Коронавирус касаллиги юртимизга кириб келганидан бери давлатимиз раҳбари эпидемиологик ҳолатни жиддий назоратга олиб, деярли ҳар бир йиғилишда бу масалага тўхталиб ўтмоқда. Кеча бўлиб ўтган селекторда ҳам жойларда бу борадаги ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилган эди. Уларнинг ҳозирги мураккаб вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани, хавфни тушуниб етмаётгани аёнлашди.
Айниқса, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ишониб топширилган ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмаган, деди бугунги йиғилишда давлатимиз раҳбари. “Тиббиёт муассасаларидаги реал вазиятни билмайди. Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаган.”
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.
Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаяпти. Дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилган, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳри шифохоналарида 418 та, Тошкент вилоятида эса 816 та штат бирликлари бўш тургани вазирлик ва ҳокимият томонидан жорий вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан далолат беради.
Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлмоқда. Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетган.
Вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4 минг 92 тани ва Тошкент вилоятида 1 минг 498 тани ташкил этмоқда. Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 фоизи деганидир. Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган.
Президент бундай ачинарли ҳолатлар аҳолининг ҳақли шикоят ва эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади.
Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан “пастга тушиб” мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.
Республика махсус комиссиясига бу икки ҳудудда коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш кўрсатмаси берилди. Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.
Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилди.
Зангиота туманида яқинда иш бошлаган шифохонадаги жой сонини яна 1000 ўринга кўпайтириш топшириғи берилди.
Пойтахтимизда дори-дармон етказилиши ва нархи барқарорлигини таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва колл-центрлар ишини самарали ташкил этиш, COVID-19 билан ишлаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касаллар учун қўшимча ўринлар ташкил этиш, шунингдек, карантин ҳудудларидаги шахсларни уй карантинига босқичма-босқич ўтказиш масалалари кўриб чиқилди, зарур чоралар белгиланди.
Аҳолидан мурожаатлар сони кескин ортиб бораётганини ҳисобга олиб, колл-центрлар алоқа воситалари ва операторлари сонини камида икки баробарга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Ҳозирги синовли вазиятда кундалик эҳтиёж моллари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли бўлиши, нархлари асоссиз ошиб кетмаслиги жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга бу масалани қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Пандемияга қарши курашиш, карантин қоидаларига амал қилиш, ижтимоий масофани сақлашнинг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу борада қилинаётган кундалик ишларни холис ва тезкор ёритиш муҳимлиги таъкидланди.
Коронавирус касаллигини даволаш билан боғлиқ барча жараёнларга, жумладан, Тошкент шаҳридаги ишларга масъуллар бириктирилди.
– Яна бир бор таъкидлайман. Айни пайтда бутун дунё, шу жумладан, биз ҳам кўринмас душман билан чин маънода уруш олиб боряпмиз. Бу вируснинг барча хавф ва хатарини тўғри баҳолаб, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб курашсак, уни албатта енгамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.