Бугунги кунда миллий процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон (рақамли) далиллар тушунчаси, улардан фойдаланиш тартиби ва шу билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган. Электрон (рақамли) далилларга қандай маълумотлар киритилиши ҳақидаги масалалар ҳуқуқий тартибга солинмаган.
Шу сабабли мазкур Қонун билан амалдаги қатор кодекслар ва қонунларга электрон маълумотлар ҳамда рақамли далиллар тушунчаси, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш, шунингдек, йўқ қилиш тартибини белгиловчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, электрон маълумотларга электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлар кириши қайд этиляпти.
Мазкур Қонун билан терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тергов ва суд жараёнлари иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олиши, электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечириши кераклиги борасида аниқ тартиб белгиланяпти.
Шунингдек, Қонунда рақамли далиллар тушунчаси ҳам қайд этиляпти. Унга кўра иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги электрон маълумотлар, шу жумладан электрон файллар, аудио- ва видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган ва бошқа электрон маълумотлар рақамли далил бўлиши мумкинлиги кўрсатиляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга ҳамда одил судлов сифатини ошириш ва суд иш юритувини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.