Поп мурувват уйида ногиронлиги бор эркаклар учун шароитлар қандай?

    Ижтимоий ҳаёт 3 декабр 2022 2089

    Агар йўлингиз тушиб, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига борсангиз, у ерда яшаётган кишилар билан суҳбатлашгач, ҳаёт ҳақидаги қарашларингиз, тасаввурларингиз буткул ўзгаради.

    Тўғриси, эркак зоти кучли, ҳимоячи, оила қўрғонининг устуни сифатида яратилган. Аммо тақдирнинг турфа синов ва зарбалари туфайли уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтожлик сезсачи? Беморлар руҳан ва жисмонан бошқаларнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд бўлса, атрофдаги соғлом фикрли одамлар доимо кўмакка шай туришлари шарт ва зарур. Чунки бу сизу бизнинг инсоний бурчимиздир.

    Наманган вилояти, Поп туманининг Марғизор қишлоғида жойлашган «Мурувват уйи» 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, 1988 йилда янги бинога кўчирилган эди. Ушбу «Мурувват уйи»да айни пайтда 320 нафар руҳий хаста ногирон эркак истиқомат қилади. Уларнинг яшаши ва дам олиши учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ақлий жиҳатдан имконияти чекланган фуқаролар мавсумга мослаб тўлиқ кийим-бош, иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, мазкур масканда ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Муассаса биноси атрофида яшнаб турган турфа гуллар баҳри дилингизни очади.

    Шу ўринда ногиронликни келтириб чиқарувчи сабаблар хусусида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Яъни ота-онанинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши, ичкиликбозлик, кашандалик, анемия (камқонлик) ва авитаминоз (витаминлар танқислиги) билан ҳомиладор аёлнинг оғриши, жинсий йўллар билан юқувчи турли инфекциялар оқибати ҳамда яқин қариндош-уруғларнинг оила қуриши, вояга етмаган ёшларнинг фарзанд кўриши, ирсий хасталиклар, ота-онанинг турли кимёвий моддалар билан заҳарланиши ҳамда онанинг ҳомиладорлик даврида турли юқумли касалликлар асоратини бошидан кечириши ва ҳоказо.

    «Мурувват уйи»дан қўним топган беморлар йилда икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрик (диспансеризация)дан ўтказилади, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштирилади. «Мурувват уйи»да ногиронларга жами 243 нафар ишчи-ходим, шулардан 9 нафар шифокор, 48 нафар ўрта тиббиёт ходими, 127 нафар кичик тиббиёт ходими сидқидилдан, беғараз хизмат кўрсатишмоқда.

    – Ҳаёт имтиҳонида синалаётган инсонларга зимдан боқиб, ўзимизга ато этилган неъматларга ҳамиша шукур қиламиз, – дейди Поп «Мурувват» ногиронлиги бўлганларга мўлжалланган эркаклар интернат уйи директори, «Дўстлик» ордени соҳибаси Моҳиниса Марипова. – Ногиронлиги бор шахслар учун барча қулайликларга эга 6 та ётоқ бўлими, даволаш бўлими, спорт майдончаси ва замонавий спорт зали, 200 ўринли ёзги ва қишки ошхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси мунтазам ишлаб турибди. Васийликка олинганларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳар ойда бир марта туман маданият саройи санъаткорлари томонидан кўнгилочар кечалар уюштирилади.

    Ногиронлар ўртасида хасталикларга чалинишнинг олдини олиш, соғломлаштириш мақсадида Поп тумани тиббиёт бирлашмасининг малакали тор доирадаги мутахассислари иштирокида йилда икки марта диспансер кўригидан, бир маротаба Наманган вилоят силга қарши курашиш диспансери мутахассислари томонидан кўчма рақамли флюорография аппарати орқали барча ногиронлар тўлиқ флюорографик текширувдан ўтказилади. Васийликдагиларнинг барчасига баҳор ва куз ойларида режали равишда умумий қувватлантирувчи, анемиянинг олдини олувчи, гельминтозга қарши даво муолажалари олиб борилмоқда.

    Ўзбекистон Президентининг «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисидаги» 2021 йил 25 мартдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида муассасада бир қатор ишлар амалга оширилди. Кутубхона очилиб жиҳозланди, 2 дона компьютер билан таъминланди, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 210 дона 3100.0 сўмлик адабий ва бадиий китоблар билан бойитилди. Муассаса шаҳар марказидан узоқда жойлашганлиги боис интернет тармоғига уланмаган эди. Ҳозирда шиша толали кабель тортилиб, интернет тармоғи ишга туширилди.

    Яна бир муҳим жиҳатларидан бири давлатимиз раҳбарлигида 2021 йилнинг 6 март кунида «Саховат» ва «Мурувват» уйлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, муассасага вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Президент совғаси сифатида «Дамас» автомашинаси ва ISUZU автобусини тақдим этди.

    - Масканимизда овқатланиш хизматини аутсорсинг хизматига ўтказиш танловига асосан “Mukammal Muruvvat Lux” МЧЖ ғолиб деб топилганди ва бир йил мобайнида самарали фаолият олиб бормоқда. Таомлари мазали ва қувватбахш, - дейди «Мурувват уйи» директори ўринбосари Фурқат Мамажонов. - Ёрдамчи хўжалигимизда чорвачилик йўлга қўйилган. Қолаверса, муассаса ҳудудида 30 сотих майдонда 22 туп лимон кўчати парваришланмоқда. Яқинда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Республика маънавият ва маърифат маркази Поп туман бўлими ҳамда мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари ташаббуси билан «Маданиятчилар боғи» ташкил этилди ва 150 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

    Халқимизда «Яхшилик қил, дарёга сол, балиқ билади. Балиқ билмаса, Холиқ билади», деган мақол бор. «Мурувват уйи»да фаолият юритаётганлар бу мақол замирида улкан маъно яширинганини дилдан ҳис этишади. Хулоса қилиб айтганда, Попдаги ногиронлиги бўлган эркаклар «Мурувват уйи» бугун ана шундай савобли, беминнат маконга айланган.

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates