Бу ҳеч бир фуқаро давлат эътибори, ғамхўрлигидан четда қолмаётгани, ёлғиз кексалар, етим болалар, ногиронлар, умуман, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож барча қатлами моддий ва маънавий қўллаб-қувватланаётганида яққол кўриниб турибди.
Ижтимоий ҳимоя жамиятда барқарорлик ва адолатни таъминлашнинг муҳим асоси. Унинг мутлақо янги тизими яратилгани, ижтимоий ёрдамларнинг аниқ, мақсадли ва манзилли бўлаётгани одамларнинг бу борадаги ислоҳотларга ишончи, умидини орттирди. Ота-она меҳрига муҳтож, ногирон ва етим болалар билан ишлашда янги тизим жорий этилди.
Ҳар қандай тизим ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, албатта. Жумладан, ижтимоий ҳимоянинг янги тизими устида ҳам узоқ ишланди, атрофлича ўрганишлар қилинди. Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуслари бунда бирламчи аҳамият касб этди. Чунончи, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимотида, видеоселектор йиғилишларида Президентимиз тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзилли ва натижадорлигини таъминлаш зарурлигини қайта-қайта таъкидлайди. Шу йилнинг 19 ноябрь куни камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланди.
Бундай ғамхўрлик ҳеч бир даврда бўлмаган. Яқин-яқингача ҳам одамлар ижтимоий ҳимоя дейилганда арзимаган нафақа пулини тушунарди. Аслида, бу ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида ёндашишда кўринади. Шу маънода, ижтимоий ҳимоянинг янги тизими маҳалла даражасига туширилгани эзгу ишлардан бўлди. Уйма-уй юриш, оилаларнинг ижтимоий портретини чизиш тажрибаси, албатта, самара бермай қўймайди. Энг муҳими, кимга ижтимоий ёрдам кўрсатилиши керак, деган саволларга тизимли жавоб бериляпти.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам мамлакатимиз ижтимоий соҳасини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, бир сўз билан айтганда, профессионал ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилган. Ана шу мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, соҳадаги бир йиллик силжишларни кузатдик.
Ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрнини ҳис этяпти
Икки фарзанди билан бева қолган бир танишимга қариндошлар, қўни-қўшнилар анча пайтгача ёрдам бериб турди. Бироқ ҳамманинг ўз ташвиши бўлганидек, аста-секин ёрдамлар камайди. Ҳозир жувон ўзининг ҳолидан доимий хабар оладиган беминнат ёрдамчи — “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига суяниб кун кўряпти. Энди аввалгидек яқинларининг қўлига хижолатли қараб турмайди. Озиқ-овқат, кийим-кечакдан қийналмаяпти, бошқа эҳтиёжлар учун ёрдам пули ҳам тайин. Оёққа туриб олгунича кўмак керак эди унга.
Юқорида айтганимиздек, ижтимоий ҳимоянинг маҳаллага туширилгани ислоҳотлар халқнинг ичига киришига хизмат қиляпти. Ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрни борлигини ҳис қила бошлади. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёрдамга муҳтожларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда асосий таянч нуқтага айланди. Моддий, маънавий қийинчиликларга дуч келганлар бу ердан нажот топиши мумкинлигига ишоняпти. Зеро, улар ён-атрофидагиларнинг муаммолари инсонийлик билан ҳал этилаётганини кўриб, хулоса қиляпти.
Ҳар бир вилоят ва туман марказида “Инсон” марказлари ташкил этилиб, замонавий инфратузилма, техник база ва малакали мутахассислар билан таъминланди. 208 та туман (шаҳар)даги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан хизмат ва ёрдам кўрсатиш юзасидан юборилган 8 миллиондан ортиқ ариза кўриб чиқилди.
Камбағал оилаларни аниқлаш мақсадида 1,5 миллион оила сўровномадан ўтказилиб, 739 минг оила муаммолари асосида “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиб, “Камбағал оилалар” реестрига киритилди. Қарийб 2 миллионга яқин ижтимоий хизмат кўрсатилиши натижасида 400 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилди.
156 минг бола мактабгача таълимга имтиёзли қабул қилингани эса тизимда қамров даражасини оширишга хизмат қилди. 2,1 минг ёш грант асосида олий таълимга ўқишга киргани ҳолда ўзлаштириши юқори бўлган 308 талабага ҳам олийгоҳ гранти тақдим этилди. 4,1 минг талабага контракт тўлови тўлаб берилгани, “қизил” тоифадаги оилаларнинг “аъло” баҳоларга ўқиётган 68 талаба қизига махсус стипендия тайинлангани энг хайрли ишлардан бўлди.
“Қўлдан берганга қуш тўймас”, дейди халқимиз. Шундан келиб чиқиб, камбағал оилаларни доимий даромад билан таъминлаш учун 2,6 минг оилага қуёш панели, 500 та оилага дўкон қуриб берилди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ўғил-қизларни парваришлашга муҳтож 35,5 минг киши янги турдаги ижтимоий ва тиббий хизматлар билан қамраб олинди. 141 минг шахс санаторийларда соғломлаштирилди. 2,7 миллион фуқаро бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ота-онасиз болаларнинг бошини силаш ҳам халқимизнинг азалий қадрияти. Ўтиб бораётган йилда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, уй-жойга муҳтож 1962 бола уй-жой билан таъминлангани бу қадриятнинг амалий ифодаси бўлди. “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ёрдам кўрсатилган муҳтож шахслар тоифаси кенгайтирилганини рақамлардан ҳам билиш мумкин. Зеро, 2024 йилда 74,1 минг шахсга 101 миллиард сўм, 2025 йилда эса 56,6 минг кишига 100 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу ўринда яқиндагина Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида яна бир муҳим янгилик жорий этилганини айтиб ўтиш ўринли. 16 декабрдан “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали ажратилаётган ёрдамлар “Узум маркет” электрон савдо майдончаси орқали ҳам кўрсатила бошланди. Унга кўра, фуқаролар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шакллантирилган ваучерлар (промокодлар) орқали мобил иловадан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа энг зарур маҳсулотларни харид қилиши мумкин.
Ижтимоий суғуртадан қандай манфаатдорлик бор?
— Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари изчил такомиллашиб бораётгани шу йил 9 декабрь куни давлатимиз раҳбари имзолаган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонунда яна бир бор ўз исботини топди. Қонун фуқароларни ишсизлик ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳолатларида ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағаллик хавфини камайтириш ҳамда тадбиркорлар учун нафақа тўловлари бўйича ортиқча юкламани енгиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Унинг асосида Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан тўлаб бериладиган нафақа турлари ҳамда уларнинг кучга кириш муддатлари белгиланди. Янги тизим орқали бюджет ташкилотларида ишловчи 2,2 миллионга яқин, хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллиондан кўпроқ, якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи, ўзини ўзи банд қилган ҳамда норасмий секторда ишлаётган 7 миллиондан ортиқ фуқаронинг ижтимоий кафолатлари таъминланадиган бўлди.
— Халқаро тажриба ва ривожланган давлатлар амалиёти кўрсатадики, аҳолининг ижтимоий суғуртага жалб этилиши кўплаб мамлакатларда қонун даражасида мустаҳкамланган. Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳада ҳуқуқий асосларни кучайтириш орқали бир неча муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, фуқаролар оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолишининг олдини олиш, камбағаллик хавфини камайтириш, ижтимоий суғурта билан қамровни кенгайтириш ва расмий бандликни рағбатлантириш кўзда тутилган, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги юридик бўлими бош мутахассиси Фарҳод Худоёров. — Ижтимоий суғурта тизимини халқаро стандартларга мос равишда босқичма-босқич такомиллаштириш мақсад қилинган. Қонунга кўра, уч турдаги — ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшаш нафақалари эндиликда давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланади. Бу жараён Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида ташкил этилган Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан амалга оширилади. Демак, меҳнат шаклидан қатъи назар, барча иш берувчиларда фаолият юритаётган ходимлар ушбу нафақалардан тенг асосда фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Аввал айрим нафақалар ҳам иш берувчилар томонидан тўлаб келинган бўлса, эндиликда улар фақат Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади. Бу тизимнинг шаффофлигини, адолатлилигини оширади ва ягона тартибда ишлашини таъминлайди.
Қонунга мувофиқ, фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан икки йўл орқали қамраб олинади: мажбурий ва ихтиёрий. Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлар, жисмоний ёки юридик шахсларга фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида хизмат кўрсатадиган ёки иш бажарадиган шахслар мажбурий суғуртага жалб этилади. Ихтиёрий суғурта билан эса ўзини ўзи банд қилган шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритаётган фуқаролар, чет элда ёлланиб ишлаётган шахслар, деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчилар, уларнинг аъзолари, томорқа хўжалигида ишловчилар, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари ва бошқа тоифадаги фуқаролар қамраб олинади.
Мажбурий суғурта бўйича ходимлар даромад солиғининг муайян қисми суғурта бадали сифатида жамғармага йўналтирилади. Ушбу бадалнинг аниқ миқдори қонун билан белгиланади. Ихтиёрий суғуртага қўшилган фуқаролар эса ҳар ой минимал суғурта бадалини тўлайди. Минимал бадал миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 фоизи этиб белгиланган.
Қонуннинг яна бир муҳим мақсади хусусий секторда ишловчиларга тўланадиган нафақалар бўйича тадбиркорлар зиммасидаги ортиқча молиявий юкни камайтиришдир. Олдин ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақаси, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ёки бошқа тўловлар айрим ҳолларда иш берувчилар томонидан қоплаб келинар эди. Эндиликда улар тўлиқ Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан тўланади. Бу эса тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратади. Жумладан, аёлларни ишга қабул қилиш бўйича хавотирлар камаяди, ҳомиладорлик ва туғуруқ давридаги тўловлар тадбиркорга юк бўлмайди, ортиқча харажатлар камайгани сабабли маҳсулот таннархи пасаяди, рақобатбардош ва арзонроқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришга имкон яратилади.
Умуман олганда, бу ёндашув тадбиркорлик субъектлари учун қўллаб-қувватловчи механизм бўлиб хизмат қилади ва уларнинг иқтисодий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Иқтисодий барқарорлик эса ўз-ўзидан халқнинг фаровонлигига дахлдор.
Давлат ва жамият ўртасида ишонч кўприги
Кенжа фарзандида аутизм касаллиги аниқланган аёл боласининг юра олмаслиги, гапирмаслиги сабаб уйдан чиқа олмай қолди. Болага алоҳида парвариш зарурлигидан ҳатто уй ишларига ҳам улгуриб бўлмайди баъзан. Мадори қолмаганида шўрлик лоақал бир кун кимдир унга ёрдам беришини жуда-жуда хоҳлайди. Маҳалладаги ижтимоий ходимнинг кўмаги билан бола кундузги парваришлаш марказига юборилгач, аёл қаддини тиклай бошлайди. Марказда барча шароит муҳайё, кўнгли хотиржам. Бола яхшигина ўзгарди. Онаси билан уйда ёлғиз қолганида зерикиб, инжиқлик қилиб, уни азоблашлари ортда қолди. Энди акалари, бошқа болалар билан ҳам ўйнайди. Ҳар қандай муҳитга кўникади. Она эса уй ишларидан ортиб, цехда тикувчилик ҳам қилади. Оила бюджетига ҳисса қўшаётгани, асосийси, фарзанди жамиятга мослашаётгани учун ижтимоий ходимдан мингдан минг рози.
Бунинг барчаси адолатли тизим асосида амалга ошаётганини аёлга тушунтирган Нигора Бобоқулова Олот туманидаги Жайҳунобод маҳалласида яшовчи 3 мингдан зиёд оилага хизмат қиляпти. Унинг республикамиз бўйлаб барча ҳамкасблари давлат ва жамият ўртасида ишонч кўприги вазифасини бажариши қатъий назоратда. Одамларнинг қийин ҳаётий шароитларини енгиллаштириш, мушкул аҳволда қолганларга кўмак бериш, аввало, ижтимоий ходимларга боғлиқ. Зиммаларида маҳаллада туриб муаммони кўриш, таҳлил қилиш ва ҳар бир шахс эҳтиёжидан келиб чиқиб ечим излашдек масъулиятли вазифа бор. “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танлови эса фидойиларни кашф этади. Тест синовларидан ташқари фаолиятидаги яхши кейс тақдимоти, маҳаллада амалга оширган кичик ижтимоий лойиҳалари уларга муносиб баҳо беради. Қолаверса, “Сall марказ” ёрдамида оилалар билан боғланиб, кейслар самарадорлигига, ижтимоий ходим фаолиятига баҳо берилиши сўралади.
Кейс шахс (оила)нинг муайян ижтимоий муаммосини ҳал этишга қаратилган хизматларни ташкил этиш жараёни бўлиб, агар оиланинг муаммоси енгилроқ бўлса, ижтимоий ходимнинг ўзи уларга зарур ёрдамни беради. Оғир ҳаётий вазият сифатида баҳоланган кейслар “e-case” электрон модули ёрдамида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига йўналтирилади. Жорий йилда
100 мингга яқин кейс очилганидан ҳам билиш мумкинки, янгича ишлаш кутилган натижани беряпти. Бу тизим, шунингдек, ижтимоий ходим ишининг режалилиги, аниқлиги ва ҳисобдорликка асосланишини таъминлаши билан ҳам аҳамиятли.
Халқнинг дардига дармонлик саодати
Жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, республикамиз бўйича ижтимоий нафақа олувчилар сони 715 минг 463 нафарни ташкил этган бўлса, уларнинг 167 минг 838 таси ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар нафақаси олувчилар. Кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати сабаб бугун уларнинг аксарияти эмин-эркин тарзда жамиятга қўшилиб боряпти. Айни шу ёш тоифасидаги болалар орасидан инклюзив таълим натижасида иқтидорли ўқувчилар, моҳир спортчилар, турли касб-ҳунар эгалари кашф этиляпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, хусусан, ногирон болалар ва ёшларни меҳнат бозорига самарали интеграция қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда касбга ўргатиш ва хорижий тилларни ўқитишга қаратилган қатор лойиҳалар ишга тушган. Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб махсус мактабларда 550 ўқувчини қамраб олган 25 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Хоразм, Андижон, Наманган вилоятларида касб-ҳунар устахоналари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада ушбу вилоятларда 5 турдаги ўқув курслари йўлга қўйилди.
Тадбиркорларга ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилгани учун бир марталик субсидия ажратиляпти. Кўплаб корхона ва ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахслар фаолият юритаётганини кўриб хурсанд бўласан киши. Бу жамиятда ҳамма тенглиги, инсон қадри улуғлигидан далолат.
Дарвоқе, халқимизга янада яқинлашиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “1070 ёрдам” тезкор боти ишга тушди. Энди муҳим ижтимоий хизматлар, мурожаатлар ва маълумотлар — барчаси битта кичик иловада жамланди. Илованинг “Хизматлар” бўлимида фуқаро Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали аризаси ҳолатини текшириши, нафақалар тури ва шартлари ҳақида маълумот олиши, ногиронлик бўйича қайта кўриб чиқиш жараёнини кузатиши, “Камбағаллик реестри” орқали рўйхатга киритилганини билиши мумкин. Мутасаддиларнинг айтишича, тез орада санаторий йўналиши ҳам ишга тушади. Мақсад — ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймаслик, одамларнинг қимматли вақтини тежаш, инсонийликнинг замонавий шаклларини ҳаётга татбиқ этиш. Зеро, ҳар бир шахс бунга муносиб.
Айни пайтда энг чекка ҳудудлардаги оддий одамлар ҳам энди ижтимоий давлатда яшаётганини, шу маънода, ижтимоий ҳимоя олишга ҳақли эканини тушуниб етаётган экан, бу йўлда ташлаётган ҳар бир қадамимиз аниқ, манзилли ва натижадор бўлиши шарт ва зарур.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








