Президент: Бу кўприк ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир

    Ҳукумат 29 феврал 2024 4357

    Президент Шавкат Мирзиёев 29 февраль куни Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

    Давлатимиз раҳбари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.

    Бу улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоотдир. Президентимиз бу ҳақдаги ташаббусни 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган эди. Шундан сўнг пухта лойиҳа ишлаб чиқилиб, катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари унинг қурилишини икки бор келиб кўрди.

    Бугун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти фаоллари иштирокида янги кўприкнинг тантанали очилиш маросими бўлди.

    Президент дастлаб поездда ва автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди. Жамоатчилик иштирокидаги йиғилишда бу лойиҳанинг самарадорлиги, аҳоли ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлади.

    – Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Кўприк қурилган жой юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири. Шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келар эди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди.

    Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.

    Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади.

    Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.

    Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.

    Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

    Шунингдек, Қораўзак конларидан тош энди поездларда ташилиши ҳисобига Оробўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобиль йўллари сифатли сақланади. Бундан ҳам аҳоли, ҳам тадбиркор ва туристлар катта манфаат топади.

    – Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин, – деди Президент.

    Давлатимиз раҳбари оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

    Хусусан, бу йил Бухоро – Урганч – Хива, келгуси йилдан Мискин – Нукус темир йўли электрлаштирилади. Натижада Хива ҳамда Нукус шаҳарларига тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига бориб-келиши осонлашади. Бу лойиҳалар ҳисобидан транспорт харажатлари 2 баробар қисқариб, йўловчи ташиш 30 фоизга ошади.

    Умуман, бундай йирик лойиҳалар Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг иқтисодий салоҳияти ошиши, инвестициялар оқими ва иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ўсишига хизмат қилади.

    Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу тарихий бир воқеа муносабати билан барчани табриклаб, Оролбўйи ривожига эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates