Қадимий кентимиз 2200 йиллик шонли тарихида ҳеч қачон бундай юксак мақом ва камолотга эришмаган, десак асло муболаға бўлмайди. Булар шунчаки баландпарвоз гап ёки субъектив мулоҳаза эмас, балки аниқ рақамлар ва кузатишлар билан тасдиқланган таҳлил натижалари. Бу таҳлилларни тўлиқ англаш учун пойтахт ҳаётининг охирги 30 йиллик ривожланиш босқичига назар солиш кифоя.
Биргина мисол: пойтахт учун энг оғир муаммо уй-жой билан таъминлаш эди. Бу масала узоқ йиллар давомида ечилмай қолиб, одамларни чарчатаётганди. Шу маънода, 2016-2024 йилларда Тошкентда 120 мингдан ортиқ янги хонадон фойдаланишга топширилгани янгиланишлар кўламининг ўзига хос ифодаси бўлди.
Ушбу ўзгаришлар фақат қурилиш билан чекланиб қолмади. Пойтахтнинг иқтисодий муҳити ҳам тубдан янгиланди. Масалан, Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми бир пайтлар 37 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 252 триллион сўмга етди. Эътиборлиси, йил якунига қадар ушбу рақам 344 триллион сўмдан ошиши кутилмоқда. Умуман олганда, сўнгги тўққиз йилда 9,2 баробар ўсиш қайд этилди. Бу эса шунчаки иқтисодий ўсиш эмас, балки пойтахт аҳлининг ҳаёти аввалгидан 9,2 карра яхшиланганидан далолат беради.
Куни кеча Президентимиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Юнусобод туманига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари туманда барпо этилган йирик қувватли когенерация станцияси фаолияти билан танишди. Шунингдек, Президентимизга куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича қилинган ишлар ва иссиқлик марказларини ривожлантириш, Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш, пойтахтда ободонлаштириш ишларини такомиллаштириш бўйича тақдимотлар қилинди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва муносиб яшаш шароитини яратиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда, аввало, пойтахтда бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Сўнгги йилларда шаҳарда улкан ўзгаришлар рўй бергани таъкидланди. “2026 йил Тошкент шаҳри учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили бўлади. Бу ғояни рўёбга чиқариш бўйича катта дастур амалга оширилади”, деди Президентимиз.
Йиғилишда пойтахт аҳолиси учун манфаатли жуда катта янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, пойтахт туманларини 3 йўналишда ривожлантириб, 2026 йилда 9 миллиард доллар, икки йилда 20 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритилиши белгиланди. Шу билан бирга, масъулларга қатор топшириқ ва вазифалар берилди.
Бугун пойтахтда 75 та мактаб ва шунча боғча, 23 та спорт объектига эҳтиёж бор. Айни пайтда болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамрови 81,2 фоиз. Президентимиз берган топшириқлар ижроси таъминланса, бу кўрсаткич 100 фоизга чиқади.
Энди туман ҳокимлари ўзи маблағ жалб қилиб, ҳар йили биттадан мактаб, боғча ва спорт объектини қуриши, қолган 15 тадан мактаб ва боғча ҳамда 11 та спорт объекти инвестиция дастури доирасида қуриб берилиши белгиланди.
Жорий йилдан Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактабда таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси” бошланган. Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришига қараб ўқитувчиларга 20 миллион сўмгача маош тўланяпти. Бу жараёнда 7-11-синфдаги 1500 ўқувчи сараланиб, ахборот технологиялари, тиббиёт, бизнес, муҳандислик каби йўналишларда ўқитилмоқда. Давлатимиз раҳбари мазкур тажриба қамровини кенгайтириб, бундай мактаблар сонини келгуси йили 24 тага, 2027 йилда эса 33 тага етказиш вазифасини берди.
Тирбандлик масаласи бугун пойтахтимиз аҳолисини қийнаб келаётган яна бир муаммо. Тирбандликни қисқартириш — ҳаво сифати яхшиланиши, шовқин камайиши, хавфсизлик ошиши ва “яшил” шаҳарни шакллантиришнинг самарали воситасидир.
Кейинги йилларда жамоат транспорти қатнови яхшиланиб, янги ва қулай автобуслар харид қилинди. Пойтахт метроси ҳам кенгайтирилиб, янги йўналишлар йўлга қўйилди. Жумладан, ер ости ва ер усти метрополитен линияларининг умумий узунлиги 70,5 километрга етказилди. Бекатлар сони 29 тадан
50 тагача етди. Метро бир кунда 900 минг йўловчига хизмат кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, автотураргоҳларни тартибга солиш, пиёдалар ҳудудини кенгайтириш, йўл ҳаракати устидан маъмурий назоратни кучайтириш чоралари кўрилмоқда. Албатта, бу каби ўзгаришлар инфратузилма яхшиланиши, жамоат транспорти ривожланиши ва интеллектуал бошқарув тизимлари жорий этилиши, энг аввало, аҳолининг тез, хавфсиз ва қулай ҳаракатланишига хизмат қилади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари бу йўналишда ҳам олдимизда ҳал этилиши зарур бўлган масалалар борлигини қайд этди ва бунга қатор ечимлар кўрсатди. Хусусан, энди йирик мегаполислар каби пойтахтимизда ҳам транспорт тизимини ягона ёндашув асосида бошқарадиган марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бу марказ ҳар бир кўча, ҳар бир чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тирбандлик ва йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан шуғулланади.
Келгуси йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчирилади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3500 та юк машинаси ва 5500 та енгил автомобиль учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади. Асосийси, бу нуқталар жамоат транспорти тармоғи билан боғланади.
Яна бир муҳим янгилик. Келгуси йилда Тошкент шаҳрида янги тизим жорий қилинади, “маҳалла еттилиги” тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтади. Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий бюджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманларга тақсимлаш ваколати берилади.
Қисқаси, Президентимиз Тошкент шаҳри бошқа шаҳар ва туманлар учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлар экан, келгуси йилда бу борада бажарилиши зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди. Уларнинг ижро этилиши янгиланиш ва ўзгаришлар марказига инсон қадри ва манфаати қўйилгани, Тошкент минтақанинг етакчи тараққиёт марказига айланишини англатади.
Дурдона РАҲИМОВА,
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари








