан, анъанавий тарзда пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган айрим ер майдонлари қисқартирилиб, ўрнига сабзавот, дуккакли ва полиз экинларини етиштиришга устувор аҳамият қаратиляпти. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, маҳаллий бозорлардаги танқисликни бартараф этиш ва аҳоли таъминотини яхшилашга хизмат қилмоқда.

    Иккинчидан, қишлоқ хўжалигида кластер ва кооперация тизимлари жорий этилиши қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширди. 2025 йилда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, бу озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан.

    Учинчидан, томорқа хўжаликларига давлат томонидан имтиёзли кредит ва субсидиялар берилмоқда. Бу эса аҳолининг ўз ерида маҳсулот етиштириши ва маҳаллий бозорларни бойитишига имкон бермоқда.

    Бундан ташқари, инновацион ечимлар ва замонавий технологиялар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, блокчейн технологиясининг жорий этилиши маҳсулотлар сифатини назорат қилиш ва таъминот занжирини шаффофлаштиришда самара бермоқда.

    Шу билан бирга, агрологистика тизимини такомиллаштириш, сақлаш иншоотларини модернизация қилиш орқали маҳсулот йўқотишларини камайтиришга эришилмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини таъминлаш даражасини сезиларли равишда оширди ва импортга қарамликни камайтирди.

    Сифат ва хавфсизлик

    Озиқ-овқат хавфсизлиги миқдордан ташқари сифат ва хавфсизликка ҳам боғлиқ. Ўзбекистонда бу борада норматив-ҳуқуқий база мустаҳкамланган, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига доир нормалар юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир. Санитария, ветеринария ва фитосанитария қоидаларига риоя этиш -қатъий назорат қилинади.

    Озиқ-овқат саноати соҳасида хатарларни таҳлил қилиш сифатида тавсифланган HACCP (Хавфли таҳлил ва кескин назорат нуқталари) ва GHP тизимлари озиқ-овқат ишлаб чиқаришда жорий қилинган бўлиб, маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари озиқ-овқат сифати устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда фаоллик кўрсатмоқда.

    Тўғри овқатланишга эътибор кучайтирилиб, давлат томонидан тарғибот кампаниялари юритилмоқда. Бу йилга мўлжалланган давлат дастурида аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғиботни кучайтириш вазифаси белгиланганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Ўз навбатида, бу жиҳатлар аҳолининг тўғри овқатланиш борасидаги билимини оширмоқда, саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олишга хизмат қиляпти.

    Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қатор муҳим масалалар мавжуд.

    Биринчидан, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

    Иккинчидан, глобал инқирозлар — пандемия ва иқтисодий ноустуворлик, жаҳон иқтисодий тебранишлари озиқ-овқат таъминотига хавф туғдиради. Ўзбекистон бу хавфларни камайтириш мақсадида захиралар яратиш ва импортга қарамликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрмоқда.

    Озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши аҳоли даромадига таъсир қилиб, иқтисодий барқарорликни бузиши мумкин. Давлат имтиёзли кредит ва нархлар мониторинги орқали нархлар барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

    Камбағаллик даражаси ҳам катта муаммо — 2025 йилда камбағалликни аниқлаш ва озиқ-овқат таъминотига эришишнинг иқтисодий қулайлигини ошириш вазифаси долзарб бўлиб турибди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида илмий тадқиқотлар ва малакали кадрлар етишмаслиги ривожланишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг учун самарали ўқитиш ва тренинг дастурлари талаб этилади.

    Хулоса ўрнида

    Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом озиқланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясини амалга оширмоқда. Ушбу стратегия аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун ресурслардан самарали фойдаланишни назарда тутади. Сувдан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш ва ер унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат етиштиришни кўпайтириш шулар жумласидан.

    Шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвестициялар орқали қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва экспортни икки баробар ошириш режалаштирилган. Халқаро ташкилотлар, хусусан, ФАО билан ҳамкорликни кучайтириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

    Аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича тарғибот ишлари ўтказиш, шунингдек, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим масалалардан. Бундан ташқари, рақамли технологиялар ва инновациялардан кенг фойдаланиш озиқ-овқат таъминоти занжири самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

    Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида муҳим ютуқларга эришган. Шу билан бирга, бу йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш ва глобал иқтисодий ўзгаришларга тайёргарлик кўриш учун давомли саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш муҳим вазифаларимиздан биридир. Шу ўринда қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, маҳсулотлар ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва аграр секторни ривожлантириш билан бирга, халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳам муҳим.

    Мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва халқаро алоқалар Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишини таъминлашда янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

    Искандар ЎРОҚБОЕВ,

    Барқарор ривожланиш маркази эксперти