Пиллачилик ва қоракўлчилик: имконият, натижа ва истиқбол

    2020 йилда тармоқ корхоналари томонидан 76,5 миллион доллар (йиллик прогноз 73,8 млн долл.) миқдорида ипак маҳсулотлари экспорт қилинди.

    2021 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасида мазкур соҳалардаги халқаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

    Тадбирда Қўмита раҳбарияти, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари, консуллари ва савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилар, кластерларга аъзо бўлган ипак, қоракўл тери ва жунни қайта ишлаш ишлаш корхоналари вакиллари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирдан кўзланган мақсад – ипакчилик ва қоракўлчилик соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу соҳаларнинг инвестицион ва экспорт салоҳияти тақдимотини ўтказишдан иборат бўлди.

    Таъкидланганидек, Ўзбекистон ипак ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Хитой ва Ҳиндистондан кейин дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Шу жиҳатдан ипак валюта тушумларининг ишончли манбаи ҳисобланади. Соҳадан олинаётган ҳосилнинг 70 фоизи хом-ашё, қуритилган пилла, ипак калава ва мато кўринишида Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Россия каби мамлакатларга экспорт қилинади. Бундан ташқари, пиллачилик қишлоқ жойларидаги кўплаб оилалар бандлигини таъминлайди. Шу жиҳатдан мазкур соҳа инвестициялар учун жозибадор тармоқ ҳисобланади.

    Президентимизнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда пиллачилик соҳасида бошланган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижасини бермоқда.

    Пандемия сабабли бутун дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, хорижий ҳамкорлар билан йўлга қўйилган самарали алоқалар натижасида, 2020 йилда тармоқ корхоналари томонидан 76,5 миллион доллар (йиллик прогноз 73,8 млн долл.) миқдорида ипак маҳсулотлари экспорт қилинди.

    Ўз навбатида, қоракўлчилик ҳам экспорт ва инвестициялар нуқтаи назаридан жуда салоҳиятли соҳа ҳисобланади. Ўзбекистонда соҳа ривожига давлат даражасида берилаётган эътибор туфайли қоракўлчиликда ҳам салмоқли натижаларга эришиляпти. Хусусан, 2020 йилда олиб борилган наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этилиши натижасида 15 минг бош юқори наслли қоракўл зотли қўйлар тайёрланиб, аҳоли ва фермер хўжаликларига етказиб берилди.

    Қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича соҳа ривожланган Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида йилига 200-250 минг дона қоракўл ва қўй терисини чуқур қайта ишловчи замонавий корхоналарни ташкил этиш ишлари якунланмоқда.

    Шунингдек, йиғилишда 2021 йилда пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, қоракўлчиликда 15 минг тонна жун, 608 минг дона қоракўл тери, 6 минг тонна ип калава ишлаб чиқарилиши, 281 та янги корхона ташкил этиш режалаштирилган.

    Пиллачилик соҳасида ҳам 2021 йилда «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ипак маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми 86,6 миллион АҚШ долларини ташкил этиши, 935,7 минг дона тайёр ипакли маҳсулот, 9154,7 минг п.м ипак мато ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

    Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда мазкур соҳалардаги инвестицион ва экспорт имкониятлари бўйича батафсил маълумот берилди. Иштирокчилар ушбу тармоқларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишиб олдилар.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates