Қарийб 5,5 млрд. сўмлик пиротехника воситаси ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

    Маълумотларга кўра, Фарғонада 2 млн. 137 минг дона, Тошкент шаҳрида 1 млн. 514 минг дона, Қашқадарёда 920 минг дона, Сирдарёда 825,9 минг дона, Сурхондарёда 791,3 минг дона, Андижонда 519 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмаси олди олинган.

    АОКАда ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари в.б. Ҳусан Тангриев тизимда пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди:

    Янги йил яқинлашган сайин пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи дунё бўйлаб авж олади. Бу каби воситаларни Ўзбекистон Республикасига ноқонуний олиб кирилиши ва муомалага киритилиши ҳолатлари ҳам кўплаб кузатилмоқда.

    Таҳлилларга кўра, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг 16 декабрь ҳолатига кўра, йил бошидан буён ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига доир 123 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

    Натижада, қиймати салкам 5,5 млрд. сўмлик 7 млн. 435 минг донадан зиёд пиротехника воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилган. Мазкур кўрсаткич яъни олиб қўйилган пиротехника буюмларининг миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 фоизга ошган.

    Жумладан, Фарғонада 2 млн 137 минг дона, Тошкент шаҳрида 1 млн 514 минг дона, Қашқадарёда 920 минг дона, Сирдарёда 825,9 минг дона, Сурхондарёда 791,3 минг дона, Андижонда 519 минг дона пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмаси олди олинган.

    2022 йил 16 декабрь ҳолатига кўра, аниқланган божхона қонун бузилишларининг 24 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек ҳозирги кунда божхона органлари суриштирувчилари томонидан 30 та ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 724-сон қарори билан хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратилиши, ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, ташилиши, реализация қилиниши, сотиб олиниши, сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланди.