Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 18 сентябр 2021 3660

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:

    1. Қуйидагилар:

    “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – Лойиҳа) молиялаштириш учун Ислом тараққиёт банки (кейинги ўринларда – ИТБ) томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 200 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор 2020 йил 19 декабрда Ислом тараққиёт банки Директорлар Кенгаши томонидан ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда – ОПЕК) томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 75 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилиши тўғрисидаги қарор 2020 йил 16 декабрда ОПЕК Директорлар Кенгаши томонидан маъқулланганлиги;

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (кейинги ўринларда – БМТТД)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Лойиҳани амалга ошириш даврида масъул ижро этувчи органнинг ҳамкори сифатида фаолият кўрсатиши ва у томонидан Лойиҳа учун 3,05 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилиши;

    Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши 59,95 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлардан иборат эканлиги;

    Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ (40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла)ларда амалга оширилиши;

    Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2021-2025 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.

    2. Белгилансинки:

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, ИТБ ва ОПЕК кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

    Лойиҳа доирасида сублойиҳаларни лойиҳаловчи ва пудрат ишларини амалга оширувчи ташкилотларни танлаб олиш “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида очиқ ва шаффоф усулда амалга оширилади;

    Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи барча ташкилотлар Лойиҳа бўйича имзоланган қарз (кредит) битимларида кўрсатилган механизмлар талабларига амал қилади;

    Лойиҳани амалга ошириш доирасида ИТБ ҳамда ОПЕКнинг кредитларини қайтариш, шу жумладан, қўшимча ҳақ (устама) ва фоизлар, хизмат кўрсатганлик учун ҳақ ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

    3. Қуйидагилар:

    “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;

    “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ИТБ ва ОПЕК кредитларининг асосий қарзини, унга ҳисобланган фоизларни ва бошқа тўловларни қайтариш прогноз жадвали 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;

    “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича “йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    4. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига асосан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божидан озод қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    Белгилансинки, Лойиҳани амалга ошириш доирасида:

    ҳосил бўладиган қўшилган қиймат солиғи суммаси хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан тўланади ёки қонунчиликда белгиланган тартибда республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

    олиб кириладиган товарларни божхона божидан озод қилиш ва қўшилган қиймат солиғи суммасини республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.

    5. Ўзбекистон Республикаси молия вазири (Т.А.Ишметов)га Ўзбекистон Республикаси номидан ИТБ ва ОПЕК иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси бўйича қарз битимларини имзолаш ваколати берилсин.

    6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М.Бобоев):

    Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафаев) билан биргаликда Лойиҳа доирасида сублойиҳаларни лойиҳаловчи ва пудрат ишларини амалга оширувчи ташкилотларни “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида очиқ ва шаффоф усулда танлаб олиш;

    Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Р.Т.Маматов) билан биргаликда Лойиҳа доирасида аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқишда доимий ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича зарур чораларни кўрсин.

    7. Белгилансинки, Лойиҳа доирасида:

    танланган қишлоқларда зарурий сублойиҳалар аниқлангандан сўнг, ҳар бир вилоят бўйича амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар юзасидан белгиланган тартибда Лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилади ва экспертиза органларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади;

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари буюртмачи ҳисобланади;

    Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи билан “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ўртасида ҳамкорлик келишувлари имзоланади.

    8. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг буюртманомалари бўйича Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатга қўйилиши ва муддати узайтирилишини тез фурсатларда таъминласин.

    9. Ҳисоб палатаси (Б.Т.Турабов) Лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши ва сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

    10. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (А.Э.Бурханов) Лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатсин.

    11. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

    а) Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров:

    бир ҳафта муддатда масъул ижрочилар иштирокида мажлис ўтказиб, уларнинг аниқ вазифаларини белгилаб берсин;

    икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Лойиҳа доирасида маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳудудлар кесимида “йўл хариталари”ни ишлаб чиқсин ҳамда уларнинг тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Бухоро, Навоий ва Хоразм халқ депутатлари вилоят ва туманлар Кенгашларида тасдиқланишини таъминласин;

    тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Лойиҳани амалга оширишга масъул бўлган мутахассислар малакасини ошириш учун хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда ўқув-тренинглар ташкил қилсин;

    амалга оширилаётган сублойиҳалар ва уларнинг сифатли бажарилиши устидан мониторинг ўрнатсин ҳамда натижаси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот киритиб борсин, ушбу маълумотларни бир вақтда жамоатчиликка эълон қилиш орқали лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминласин;

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокидаги “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” ва ИТБ ҳамда ОПЕК иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бирлаштирилган гуруҳнинг тузилмасини тасдиқласин ва унинг фаолиятини йўлга қўйсин;

    “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун Урганч шаҳрида, Бухоро ҳамда Навоий вилоятлари учун Бухоро шаҳрида бирлаштирилган гуруҳнинг Лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудлараро гуруҳларини ташкил этсин;

    Лойиҳани амалга ошириш даврида бирлаштирилган гуруҳ фаолиятини молиялаштириш бўйича йиллик харажатлар сметасини ҳамда штатлар жадвалини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқласин;

    Лойиҳа бўйича амалга оширилган ишлар, ўзлаштирилган маблағлар ва эришилган натижалар юзасидан маълумотларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг расмий веб-сайтида ёритиб борсин.

    Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоровга ИТБ ва ОПЕКнинг ижтимоий ва экологик ҳимоялаш ҳамда кўчириш сиёсати тамойилларини ҳисобга олган ҳолда, Лойиҳа компонентларини амалга ошириш ва молиялаштириш жадвалига ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланаётган иловаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин;

    б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев), Бухоро (Б.К.Зарипов), Навоий (Қ.Б.Турсунов) ва Хоразм (Ф.У.Эрманов) вилоятлари ҳокимликлари Лойиҳани тўла-тўкис амалга ошириш учун барча зарур ҳужжатлар сифатли ишлаб чиқилишини ва Лойиҳани амалга ошириш гуруҳига ўз вақтида етказилишини белгиланган тартибда таъминласин.

    12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев), Бухоро (Б.К.Зарипов), Навоий (Қ.Б.Турсунов), Хоразм (Ф.У.Эрманов) вилоятлари ҳокимлари:

    қишлоқларни комплекс ривожлантириш учун Лойиҳа доирасида молиялаштириладиган объектлардан ташқари амалга ошириладиган чора-тадбирларни бош режа, ҳудудларни архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳалари ва улар таркибидаги батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида маҳаллий бюджет ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширсин;

    ўз ҳудудларидаги лойиҳаларни муддатида амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича ишларни самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб белгилансин.

    13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов ва Ж.А.Қўчқоров белгилансин.

    Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 15 апрель ва 2022 йил 15 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 18 сентябрь.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates