Президент мактабларидаги муҳит, методика бошқа мактабларга ҳам олиб кирилади

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2022 йил 19 январь сонида Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари Ҳилола Умарованинг "Президент мактаблардаги муҳит, методика бошқа мактабларга ҳам олиб кирилади" номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Мамлакат тараққиёти кўп жиҳатдан истеъдодли болаларни саралаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмак бера оладиган таълим тизимини яратишга боғлиқ.

    Президентимиз 2018 йили Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида “Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак”, деган эди. Ана шундай эзгу ният ва мақсадлар натижаси сифатида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Бу мактабларни соҳа мутахассислари ва экспертлар мамлакат таълим тизими локомотиви деб баҳоламоқда.

    Куни кеча Президентимиз раислигида мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ихтисослаштирилган мактаблар қамровини кенгайтириш, таълим сифатини ошириш масалалари жиддий муҳокама қилинди.

    Шунингдек, ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчиларнинг қабул қилиниши, мазкур жараённи тубдан такомиллаштириш, халқаро стандартлар талабига жавоб берадиган ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, амалиётга йўналтирилган таълим жараёнини ташкил этиш, ўқитувчилар малакасини халқаро стандартлар асосида ошириш, халқаро сертификатлаш тизими, ўқитувчиларни ишга қабул қилишда саралаш жараёнини танлов асосида ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

    Ушбу вазифалар ижроси юзасидан доимий ишчи гуруҳ тузиш белгиланди. У юртимиздаги 790 та мактабни Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказиш учун мавжуд ҳолатни ўрганади. Хусусан, мактаблар биноси, қуввати, малакали педагог-кадрлар билан таъминлангани, микроҳудудга бириктирилгани каби масалалар ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, хулоса ва таклифлар тақдим этилади.

    2019 йилда юртимизда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бор эди. Президентимизнинг аниқ фанлар ва хорижий тилларни ўргатишга оид ташаббуси, қабул қилган қарорлари натижасида математика ва физика фанлари бўйича 126 та, кимё-биология бўйича 87 та, ахборот технологиялари йўналишида 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди. Биргина Президент таълим муассасалари агентлиги қошида бугун 14 та Президент мактаби, 3 та ихтисослашган, 9 та ижод мактаби фаолият юритмоқда.

    Давлатимиз раҳбари йиғилишда “Бу агентликни фақат 14 та мактаб учун тузганимиз йўқ. У Президент мактабларидаги муҳитни, методикани бошқа мактабларга ҳам олиб кириши керак”, деди. Шу боис, янги ўқув йилидан бошлаб, вилоят марказларидан, йирик шаҳар ва туманлардан иккитадан, кичик туман ва шаҳарлардан биттадан ихтисослашган мактаб Халқ таълими вазирлигидан Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилиши ва агентлик тизимида фаолият олиб бораётган ихтисослаштирилган мактаблар юртимиздаги бошқа ихтисослаштирилган мактаблар учун локомотив вазифасини бажариши белгилаб берилди. Бунда махсус ишчи гуруҳ томонидан ҳозирги мавжуд ҳолат тўлиқ ўрганилади ва уларнинг тавсияси ҳамда хулосаси асосида ихтисослаштирилган мактаблар босқичмабосқич агентлик тасарруфига ўтказилади.

    Бу мактабларда муайян фанлар ихтисослаштирилган ҳолда чуқур ўқитилади. Ўқув ишлари ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан уйғун олиб борилади. Бу эса юртимиз учун соҳанинг етук мутахассислари, илм-фанни юксалтиришга ҳисса қўшадиган иқтидорли олимлар етишиб чиқишига хизмат қилади.

    Таълим даражаси, аввало, ўқитувчининг билими ва малакасига боғлиқ. Шу боис, ихтисослаштирилган мактабларга раҳбар ва педагоглар икки босқичли танлов асосида қабул қилинади. Йиғилишда Президент таълим муассасалари агентлигига ушбу тизим асосида юқори малакали ўқитувчиларни жамлаб, қўшимча ўқитиш, миллий ва халқаро сертификатлар олишига кўмаклашиш топширилди.

    Агентликнинг Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази негизида илмий марказ ташкил этиш вазифаси берилди. У ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бир йўналиши бўйича халқаро методика асосида илғор таълим дастурлари ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

    Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш икки босқичли танлов асосида бўлади. Биринчи босқичда ўқитувчиларнинг билим ва маҳорати синовдан ўтказилади.

    Иккинчи босқичда, ёзги таътилда ихтисослаштирилган мактабларда фаолият олиб борадиган педагоглар учун икки ҳафталик курслар ташкил этилади. Уларга Президент таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган маҳаллий ва хорижлик ўқитувчилар, агентлик тизимидаги учта ихтисослаштирилган мактабнинг тренер ўқитувчилари жалб этилади. Тренинг сўнгида синовлардан муваффақиятли ўтган педагоглар ишга қабул қилиш учун тавсия этилади.

    Агентлик томонидан хориж тажрибаси ўрганилган ҳолда ихтисослаштирилган мактаблар учун интеграциялашган таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Биз бунда АҚШ, Россия, Австралия сингари давлатларнинг таълим дастурлари, International Baccalaureate, SAT каби имтиҳонлар, PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари мазмунини таҳлил қилиб, миллий таълим дастурининг энг афзал томонлари билан уйғунлаштирдик. Бугун мазкур таълим дастурларини халқаро даражада тан олиш учун UK NARIC халқаро ташкилоти билан музокаралар олиб боряпмиз. Мазкур дастурлар янги ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактабларда жорий қилинади.

    Аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаблар учун Ал-Хоразмий мактаби локомотив вазифасини ўтайди. Мазкур мактаб IT соҳасига йўналтирилган бўлиб, бу ерда математика, информатика, физика фанлари чуқурлаштириб ўқитилади. Табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабларга Абу Али ибн Сино мактаби етакчи бўлиб хизмат қилади.

    Ихтисослаштирилган мактабларда чет тили ва Ўзбекистон тарихи фанини ўқитишга, ўқувчиларни, аввало, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади. Ёшларда миллий ғурурни шакллантириш устувор вазифамиз саналади. Бунинг учун ихтисослик фанлар билан бир қаторда Ўзбекистон тарихи фанини чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, фарзандларимизни жисмонан етук ва баркамол этиб вояга етказиш мақсадида Миллий гвардия билан биргаликда от спорти, камондан ўқ отиш каби миллий спорт турлари бўйича турли танловлар ўтказилади.

    Агентлигимиз Cambridge Assessment International Education билан ҳамкорликда Президент мактабларига кириш имтиҳонларини ташкил этади. Ихтисослаштирилган мактабларга қабул жараёнини эса агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда Кембриж таълим ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этиш кўзда тутилган.

    Кириш имтиҳонларида йўналишидан келиб чиқиб, аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактабларга математика, инглиз тили ва мантиқий фикрлаш фанларидан, табиий фанлар йўналишида эса биология, чет тили ва мантиқий фикрлаш фанларидан имтиҳон олинади.

    Ихтисослаштирилган мактабларга энг иқтидорли ўқувчилар қабул қилинади. Мазкур мактабларда янги баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Якуний имтиҳонлар агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази томонидан марказлашган ҳолда ташкил этилади. Шунингдек, ихтисослаштирилган мактаблар учун мўлжалланган таълим дастурларини халқаро даражада тан олиш учун тегишли ташкилотларга тақдим этганмиз. Бу мазкур мактаблар битирувчиларининг халқаро олий таълим муассасаларига ўқишга киришида устунлик беради.

    Ихтисослаштирилган таълим қамровини кенгайтириш ўқитиш тизимида юксалишнинг янги босқичини бошлаб беради. Бундай муассасаларда билим олган ёшлар мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб шаклланиши шубҳасиз. Таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Буларнинг барчаси халқ таълими соҳасини ривожлантириш ҳамма вақт давлат сиёсатининг ажралмас қисми бўлиши кераклигини кўрсатмоқда.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates