Қишлоқнинг ярим асрлик муаммоси ҳал этилди

    Мамлакатимизда 24 сентябр 2022 837

    Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Андижон вилоятидаги Халқ қабулхоналари ва секторлар ўрганишларидан сўнг вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир бўлган 72 та қишлоқ-маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

    Шундан 27 та ҳудуддаги қурилиш-таъмирлаш ишлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бажариляпти. Ҳар бир масала аҳоли билан бамаслаҳат ҳал қилинаётгани натижасида энг олис-чекка ҳудудларнинг ҳам янги қиёфаси яратилмоқда.

    “Обод қишлоқ” дастури бу йил Марҳамат тумани “Бирлик” маҳалласида яшаётган 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли ҳаётида ҳам янги даврни бошлаб берди. Маҳалла гузаридан спорт ўйингоҳигача, йўллардан то электр-у сув тармоқларигача – барчаси янгиланмоқда. Асосий мақсад – оғир шароитдаги ҳудудларда мустаҳкам инфратузилма яратиш, аҳоли ҳаётига бевосита дахлдор тизимли масалаларни ҳал қилиш, халқ розилигини таъминлашдан иборат.

    Бирлик маҳалласидаги тупроқ кўчалар бетон қопламали йўлга айлантирилмоқда. Ҳозирда 5 та кўчадаги қарийб 1,4 км. бетон йўл қуриш ишлари якунланди. Бундан ташқари, 3,5 км. йўлга тош-шағал тўшалди, 2 км. кўча асфальтланди. Текис-равон кўчалар четларида пиёдалар йўлаклари барпо қилиниб, кўчатлар экилмоқда. Бу эса ёш-у кексани бирдек қувонтирмоқда.

    Бу жараёнда маҳалла аҳлининг энг катта муаммоси ҳам ҳал қилиниб, 5 км. ичимлик суви қувурлари янгиланди, битта сув минораси қурилди. Электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш учун 100 дан ортиқ симёғочлар бетон таянчларга, 4,5 км. эскирган электр тармоқлари замонавийсига алмаштирилди.

    Бунёдкорлик ва ободлик ҳаракати билан янги маҳалла гузари иш бошлади. Эътиборлиси, бу мажмуада авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳисобга олинган: кекса, ўрта ва ёш авлод учун мос-у фойдали шароит яратилган. Гузардаги соғломлаштириш клуби, мини футбол майдончасида ёшлар спорт билан машғул бўлса, сўлим ва баҳаво “Оталар чойхонаси” нуронийлар хизматида.

    Дастур доирасида “Бирлик” МФЙдаги 28-умумтаълим мактаби ҳам бош-оёқ янгиланмоқда, 120 ўринли қўшимча бино ҳам қурилмоқда. Мактаб тўлиқ ишга тушгач, жами 600 нафар ўқувчини ўз бағрига олади ва бу билан қамров 100 фоизга оширилади. Айни пайтда янги мактаб биносида қурилиш-пардозлаш ишлари якунига етказиляпти.

    Уйма-уй ўрганишлар натижасида “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз инсонлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, қишлоқда янги-янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилмоқда. Айтайлик, яқинда мана бу тикувчилик корхонаси иш бошлаши билан маҳалладаги 30 га яқин хотин-қизлар шу ерда ишли бўлишди. Айни пайтда улар тайёрлаётган маҳсулотлар ички бозорга чиқарилмоқда.

    “Обод маҳалла” дастури Андижон тумани “Садда таги” маҳалласидаги йўл, ичимлик суви, электр энергияси ва ижтимоий инфратузилма билан боғлиқ кўп йиллик тизимли масалаларни ҳам ҳал қилиш имконини бермоқда.

    “Садда таги” маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилганига салкам ярим аср бўлган эса-да, Андижон шаҳрининг шундоқ биқинидаги бу маҳалланинг бирор кўчаси асфальт қилинмаган эди. Бу йил маҳалладаги барча тупроқ кўчалар аввал тош-шағалли йўлга айлантирилди. Сўнг унинг 20 км. қисмига бетон қопланди. Йўллар четлари яшил ҳудудга айлантирилиб, йўлаклар, велойўлаклар ташкил этилди. Кўчаларга замонавий тежамкор ёриткичлар ўрнатилди.

    “Садда таги” маҳалласида ичимлик суви ва электр таъминотида ҳам муаммолар бор эди. Жорий йил аввалида бу борадаги муаммолар таҳлил қилингач, 2 та трансформатор, 291 та бетон таянч ўрнатилиб, 7.3 км. электр тармоғи янгиланди. Ҳар бир хонадонга оби ҳаёт олиб кириш учун 11.9 км. сув тармоғи тортилди.

    Бунёдкорлик ва ободлик нафаси бу йил “Садда таги”ни тўла қамраб олди. Дастур доирасида маҳалла идораси учун ҳам янги бино бунёд этилаётгани ҳудуддаги маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори фаолиятини янги асосда ташкил қилишда янада қулай шароит яратади.

    Авваллари маҳалла аҳли фарзандларини бошқа қишлоқдаги болалар боғчаларига олиб борган бўлса, энди ҳудуднинг ўзида давлат хусусий шериклик асосида 100 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти бунёд этилди.

    “Садда таги” маҳалласидаги йирик лойиҳалардан бири 5 қаватли ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилиши билан 2 мингта иш ўрни яратилади. Ҳозирда корхонада қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилди, хориждаги илғор тажрибалар асосида замонавий жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. Асосан трикотаж маҳсулотлирини ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлирининг 90% экспортга йўналтирилади.

    Мухтасар айтганда, жорий йилда Андижон вилоятидаги иқтисодий-ижтимоий аҳволи нисбатан оғир 72 та қишлоқ-маҳалладаги 44,6 км. йўлга тош-шағал, 30,4 км. йўлга асфальт, 33 км. бетон қопламаси ётқизилди, 221 км. ичимлик суви тармоғи тортилди, 55 дона ичимлик суви иншооти қурилди-таъмирланди, 42 та трансформатор янгиланди, 125 км. электр тармоғи тортилиб, 38 мингта симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди.

    Шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларининг 35 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган бўлса, яна 49 та объектда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Андижоннинг олис ва чекка қишлоқлари ҳам буткул янги қиёфага кираётгани, қишлоқ ҳаётидаги ўзгаришлар одамларнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топаётгани эса давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни айнан бугун кўриши керак”, “Инсон қадри учун” ғояларининг реал ҳаётдаги яна бир амалий ифодаси бўлмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates