Ватан тақдирига дахлдорлик одамлар қалбига чуқур ўрнашмоқда

    Мамлакатимизда 22 июн 2023 1124

    Мамлакатимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бошланган юрт ободлиги, халқ фарофонлиги йўлидаги ҳаракатлар, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасидаги ишлар янги босқичга чиқди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳар бир туманда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, аҳоли муаммолари хонадонбай ва маҳаллабай ўрганиб чиқилди ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

    Бу хайрли ишлардан Арнасой туманидаги “Бахтли” маҳалласи аҳли ҳам четда қолгани йўқ. Маҳалладаги ўз муддатини ўтаган 200 дан зиёд симёғоч темир-бетон устунларга алмаштирилди, эскирган трансформаторлар ўрнига янгилари ўрнатилди.

    Ўтган асрда қурилган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган кўприк реконструкция қилингани аҳолининг узоғини яқин этди. Маҳаллада тиббиёт пункти қурилиб фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, жорий йилда барча қулайликларга эга маҳалла биноси ҳам қуриб битказилди.

    — Маҳаллада инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ишлар давом этмоқда, — дейди “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмад Маҳмудов. — Ички йўлларнинг 3,6 километрига асфальт, 600 метрига шағал ётқизиш лойиҳаси тайёр бўлди, бугун-эрта ишлар бошлаб юборилади.

    Ҳа, қаерда бирлик, ҳамжиҳатлик бўлса, ишлар маромида давом этаверади. “Бахтли” маҳалласида кечани кеча, кундузни кундуз демай ҳаракат қилаётган ажойиб “бешлик” аҳоли турмуш даражасини кўтариш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш йўлида изланмоқда. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ишсизлар сони тобора камаймоқда.

    Маҳалланинг 513 та хонадонидаги муаммолар ўрганиб чиқилганда 75 нафар фуқаро ишсиз экани аниқланган эди.

    Тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш учун шу йилнинг биринчи чорагида 358 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Маҳаллада қишлоқ хўжалиги тармоқлари, Арнасой – Айдар сув ҳавзаси ёқаларида туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

    — Жорий йил бошида ҳар бир хонадонни қайта ўрганиб чиқдик. 37 нафар киши ишсизлигини аниқлаб, уларга тадбиркорлик билан шуғулланиш таклифини бердик. Асаларичилик билан шуғулланишни хоҳлаган маҳалладошимизга 21 миллион сўм имтиёзли кредит олишга кўмаклашдик, натижада икки нафар фуқаро иш билан таъминланди. Маҳалламизда мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Устачиликдан хабари бор фуқарога 33 миллион сўм кредит олишга ёрдам қилган эдик, “Аrnasoy land servis” MЧЖ ташкил этди ва қўшимча иккита иш ўрни яратди, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Зокир Зулфиқоров.

    “Бахтли” маҳалласида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Энг муҳими, туманда янги соҳа бўлган туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Маҳалланинг Арнасой–Айдар кўлига яқин жойлашган хонадонларида сайёҳларга хизмат кўрсатиш тизими яратилмоқда. Айни пайтда ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига асосан, Барно Нарзуллаевага 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Кредит ҳисобидан 10 ўринга мўлжалланган уй меҳмонхона қуриб битказилди. Икром Сувонқулов ҳам ўз маблағи ҳисобидан уй меҳмонхона қуриб, учта иш ўрни яратди.

    Ҳозирги пайтда маҳалла фаоллари 11 нафар фуқарони иш билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.

    — Биз маҳалламизни ишсизликдан холи ҳудудга айлантирмоқчимиз, —дейди Аҳмад Маҳмудов. — Шунда хонадонлардаги унча-мунча муаммолар ҳам барҳам топади, ҳудудимизда камбағал қолмайди.

    “Изланган имкон топади”, деган гап бежиз айтилмаган. “Бахтли” маҳалласи фаоллари “Аёллар дафтари” рўйхатида турган етти нафар аёлга 10 миллион сўмдан субсидия ажратиб берди. Ушбу маблағга тикиш машинаси сотиб олинди, шунинг ҳисобидан маҳаллада чеварлар сафи ҳам ортиб бормоқда. Бир нафар аёлга томорқасида иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратилди.

    Маҳаллада автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича “Sifatli AQXKSH” MЧЖ ташкил қилиниб, 2 нафар фуқаронинг бандлиги таминланди. Хизмат турларини кўпайтириш мақсадида тўрт кишига иккита юк мотоцикли, иккита мотокультиватор, уч нафар фуқарога эса 12 бошдан қўй-эчки сотиб олиш учун кредит ажратилди.

    “Бахтли”ликлар бахти, фаровонлиги, маҳалласининг ободлиги учун ўзлари ҳаракат қилиши лозимлигини яхши тушунишади. Юқорида таъкидлаганимиздек, маҳаллаларни ривожлантириш мақсадида қабул қилган ҳужжатлар асосида қишлоқ ва маҳаллалар кўриниши, одамлар дунёқараши бутунлай ўзгарди. Маҳаллага кенг қамровли ёндашув дунёда ўхшаши йўқ, ноёб ва янги тизимни яратди. Энди одамлар “Менинг маҳаллам”, “Менинг кўчам”, “Менинг хонадоним” дейишни ўрганишди, Ватан тақдирига дахлдорлик улар қалбига чуқур ўрнашди. Зеро, маҳалласи обод бўлган инсоннинг маънавияти ҳам юксак бўлади. Ана шундай кенг тушунчали инсонлар сафида Арнасой туманидаги “Бахтли” маҳалласининг бахтли инсонлари ҳам бор.

    Асад МУСТАФОЕВ,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates