Президент Янгиҳаёт туманидаги фармацевтика корхонасида бўлди

    Ҳукумат 25 июн 2021 7746

    Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги «Dentafill Plyus» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

    Бу корхона 2019 йилда ишга туширилган. Швейцария, Германия, Туркия, Хитой, Япония, Малайзия ва Жанубий Кореядан энг замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Бугун бу ерда 20 дан ортиқ фармакологик гуруҳга мансуб 172 дан зиёд дори воситаси ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қувват 60 миллион дона.

    Президент корхона ишлаб чиқарилган дори воситаларини кўздан кечирди.

    - Фармацевтика бўйича катта имкониятларимиз бўла туриб, бундан фойдаланилмас эди. Ҳозиргача катта харажатлар эвазига четдан дори-дармон олиб келиняпти. Шунинг учун биз заминни мустаҳкам қилаяпмиз. Аввало, кадрлар тайёрлаш, инновацияларни жорий қилиш, илмни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Энди ишлаб чиқариш ҳам сифатли бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.

    Бу корхонага Фармацевтика институти талабаларини жалб этиб, назарияни амалиёт билан мутаносиб олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

    Корхонада Европанинг етакчи компаниялари, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти ва Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу маҳсулотларнинг турини кўпайтириш ва сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Масъулияти чекланган жамиятда маҳаллийлаштириш даражаси 65 фоизга етган. Швейцариянинг BFS технологияси асосида инъекцион препаратларни полимер ампулаларда ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Латекс хомашёсидан жарроҳлик қўлқопларини ишлаб чиқариш технологияси ҳам ўзлаштирилди. Корхонада 360 киши иш билан таъминланган.

    Йилига 25 миллион дона дори воситалари Кувайт, Россия, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

    Ҳозир дунёда табиий гиёҳлардан тайёрланган дориларга талаб ортмоқда. Корхонада юртимизда ўсадиган доривор ўсимликларни экстракция қилиш, улардан турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш устида ҳам изланишлар олиб борилмоқда.

    Президентимизга Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион фармацевтика кластери қурилишининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.

    Шунингдек, давлатимиз раҳбари журналистлар билан мулоқот қилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates