Шу йил 24 июнь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг ТуркПА мажлисида иштирок этаётган парламент делегациялари раҳбарлари билан қисқача учрашуви бўлиб ўтди.
Қирғизистон раҳбари Бишкек туркий давлатлар билан алоқаларни чуқурлаштиришга катта аҳамият бераётганини ва ТуркПАга асос солган давлатлардан бири сифатида ушбу парламентлараро бирлашма мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бирдамлик намунаси сифатида шаклланишидан манфаатдор эканини таъкидлади.
Хусусан, Президент С.Жапаров Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқалар жадал ривожланиб бораётганини, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли ўзаро алоқалар стратегик ҳамкорлик хусусиятига эга бўлганини мамнуният билан қайд этди.
Давлат раҳбари билан учрашувда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Талант Мамитов, Озарбайжон Республикаси Милий Мажлиси Раиси Сагиба Гафарова, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Мустафо Шентоп, Венгрия парламенти раиси ўринбосари Шандор Лежак ва Туркманистон Миллий Генгеши Халк маслаҳати раиси ўринбосари Қосимгули Бабаев ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати