180 дан ошиқ давлатни бирлаштирган ва парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамловчи бу ташкилот юбилей анжуманини айнан Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилгани нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё учун ҳам катта тарихий воқеа, десак хато бўлмайди. Зеро, Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси Марказий Осиё заминида илк бор Тошкентда ўтказилади.
1889 йилда ташкил этилган бу тузилма парламентлараро мулоқотни кучайтириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ва глобал муаммолар ечимида қонун чиқарувчи органлар ўрнини мустаҳкамлаш борасида тизимли фаолият юритиб келмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, нуфузли ташкилот томонидан нега айнан Тошкент танланди? Бу саволга жавоб бериш учун кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга назар ташлаш лозим.
Биринчидан, кейинги саккиз йилда Ўзбекистон очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат юритиб, нафақат қўшни давлатлар, балки халқаро ҳамжамият билан ҳам яқин мулоқот ўрнатишга фаол интилиб келмоқда.
Иккинчидан, Тошкент бугунгача Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Марказий Осиё давлатлари парламентлари спикерлари учрашуви, Оролни қутқариш бўйича халқаро конференция, Иқлим ўзгариши бўйича халқаро форумлар каби йирик анжуманларга муносиб мезбонлик қилди.
Учинчидан, мамлакатимиз қонун чиқарувчи органи — Олий Мажлис палаталари сўнгги йилларда турли давлатлар парламентлари билан алоқаларни кучайтириб, янги қонунчилик ташаббуслари ва демократик институтларни мустаҳкамлаш йўлида катта қадамлар қўймоқда.
Кўриниб турибдики, халқаро тадбирларни ҳар томонлама юқори савияда ўтказишда Ўзбекистон яхши тажриба тўплади. Шу боис, Парламентлараро Иттифоқ нуфузли йиғинини айнан Тошкентда ўтказишни мақсад қилган, десак муболаға бўлмайди. Айтиш керакки, бу нафақат юртимизга билдирилган ишонч, балки Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликда тобора муҳим ўрин эгаллаётганидан далолатдир.
Ушбу йирик тадбир мамлакатимиз учун бир нечта стратегик имконият тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
Хусусан, тадбир бутун дунёдан юқори мартабали меҳмонлар, шу жумладан, парламент спикерлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, етакчи сиёсатчиларни бир стол атрофида жамлайди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги нуфузини янада мустаҳкамлаш учун қулай имкониятдир.
Шунингдек, ассамблея доирасида кўплаб икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда. Ўз навбатида, бу мамлакатимизга қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, мазкур йўналишда тажриба алмашиш учун қулай имконият яратади.
Бундан ташқари, нуфузли тадбирга ташриф буюрувчи меҳмонлар нафақат сиёсий, балки иқтисодий мулоқотларда ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. Бу жиҳат юртимизнинг инвестициявий муҳити ва иқтисодий ислоҳотларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга йўл очади.
Ассамблея кун тартибидаги масалалар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.
«Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусида ўтказиладиган ассамблеянинг туркум йиғилишларида қатор долзарб масалалар муҳокама қилиниши белгиланган.
Хусусан, меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва камбағалликнинг асл сабаблари билан курашиш чоралари муҳокама қилинади. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш масаласи ҳам кун тартибида бўлади.
Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилади. Зеро, қонун устуворлигисиз мустаҳкам тараққиётга эришиш мушкул. Бугун дунёда коррупция, суд тизимидаги муаммолар ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо тизимининг заифлиги тараққиётга тўсиқ бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, анжуманда адолатли суд тизимини шакллантириш, давлат бошқарувида шаффофликни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича халқаро тажрибалар ўрганилади.
Парламентлараро учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар ва уларнинг амалий самараси ҳам муҳокама қилинади.
Қобил ТУРСУНОВ,
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари