Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган Кумушкон ва Чашма қишлоқларига “туризм қишлоғи” мақоми берилди.
Юртимизнинг бошқа ҳудудларидан Тошкент вилоятга ташриф буюрадиган маҳаллий туристлар сони кейинги беш йилида 628 мингдан 7 миллион 500 минг нафарга, хорижий туристлар сони эса 83 мингдан 463 минг нафарга етди.
Шуни айтиш жоизки, Паркент туманидаги Кумушкон, Заркент, Сўқоқ ҳудудлари мамлакат туризм бозорида ўзининг алоҳида ўрнига эга. Уларни ривожлантириш, туристлар оқимини янада кўпайтириш хизматлар ҳажми ва даромадларни оширишга хизмат қилади.
Шу мақсадда Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Туризм қўмитаси вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Кумушкон ҳудудини ўрганиб чиқиб, туризм объектлари барпо қилиш бўйича 10 дан ортиқ инвестор билан музокара ўтказди. Кумушкон қишлоғини “Туризм қишлоғи”га айлантириш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.
Бу борада туризм соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Паркент туманида 2 та замонавий меҳмонхона, 1 та “Шоирлар уйи”, ва 33 та оилавий меҳмон уйлари ва бошқа хизмат кўрсатувчи объектлар, фойдаланишга топширилди.
Жойларда сайёҳларга қулайлик яратиш учун 7 та намунавий санитария-гигиена шохобчаси барпо этилди. Хусусан, 20 та туризм объектида Wi-Fi ҳудудлари, 8 та туристик маршрутлар қатнови йўлга қўйилди.
Туманда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 3 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 40 та янги иш ўрни яратилди. Кумушкон қишлоғида республикада биринчилардан бўлиб “Туризм қишлоғи” лойиҳаси бошланиб, бугунги кунда расмий ўз фаолиятини бошлади.
Паркент туманидаги Кумушкон ва Чашма қишлоқларига “туризм қишлоғи” мақоми берилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда юқоридаги маълумотлар берилди. Тадбирда Туризм қўмитаси вакиллари, Тошкент вилояти ва Паркент тумани ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда фаоллар иштирок этди.