Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 27 апрел 2022 5428

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни моддий ресурслар (хизматлар) билан узлуксиз таъминлаш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш мақсадида:

    1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда – Боғдорчилик агентлиги) мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, шу жумладан, 11 ойлик имтиёзли давр билан 300 миллиард сўм бюджет ссудасини йиллик 10 фоиз ставкада ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    Молия вазирлигига қайтарилган маблағлар ҳисобидан йил давомида Боғдорчилик агентлигининг буюртмаси асосида қўшимча бюджет ссудаси ажратиб борилишини таъминлаш вазифаси юклатилсин. Бунда, ажратилган бюджет ссудаси бўйича қарздорликнинг жами суммаси 300 миллиард сўмдан ошиб кетмаслиги белгилаб қўйилсин.

    2. Белгилансинки, Боғдорчилик агентлиги бюджет ссудаси ҳисобидан:

    қишлоқ хўжалиги корхоналарига – мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинларни (кейинги ўринларда – қишлоқ хўжалиги экинлари) етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш учун;

    қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга, шу жумладан, “Агросервис оператор” давлат унитар корхонасига – етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилиш бўйича талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун йиллик 14 фоиз ставкада қарз маблағлари ажратилади.

    3. Қишлоқ хўжалиги корхоналарига қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчатларни етказиб бериш ҳамда қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш вазифаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросервис оператор” давлат унитар корхонасига юклатилсин.

    4. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

    “Агросервис оператор” давлат унитар корхонаси томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш қарз шартномаси асосида қишлоқ хўжалиги корхоналарига қишлоқ хўжалиги экинларининг вегетация давридан ортиқ бўлмаган муддатга йиллик 14 фоиз ставкада амалга оширилади;

    мазкур қарор доирасида моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчатлар ҳамда қишлоқ хўжалиги хизматлари “Агросервис оператор” давлат унитар корхонаси томонидан биржа савдоларидан харид қилиш ва (ёки) етказиб берувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаш усули орқали етказиб берилади ва кўрсатилади;

    қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи, қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга (бундан “Агросервис оператор” давлат унитар корхонаси мустасно) қарз маблағлари уларни қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси тақдим этилгандан сўнг ажратилади.

    5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича комиссия 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

    Қуйидагилар комиссиянинг (Ж.А.Ходжаев) вазифалари этиб белгилансин:

    қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчат етказиб бериш ҳамда қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш учун қарз маблағлари ажратиладиган йўналишлар ва лойиҳаларни белгилаш;

    “Агросервис оператор” давлат унитар корхонаси томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг етказиб берувчиларини танлаш;

    “Агросервис оператор” давлат унитар корхонаси ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан қарз маблағларидан самарали ва манзилли фойдаланилиши устидан тизимли мониторинг ишларини ташкил этиш;

    қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатишга давлат-хусусий шериклик шартномалари асосида тадбиркорлик субъектларини
    жалб қилиш;

    қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш бўйича Ҳукуматга таклифлар киритиб бориш.

    6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А.Хаитов) ҳамда Боғдорчилик агентлиги (Х.М.Каримов):

    а) Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда мазкур қарор доирасида назарда тутилган қарз маблағларини ажратиш бўйича намунавий шартнома шаклларини ишлаб чиқсин;

    б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда:

    ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини, ўғит ва ўсимликлар ҳимояси воситаларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш ҳамда экинларни ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида жойлаштиришни ташкил қилиш;

    қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш ишларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.

    7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар 2022 йил тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, мазкур амалиётни янада такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

    8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А.Хаитов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) билан биргаликда ҳар бир ҳудудда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тақдимотлар ва семинарлар ўтказсин.

    9. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К.Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.А.Хаитов) билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини ёритиш бўйича туркум телекўрсатувлар намойиш этилишини доимий ташкил этсин.

    10. Ҳисоб палатаси (Б.Т.Турабов) Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши ва мақсадли сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

    11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–52-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

    12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Х.М.Каримов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.

    Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ш.М.Ғаниев ва Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 27 апрель

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates