Бадиий таълимнинг ҳудудлааро узвийлиги

    Фикр 15 декабр 2025 388

    Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти республикамизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳаларида олий маълумотли, етук, малакали мутахассис кадрлар тайёрлайдиган ягона, етакчи бадиий таълим муассасаси ҳисобланади.

    Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш ва жаҳон миқёсида оммалаштириш, истеъдодли ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш, бадиий таълим соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш ҳамда янги замонавий технологияларни қўллаган ҳолда креатив лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида институтимизда илмий-ижодий ва педагогик фаолият олиб бораётган 16 нафар Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиклари, Ўзбекистон халқ рассомларининг илмий мактаблари мавжуд бўлиб, уларнинг шогирдлари ўз ижодий асарлари билан бугунги кунда юртимиз шаҳарсозлигини янада кўркамроқ қилишда ва эстетик жиҳатдан кўрк беришда хизмат қилмоқда.

    Уларнинг ижодий асарлари орқали хорижда кўплаб кўргазмаларнинг ташкил этилиши натижасида Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати халқаро даражада юртимиз имиджини оширишда хизмат қилмоқда.

    Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари юртимизнинг ҳар бир вилоятида мавжуд бўлиб, бугунги кунда ушбу мактабларда ёш, иқтидор эгалари яратилган шароитлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда, таълим-тарбия олишмоқда. Мактаб ўқувчиларига тасвирий ва амалий санъат тарихи, дизайннинг замонавий усуллари тўғрисида академик таълим ҳамда инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда бадиий таълим сабоқлари соҳа мутахассислари томонидан етарлича бериб келинаётганлиги аҳамиятлидир.

    Шуниси қувонарлики, ушбу санъат мактабларида бизнинг олий таълим даргоҳини тамомлаган битирувчиларимиз устоз-шогирд ижодий мактабини давом эттириш мақсадида, ўзларининг педагоглик фаолиятларини олиб бормоқдалар.

    Ўтган ҳафта мобайнида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таълим бераётган, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиклари, Ўзбекистон халқ рассомлари ҳамда бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар вилоятлардаги санъат-мактаб интернатларида бўлишиб, мактаб ўқувчилари билан таълим узвийлигини таъминлаш мақсадида учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказиб қайтдилар. Мазкур очиқ мулоқотларда етук соҳа вакиллари билан мактаб ўқувчилари ўзлари қизиқтирган барча саволларга тўлиқ жавоб олдилар. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг таълим йўналишлари, талабалар учун яратилган шароитлар, айниқса кейинги йилларда бадиий таълимга Давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганлиги - тақдимотлар ва видеороликлар орқали мактаб ўқувчиларига тушунтириб берилди. Шунингдек, ушбу учрашувлар мобайнида мактаб ўқувчилари томонидан яратилган ижодий ишлар танлови ўтказилиб, соҳанинг етук мутахассислари томонидан баҳоланди. Мактаб ўқувчиларига ташаккурномалар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

    Дарҳақиқат, олий таълим даргоҳининг муҳим устувор вазифаларини белгилашда, таълим сифати, илмий салоҳият, ўқув дастурлар, халқаро тажриба, назария ва амалиётнинг узвийлиги, битирувчиларнинг иш билан бандлигини таъминлаш муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, алоҳида иқтидор талаб қиладиган олий таълим даргоҳи ўзининг бўлажак талабалари билан яқиндан танишмоғи, уларнинг ижодий қобилиятларини олдиндан баҳолай олиши, келгусида таълим дастурларининг қайси жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишида долзарбдир. Бу эса маданий меросни сақлашда, уни ўзига хос тарғиб қилишда, маданий инвестицияларни жалб этиш имкониятларини ҳам оширади. Ўқувчилар учрашувлар давомида ўзларининг ижодий салоҳиятларини соҳа мутахассиларига кўрсатиб беришлари, келажакда бадиий таълимнинг қайси йўналишини танлашлари, келгусида танлайдиган касбига янада пухта тайёрланишлари кераклигини англадилар. Шунингдек, ўқувчиларга институтнинг ишлаб чиқариш ташкилотлари билан олиб бораётган ижодий лойиҳалари тўғрисида ҳам тақдимотлар намойиш этилди.

    Юртимизда миллатнинг асрий анъаналарини замонавий қарашлар билан уйғунлаштирган ушбу соҳа кейинги йилларда айниқса тараққий этиб келмоқда. Айниқса, охирги саккиз йилликда барча соҳаларда бўлгани каби ўзбек тасвирий ва амалий санъати ҳам Давлат Раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги асосида янги ривожланиш даврига кириб бормоқда.

    Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, интилишларига шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланган.

    Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти сингари таълим масканларининг илмий, ижодий ва маданий юксалиши учун мустаҳкам пойдевор, истиқболли тараққиёт дастури сифатида муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Институтнинг профессор-ўқитувчилари ва жамоаси мазкур вазифани янада юксак масъулият билан бажаришга тайёрдир. Зероки, бу даргоҳ нафақат юртимизда, балки бутун минтақада бадиий таълим, дизайн, музейшунослик ва санъатшунослик соҳаларида етакчи илмий-ижодий марказга айланмоқда. Шундай экан, бадиий таълимнинг ривожлантиришда ҳудудлараро узвийлик соҳа таълим сифатини ошишида муҳим аҳамият касб этиши табиийдир.

    Омонулла САЛИХОВ,

    Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн

    институти ректори