Йил сайин Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини яна-да ошириш ва мустаҳкамлашда, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда Парламентлараро иттифоқ муҳим платформа вазифасини ўтаб келяпти.
Мамлакатни барқарор ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда конструктив мулоқот давом эттирилиб, яқин ҳамкорлик ривожланиб боряпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентлараро иттифоқнинг юбилей 150-ассамблеясини 2025 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиш ҳақидаги ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватлангани жаҳон ҳамжамияти томонидан муҳим воқеа сифатида эътироф этилмоқда.
Мулоқот давомида Ассамблеяда 180 та мамлакат, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2 мингга яқин делегатларнинг иштироки кутилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Ассамблея доирасида хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига бағишланган махсус тадбирни ўтказиш кўзда тутиляпти.
Ушбу махсус тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг бу борада эришган улкан ютуқлари, 2025 йилда ПИнинг парламентлар аёл аъзолари форумининг 40 йиллиги, хотин-қизлар ҳолати бўйича Пекин декларацияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги кун тартибининг 25 йиллиги билан изоҳланади.
Мулоқот якунида ушбу тадбирга пухта тайёргарлик кўриш борасида ишчи гуруҳ йиғилишларини доимий равишда ўтказиб боришга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.