Мазкур лойиҳа 2022 йилда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Корея Республикасига сафари чоғида илгари сурилган ташаббус асосида амалга оширилди, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Сафар давомида Геонгсангбук-до вилоятидаги машҳур «Andong Hahoe» фольклор қишлоғи билан танишилган ва ана шундай этно-қишлоқни Ўзбекистонда ташкил этиш таклифи билдирилган эди. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
Лойиҳанинг асосий мақсади — Паркент ҳудудининг табиий гўзалликлари ва этнографик ўзига хослигини сақлаган ҳолда туризм салоҳиятини ошириш.
Очилиш маросимида фольклор жамоалар чиқишлари, миллий либослар намойиши ва рассомларнинг тасвирий санъат кўргазмалари намоён қилинди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, жумладан Жанубий Кореянинг «MOVE» журнали ижодий гуруҳи учун Паркент бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида «Family Resort» меҳмон уйи, «Кумушкон» ҳудудидаги «Олтин бел» тепалигида қурилаётган курорт зоналари ва бошқа туризм объектлари билан танишув бўлиб ўтди.
Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, хусусан маданият, туризм ва таълим масалалари бўйича бош мутахассис Хон Жи Ён хоним ҳамда бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этди.









