Жапаров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзган табригида мазкур тарихий воқеа Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг ёзишича, ЮНЕСКО сессиясининг Париждан ташқарида илк бор 40 йилдан сўнг ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақаси маданий, маънавий ва гуманитар ҳамкорлик маркази сифатида тобора катта эътирофга сазовор бўлаётганидан далолат беради.
– Самарқанд шаҳри илм, маърифат ва маънавият бешиги сифатида конференцияга алоҳида рамзий аҳамият бағишлайди. Бу Ўзбекистоннинг цивилизациялар ўртасидаги кўприк, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояларининг маркази сифатидаги ролини яна бир бор намоён этади, – дейилади табрикда.
Садир Жапаров шунингдек, конференция доирасида илгари суриладиган қарор ва ташаббуслар таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишига, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ва бутун минтақанинг равнақ топишига хизмат қилишини таъкидлади.
Қирғизистон раҳбари ўзбек халқига форумни муваффақиятли ўтказиш, самарали муҳокамалар, илғор қарорлар ва илҳомлантирувчи натижалар тилади.








