Қайғу ва шодлик орасидаги масофа

    Журналист халқи хоҳласа, бир саҳифалик мақолани бир соатда  кўнгилдагидек ёзиб ташлаши, баъзан уч қоғозлик мақолани ҳафталаб ҳам ёза олмаслиги  мумкин. Фарғоналик Ҳамидахон  билан суҳбатимиздан сўнг менда ҳам шундай ҳолат юз берди.

    Ҳамидахон Абдуллаева эндигина 31 ёшда. Унинг турмушга чиққанидан кейинги ёшлиги ва бахтини ўғирлаган аянчли тақдир, ижара уйларда кечган машаққатли йиллари, турмуш ўртоғининг оғир хасталик туфайли эрта вафоти, бошпанасизликдан хорижга иш излаб кетиши, йўлига кўз тикиб қолган фарзандларининг мунгли нигоҳию ҳеч кутилмаганда ҳаётига кириб келган янги замон нафаси қуршовидаги кенг имконият ва ёруғ кунлар қувончи ҳақида ёзишнинг салмоғи мен учун оғир бўлди. Мураккаб тақдир ва аччиқ қисматни қоғозда акс эттириш анчайин қийин кечди.

    “Болам, уйга қайт, сен учун янги уй қуриляпти”

    — Ўз бошпанам бўлишини ва у ерда ­оилам билан баҳамжиҳат яшашни орзу қилганман. Ҳаётимнинг деярли 10 йили ижара уйларда ўтди. 2023 йил охирида Қўштепа туман ҳокимлиги ташаббуси ва ёрдами билан чоғроққина ҳовли қуриб берилди. Мен бу вақтда хорижда оғир меҳнат қилиб юргандим. Онам қўнғироқ қилиб, “Болам, уйга қайт, сен ва болаларинг учун янги уй қуриляпти”, деганида, тўғриси, ишонмадим. Юртимга қайтиб, янги ва шинам ҳовлига кириб келар эканман, бўғзимга нимадир тиқилиб, йиғлаб юбордим. Ахир сира кутмагандим, ишонмагандим-да. Янги йилни илк бора фарзандларим ва яқинларим билан ўз уйимда кутиб олдим. Бу тушимми, ўнгимми, ҳалиям ишонгим келмайди. Турмушда ва ишда мен каби қийналиб қолган аёллар учун беминнат ёрдам бераётган, рўшнолик улашаётган, жамики эзгуликлар бошида турган Президентимизнинг бу ғамхўрлиги ҳаётга бўлган муҳаббатимни оширди, жамиятда ўрним борлигини эслатди, демак, мен бахтлиман.

    Фаровон яшаш кафолати

    Ҳар бир кўргуликнинг ажри бор, деган сўзлар бежиз айтилмаган. Чиндан ҳам ўз уйига эга бўлган инсон хотиржам яшайди, ишида унум, рўзғорида барака бўлади. “Ўз уйинг — ўлан тўшагинг” деган халқ мақоли ҳам бежиз айтилмаган. Чоғроққина бўлса-да, ўз уйида эркин яшаб, ҳалол ризқини оиласи даврасида ҳузур билан баҳам кўраётганлар, аслида, дунёдаги энг бахтиёр одамлардир. Бошпанаси йўқ, ижарада яшаётган кишиларнинг эса еганида ҳузур, уйқусида ҳаловат бўлмайди, ички безовталикда юради.

    — Мамлакатимизда давлат томонидан хотин-қизларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, молиявий қўллаб-қувватлаш борасида қатор имкониятлар берилмоқдаки, бу уларнинг тинч ва фаровон яшашига муҳим бир кафолатдир, — дейди Қўштепа тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Марямхон Йўлдошева. — Президентимиз ташаббуси билан “Аёллар дафтари” ташкил этилгани эса, аслида, Ҳамидахон каби ишсиз, бошпанасиз, ҳимояга муҳтож аёлларга нурли ва ёрқин бир йўл бўлади. Маҳалланинг ўрганишлари ва туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан Ҳамида Абдуллаева 2023 йилнинг бошида “Аёллар дафтари”га киритилди. Аммо мазкур дафтарнинг маблағи сарфланмаган ҳолда, 4-сектор ва ҳомийлар ёрдамида отаси томорқасидан ажратилган бир сотихли ерда 65 миллион сўмлик маблағ эвазига ҳовли-жой қурилиб, Ҳамидахон ва икки нафар вояга етмаган фарзанди учун топширилди. Аслида, бу юртимизда хотин-қизлар учун яратилаётган шароиту имкониятларнинг бир кўриниши, холос.

    Ҳамидахоннинг ўзга юртларда тортган азобию нам, ёмғирли кунларда картошка-сабзи терганлари, аёл боши билан 40 килолик қопларни кўтариб, улкан машиналарга ортгани, уй олиш ниятида бир сўм бўлса ҳам жамғариб, оч-наҳор юрганлари ҳақидаги ҳикояларини тинглар эканман, баъзи бир хорижда ишлайман, деб енгил ҳаётни касб қилиб олган қизларга Ҳамиданинг аччиқ қисматини унинг тилидан, бир сўз қўшмай баён қилишни ихтиёр этдим...

    “Бахтга чўмдим, аммо тўймадим”

    — Болалигим бошқа болаларникидек шўх-шодон, ўйин-кулгу билан ўтмаган, — дейди Ҳамидахон. — Оилада уч фарзандмиз. Дадам эрталабдан кечгача далада ишласа-да, жуда кам маош оларди. Онам эса ярим тунгача, баъзан тонггача хира чироқ ёғдусида куймаланиб, кир-чирларимизни ювар ва ямарди. Кундуз кунлари рўзғор юмушларини саранжомлаб, одамларнинг уйига бориб хизмат қиларди. Болалигимда ҳам, улғайиб катта бўлганимда ҳам ҳеч қачон ортиқча пулимиз бўлмаган. Ўзимга, укам ва синглимга хоҳлаган нарсани сотиб олиб беришга қурбимиз етмаган. Ўтган кунларимни эсласам, юрагим ўртаниб, бағрим эзилиб кетаверади. Нолишни ёқтирмайман, лекин бой бўлмасак-да, тўкин яшашни истардим. Мактабни тугатганимдан сўнг ўқишни давом эттира олмадим, турмушга чиқсам, бахтли бўлиб, тўкин яшарман, деган умидда ота-онамнинг изми билан оила қурдим. Яна моддий қийинчиликлар ичида ўралашиб қолдим. Ўғилларим туғилганидан сўнг оиламизда қуёш чарақлаб, бахтга чўмгандек бўлдим, лекин бу бахтга тўймадим. Ишлай десак иш, алоҳида ҳовли қуриб чиқиб кетишга маблағимиз йўқ эди. Катталарнинг хоҳиши билан уйдан чиқиб кетдик. На тайинли ишимиз, на бошпанамиз бор. Ижара пулини тўлашга қурбимиз етмай қолгани боис, ноиложликдан далада чайла қуриб яшаган кунларимиз ҳам кўп бўлди. Турмуш ўртоғим ёзнинг жазирамасию қишнинг аёзли кунларида бировларнинг уйида ишларди. 2018 йили оғир меҳнат туфайлими ёки изтиробли ўйлар исканжасиданми жигар циррози деган оғир дардга чалинди, умри қисқа экан, ҳаётдан эрта кетди. Мен эса 2 болам билан чирқиллаб қолавердим. Эримнинг маъракалари ўтгач, қайнота-қайнонамнинг дарвозаси биз учун маҳкам ёпилди. Фарзандларимни бағримга босганча ота уйимга қайтиб келдим.

    Халқимиз “Чиққан қиз чиғириқдан нари”, деган гапни бежиз айтмаган. Аҳволимни кўриб, шундай ҳам зўрға кун кўраётган касалманд ота-онамнинг бир дарди ўнта бўлади. Мен эса гуноҳкордай бошимни эгиб жим юравердим. Одамларнинг уйида, ошхоналарда идиш-товоқ ювдим, аммо бирим икки бўлмас, бунинг устига нинанинг устида яшагандай қўрқиб яшардим. Менга қараб, бечора онам тўкилиб кетаётгандай ­туюларди. Йилларим шу зайилда ўтди. 2023 йилнинг бошида Халқобод маҳалласидан келган фаоллар мени “Аёллар дафтари”га рўйхатга олди, уй-жойга муҳтож, дея қайд этди. Ҳаммаси сохта, кўзбўямачилик, деб ўйладим ва ҳатто Россияга йўлкирани ҳам қарз олиб, ишлаш учун кетдим...

    Ҳа, Ҳамида кўзини юмдию кўксига бир парча музни босиб, ишлаш учун ўзга юртларга бош олиб кетди. Ўзини ота-онаси ва фарзандлари олдида қанчалик бардам кўрсатмасин, вақт ўтган сари юрт соғинчи, онасининг ғамгин нигоҳи, ўғилларининг мунгли чеҳраси бир зум бўлса ҳам хаёлидан кетмади. Аслида, ҳаётининг деярли ўн йилида у ёрдам сўраб бормаган идора ё ташкилот қолмаганди...

    Четда пул топаман, уй оламан, деган хомхаёллар унинг ёшгина бошига кўп савдолар солди. Бироқ бугун унинг толеи ёруғ, ўзига ишончи баланд. Мурғак гўдакларининг “Аяжон, қачон бизнинг ўз уйимиз бўлади, қачон янги уйда яшаймиз?”, деган саволлари ортда қолди. Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг эркин шабадаси унинг ҳам пешанасига файзли бошпана насиб қилгани рост.

    Чумолининг ҳам ини бузилмасин

    Бувим раҳматли бу мақолни кўп эсларди. Мен эса бола тасаввурим билан бунинг мағзини кўп ҳам тушунавермасдим. Айнан шу мақолани ёзиш жараёнида ноиложлик ва имконсизлик сўзларининг маъносини чуқур англагандай бўлдим. Буни бошидан ўтказган одамгина яхши билади ва тушунади. Ҳамидахоннинг ота-онаси ҳам тақдир ҳукми олдида бирдай иложсиз ва имконсиз эди. Хорижга ишлашга “кетма” дейишса қўлларининг калталиги, рўзғорда ўғли, келини ва яна бошқа неваралари ҳам борлиги, “боравер” дейишга кўнгиллари йўл бермасди. “Қизим, турмушга чиқса, бахти бутун бўлади, бағримизга бир оз бўлса-да, шамол тегади”, дея минг битта умид билан турмушга узатган ота-онанинг, аслида, бир олам эзгу ниятлари бор эди. Рўзғорнинг ғорини тўлдириш ва уч фарзандни камолга етказиш учун улар йиллар давомида елкама-елка меҳнат қилган. Аммо сўнгги йилларда Ҳамиданинг онаси ҳам, укаси ҳам сурункали касаллик орттириб олгач, оиланинг ташвиши янада кўпаяди. 2023 йил улар учун омадли келди. Негаки, “Аёллар дафтари”нинг уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига киритилган қизлари бошпанали бўлгач, ота-она қадди бир оз кўтарилди.

    Қиссадан ҳисса

    Ҳа, давлатимиз сиёсати Ҳамида каби кўплаб хотин-қизларнинг ҳаётига ёруғлик олиб кирди ва эртанги кунига ишончни мустаҳкамлади. Бугунги Ҳамида кечаги жабрдийда эмас. Бахтиёр, ҳаётидан мамнун. Маҳалла фаоли Шоҳиста опанинг айтишича, яқинда катта бир тикувчилик цехининг моҳир тикувчисига айланишига кўмак берилади. Энг асосийси, у энди ўз уйига эга. Фарзандларининг камолини кўриб, дийдорига тўйиб, куч олиб яшаш ўзбек аёли учун энг олий бахт.

    Мақоламизни Президентимизнинг “Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароити яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”, деган ҳаётбахш сўзлари билан мухтасар қилишни маъқул кўрдик.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates