Пандемиядан кейинги дунё: тасаввур, фикр ва қарашлар

    Фикр 10 июл 2020 4606

    Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқалган COVID-19 вируси қисқа муддат ичида бутун дунёни қамраб олди. Инсониятнинг шу кунга келиб шаклланган ҳаёт тарзини ўзгартириб юборган ушбу касаллик жаҳон миқёсида глобал муаммога айланди. Ривожланган мамлакатлар етакчиси бўлган АҚШдек қудратли давлат вирусдан касалланганлик бўйича карвонбошилик қилаётганлигининг ўзи коронавируснинг нақадар жиддий хавф эканлигидан далолатдир. Умуман олганда, пандемия бугунги тараққиётнинг «мўрт» томонларини очиб бериш орқали бутун башарият олдида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар бисёрлигини кўрсатиб берди.

    Коронавирус пандемияси нафақат инсонлар соғлиғига хавф туғдириши, балки давлатларнинг иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётига зарар етказганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Таҳлилларга таяниб айтганда, мазкур касаллик қуйидаги айрим муаммоларни юзага келтирди:

    • Жаҳон иқтисодий инқирозининг пайдо бўлиши ҳамда унинг барча мамлакатларга кўрсатаётган салбий таъсири;
    • Глобал миқёсда ишсизликнинг авж олиши;
    • Карантин режими туфайли инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланиши.

    Жаҳон иқтисодий инқирозининг пайдо бўлиши ҳамда унинг барча мамлакатларга кўрсатаётган салбий таъсири.

    Дунё иқтисодиёти сўнгги ўн йилликда ўртача 3 фоизга ўсиб келгани ҳолда коронавирус туфайли глобал ЯИМ 3 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда. Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоботига кўра жаҳон иқтисодиёти пандемия натижасида 9 трлн. АҚШ доллари зарар кўриши мумкин[1]. Хусусан, АҚШда ЯИМ ҳажми 2020 йилнинг биринчи чорагида 4,8 фоизга камайиб, иккинчи чорагида эса ушбу кўрсаткич ҳатто 40 фоизгача етиши кутилмоқда. Шунингдек, вирус туфайли Европа Иттифоқи мамлакатларида, жумладан Франция иқтисодиётида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг катта йўқотиш қайд этилган. Коронавирус сабаб иқтисодиётда зарарнинг 1929 –1933 йиллардаги Буюк депрессия ҳамда 2008 йилда содир бўлган жаҳон иқтисодий инқирозидан анча юқори эканлиги пандемия даврининг қанча муддат давом этишини баҳолаш имконсизлиги билан изоҳланади. Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, бугунги кундаги глобал инқироз тарихда рўй берган бошқа инқирозлардан шуниси билан фарқ қиладики, пандемия туфайли бизнес харакатдан тўхтади: йирик компаниялардан тортиб кичик тадбиркорликкача барча-барчаси ўз фаолиятини чеклашга мажбур бўлди.

    Глобал миқёсда ишсизликнинг авж олиши

    Коронавирус оқибатида карантин режимининг жорий этилиши дунё аҳолисининг кундалик яшаш тарзини кескин ўзгартириб юборди. Жумладан, Oxfarm халқаро хайрия уюшмаси олиб борган тадқиқотларда маълум бўлишича, дунё бўйлаб аҳолининг даромадлари 20 фоизга қисқариши мумкин. Шунингдек, экспертлар қашшоқлар сони 500 млн. кишига етишини тахмин қилишмоқда. Бундан ташқари саноат ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги субъектларнинг номаълум муддатга ёпилиши ишсизликнинг ошиб кетишига сабаб бўлди. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020 йилнинг иккинчи ярмида жаҳонда 195 млн. киши ишсиз қолишини прогноз қилган[2]. Ҳисоботда инқироздан кичик ва ўрта корхоналар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, қочоқлар ва меҳнат мигрантлари энг кўп зарар кўриши айтиб ўтилган. АҚШ Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, апрель ойида инқироз бошлангандан бери ишсизлар сони 22 миллионга етган[3]. Айниқса авиатранспорт, туризм, чакана савдо, ресторанлар тармоғи соҳасида юз минглаб ишчилар ишдан бўшатилган.

    Карантин режими туфайли инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланиши

    Мамлакатлар томонидан карантин ҳамда ўз-ўзини изоляция қилиш тизимидан фойдаланиш вирусни бартараф қилишнинг мақбул йўли сифатида баҳоланмоқда. Бу тўғрисида Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов: «карантин молиявий харажатлар, даромадларнинг йўқотилиши нуқтаи назаридан давлатга, ҳукуматга қанчалик қимматга тушмасин, лекин шу йўл тутилмаса, оқибатдаги харажатлар ундан бир неча бор каттароқ бўлиши мумкин»[4] – деган фикрларни билдириб ўтган эди.

    Аҳоли орасида бундай тартибнинг амал қилиши инсонларнинг ҳуқуқларини маълум даражада чеклаши табиий. Давлатлар чегараларининг ёпилиши, мамлакат ичкарисида шаҳарлараро қатновларнинг бекор қилиниши, айрим давлатларда комендантлик соатининг жорий этилиши каби ҳолатлар шулар жумласидандир. Бир сўз билан айтганда, карантин туфайли ҳукуматларнинг аҳолига бўлган таъсири ҳар қачонгидан кучайган. Ушбу ҳолат объектив зарурат туфайли вужудга келган бўлсада, дунёнинг бир қатор мамлакатларида норозиликлар ортиб бормоқда. Хусусан, АҚШнинг Мичиган штатида фуқаролар жорий этилган карантинни қоралаб намойишлар ўтказишди.

    Коронавирус пандемияси дунёда муҳим ўзгаришлар олиб келаётганлиги бугунги сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. Шу муносабат билан инсоният шартли равишда дунёни пандемиягача ва ундан кейинги дунёга ажратишга мажбур бўлмоқда. Пандемиядан кейинги дунё хусусида сўз борар экан, аввало, глобаллашув жараёнларининг секинлашувига, мамлакатлар ўртасида интеграциянинг маълум маънода чекланишига гувоҳ бўламиз. Бу фикрлар тасдиғи ўлароқ, Европа Иттифоқи мамлакатлараро алоқаларни чекламоқда. Шенген ҳудудининг вақтинчалик ёпилиши пандемия тўфонидан сўнг ушбу Иттифоқнинг илгаригидек мустаҳкам бўлишини хавф остига қўяди.

    Пандемия демократиянинг юқори даражада бўлиши, аҳолининг демократик эркинликларга ҳаддан зиёд боғланиб қолганлиги ижобий тенденция эмаслигини Ғарб мамлакатлари мисолида кўрсатиб берди. Зеро, мазкур минтақада касалликнинг кескин ошиб кетганлиги АҚШ ҳамда Европа Иттифоқининг айрим давлатлари карантин режимини тўлиқ таъминлай олмаётганлигида, давлат органларининг аҳолини назорат қилишда маълум қийинчиликларга дуч келаётганлиги оқибатидир.Шу туфайли пандемия бартараф этилгач ҳукуматлар, давлат муассасаларининг аҳолига бўлган таъсири янада кучайиши жараёни кузатилади. Бу борада Гарвард университети профессори, халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Стефан Вольтнинг фикрига кўра, эпидемия даврида халқни ҳимоя қилиш учун кўрилган чоралар пандемиядан кейин ҳам давом этади ва бу нарса давлатлар мавқейини мустаҳкамлайди.

    Пандемиядан кейин дунё иқтисодиёти сезиларли ўзгаришларни бошдан кечиради. Мазкур жараённинг қандай сценарий остида кечиши борасида турли қарашлар шаклланмоқда. Бинобарин, америкалик таниқли иқтисодчи Нуриел Рубини ўз тадқиқотлари орқали эпидемия йирик иқтисодий ва геосиёсий инқирозга айланиб кетишини тахмин қилмоқда. Унинг фикрича, жаҳон иқтисодиётида узоқ давом этувчи «музлик даври» бошланади, протекционизм кучаяди. Йирик ярмаркалар, савдо марказлари ёпилади. Тадбирларнинг барчаси онлайн ўтказилади, харидлар асосан интернет орқали амалга оширилади.

    Немис иқтисодчиси Марк Шириснинг таҳлилларига кўра, пандемиядан кейин жиддий жаҳон инқирози юз бермайди. Ҳаттоки жаҳон фонд бозорлари қуласа ва иқтисодий ўсиш суръатлари кескин тушиб кетса ҳам 2008 йилдаги каби молиявий инқироз такрорланиши эҳтимоли кам. Эпидемия бартараф этилгач, транспорт коммуникациялари тикланади, жаҳон савдоси янада ривожланади. Ишлаб чиқаришда юзага келган тақчилликни бартараф қилиш мақсадида саноат бир неча баравар куч билан ишлайди

    Тарихга мурожаат қилганда 1918 - 1919 йилларда «испанка» номи билан бутун дунёда тарқалган эпидемия туфайли жаҳон иқтисодиёти маълум муддат издан чиққан эди. Халқаро валюта фондининг 2006 йилда берган ҳисоботида «испанка» XX асрнинг бошида мамлакатлар иқтисодиётнинг таназзулига сабаб бўлган. Бироқ, касаллик бартараф этилгач, қисқа муддат ичида жаҳон иқтисодиётида кескин кўтарилиш юз берган. Хусусан, АҚШда карантин жорий қилинган ҳудудларда шундай ҳолат кузатилганлиги Федерал резерв банк мутасаддилари Сержио Корреа, Стивен Лак ва Эмил Вернерлар томонидан тасдиқланди.

    Юқоридаги фикрларни таҳлил қилиб, шуни айтиш мумкинки, коронавирусдан сўнг иқтисодиётнинг илгариги ҳолатига қайтиши ҳамда янада тараққий этиши пандемиянинг қанча муддат давом этишига боғлиқ. Бунда қуйидаги тахминларни билдириб ўтиш жоиз:

    Биринчидан, касалликнинг узоқ муддат амалда бўлиши иқтисодий тузумга жиддий хавф туғдиради. Аммо иқтисодий инқироз қанчалик ташвишли бўлмасин мамлакатлар мазкур муаммоларни бартараф эта олади.

    Иккинчидан, иқтисодий ўсиш барча соҳаларда бир хилда бўлмаслиги мумкин. Масалан, даромадининг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳасига, хусусан, туризмга асосланган Испания ва Италия каби давлатларда пандемиядан кейин иқтисодиётнинг жадал суратда ривожланиши эҳтимоли кам. Бу эса тараққиётнинг давлатлар миқёсида турлича кечишини билдиради.

    Учинчидан, мамлакатлар саноатда импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5969-сон фармон асосида импорт ўрнини босувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш асослари белгиланди. Пандемия шуни кўрсатдики, товар алмашинувининг чекланиши ички бозорда маҳсулотлар танқислигига сабаб бўлади. Бинобарин, жорий йил коронавирус туфайли араб мамлакатларида озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келди. Чунки шу кунга қадар мазкур маҳсулотларнинг 90% четдан импорт қилинган.

    Пандемиядан кейинги дунёда барча соҳаларда инновацион технологияларни қўллаш авж олади. Ривожланган давлатларда мазкур жараён кўлами паст бўлсада, Осиё, Америка ва Африканинг ривожланаётган мамлакатлари давлат бошқарувида, барча муассаса ҳамда ташкилотларда, ишлаб чиқариш корхоналарида иш фаолияти электрон дастурлаш тизими асосида олиб борилади. Айрим давлатларда ушбу механизмни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, Ўзбекистонда 2020 йил 28 апрелда қабул қилинган «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4699-сон Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, давлат бошқарувида «электрон ҳукумат»ни янада ривожлантиришнинг келгусидаги истиқболли режалари белгиланди.

    Ижтимоий ҳаётда давлатлар бюджет маблағларини асосан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолини моддий қўллаб қувватлаш, ишсизлик муаммосини ҳал этиш каби соҳаларга йўналтиради. Ушбу инқироздан келиб чиқиб турли мамлакатлар, компаниялар келгусидаги хавф-хатарларни олдини олиш мақсадида илм-фанга янгича инновацион ғояларни жалб қилишга аҳамият қаратади. Илм-фанга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади.

    Хулоса қилиб айтганда, башарият янгича турмуш шароитига мослашишига тўғри келади. Шу туфайли пандемиядан кейинги ҳаётнинг ижобий томонга ўзгариши учун:

    Биринчидан, мамлакатлар келгуси давр учун ўзининг мақсадли режаларини ишлаб чиқиши лозим.

    Иккинчидан, ҳукуматлар халқ манфаатларига зид бўлмаган тарзда регуляторлик функциясини янада мустаҳкамламоғи керак.

    Учинчидан, мамлакатлар ўз фаолиятини ўзаро низоларни авж олдиришга, ҳарбий ҳаракатларни олиб боришга қаратмасдан, бевосита инсоният учун хизмат қилувчи соҳаларни тараққий эттиришга жиддий аҳамият бермоғи шарт.

    Ойбек Хидиров,

    Тошкент давлат юридик университети талабаси,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    ҳузуридаги Стратегик вa минтақалараро

    тадқиқотлар институти

    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан

    ҳамкорликда эълон қилган республика

    олий таълим муассасалари талабалари

    ва магистрантлари ўртасида ўтказган

    «Энг яхши талаба мақоласи»

    онлайн-танлов ғолиби


    [1]https://kun.uz/news/2020/05/13/xvj-jahon-iqtisodiyotini-asr-inqirozi-kutayotganini-aytgandi-vaziyat-bundan-ham-yomonroqligi-malum-boldi

    [2] https://kun.uz/news/2020/04/28/pandemiya-sababli-195-mln-kishi-ishsiz-qolishi-mumkin-bmt

    [3] https://www.amerikaovozi.com/a/unemployment-claims/5375225.html

    [4] https://www.gazeta.uz/ru/2020/04/16/finance/

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates