Қоракўлда гугурт заводи қурилади

    Ҳозирги кунга қадар 70 гектар майдонга гугуртбоп дарахтлар кўчати экилди. Мутахассислар фикрича, бу ўсимликлар ёғочидан энг сифатли гугурт ишлаб чиқариш мумкин. Бундай сифатли маҳсулотнинг харидори доимо топилади.

    Бундан ўн йиллар илгари Қоракўлда биттагина қўшма корхона бор эди. Бугун эса замон ўзгарди, тадбиркорлик қиламан деб белни маҳкам боғлаб майдонга чиққан инсон учун кенг йўллар очилди. Буни тумандаги ўзгаришлар яққол кўрсатиб турибди. 2020 йилда Қоракўлда 235,4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 2021 йилда эса янада жозибадор лойиҳалар амалга оширилади.

    Президентимизнинг жорий йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ушбу ҳаётий дастурга асосан, Қоракўл туманини 2021-2022 йилларда янада ривожлантириш мақсадида 340 миллиард 922 миллион сўмлик 55 та лойиҳа бажарилиши устувор вазифа қилиб қўйилди. Шундан саноат йўналишида 19 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 24 та ва қишлоқ хўжалигида 12 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу йўналишларда ишлар бошлаб юборилган. Ҳозиргача 20 миллиард 168 миллион сўмлик 5 та лойиҳа ишга туширилди.

    Туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш бўйича ҳам аниқ режалар белгилаб олинган. 2021 йилда қиймати 5,4 миллион АҚШ долларига тенг 2 та лойиҳа бошлаб юборилди. 2020 йилда туманда 12,38 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 14,2 миллион доллар этиб белгиланди. Январь-март ҳолатига эса 2,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

    Қоракўл деганда интеллектуал салоҳиятли ёшлар, шижоатли бобо деҳқонлар, алп полвонлар юрти тушунилади. Энди буларнинг сафига оқил, ишнинг кўзини билувчи тадбиркорлар ҳам қўшилмоқда. Узоққа бормайлик, бундан бир-икки йил илгари Қоракўлда гугурт заводи ишга тушади, деса ҳеч ким ишонмасди. Энди ишонаверинг.

    2021 йилда “BAYRUXO” фермер хўжалиги томонидан бу лойиҳа амалга ошириладиган бўлди. Бунинг учун 17 миллиард 80 миллион сўм сарфланиб, 190 гектар ерга павловния ва калифорния тераги кўчатлари экиш бошлаб юборилди. Ҳозирги кунга қадар 70 гектар майдонга гугуртбоп дарахтлар кўчати экилди. Мутахассислар фикрича, бу ўсимликлар ёғочидан энг сифатли гугурт ишлаб чиқариш мумкин. Бундай сифатли маҳсулотнинг харидори доимо топилади.

    Жорий йилда туманда яна бир жозибадор лойиҳа ишга тушиш арафасида. Туман яйловларида бугунги кунда 250 мингдан зиёд қўй-қўзи боқилмоқда. Аҳоли хонадонларидаги қўй-қўзиларни қўшиб ҳисобласак, бу миқдор яна бир карра кўпаяди. Демак, бир йилда минг тоннага яқин жун олинади.

    Хўш, бу жунлар қаерга кетяпти, дерсиз. Чиқинди сифатида ташлаб юборилмоқда. Жунни қайта ишлаш, уни тайёр маҳсулотга айлантириш муаммолигича қолмоқда. Энди бу муаммо ҳал қилинди. “Feruza Farangiz Textilе» МЧЖ томонидан жунни қайта ишлаш ва маҳсулот тайёрлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилмоқда. Корхона ишлаб кетиши учун 730 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилади. Йилига 360 тонна қайта ишланган жун, 180 тонна бўялган ип-калава ҳамда 12 мингта адёл ишлаб чиқарилади, юзга яқин иш ўрни яратилади. Энг қулай томони, хомашё сероб, арзон. Яна бир жиҳати шундаки, қўй жунидан қишки оёқ кийимлар - валенкалар ҳам ишлаб чиқариш мумкин. Корхона мутахассислари бунга истиқболдаги режа сифатида қарамоқда.

    Шунингдек, «Қоракўл кумуш калава» МЧЖ томонидан тўқима мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида 1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда.

    Пахтачилик кластерини ташкил қилган «Мергантекс» МЧЖ ҳам пахта толасидан экспортбоп тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариб, кўплаб мамлакатларга экспортни йўлга қўйган. Ҳозир туманда яна битта шундай корхона қуриш мўлжалланмоқда. Бунинг учун 40 миллиард 200 миллион сўм йўналтирилади.

    Мазкур корхонада 150 нафардан зиёд қўли гул тикувчи Қоракўл деҳқонининг пешона тери эвазига етиштирилган хомашёдан олинган матолардан бежирим либослар тикади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2021 йилда нефть ва конденсатни қайта ишловчи завод, пиллани қайта ишловчи, тўқима матоларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

    Хулоса қилиб айтганда, ҳудудий дастур доирасида туманда 223 миллиард 447 миллион сўмлик 42 та лойиҳани ишга тушириш мақсадида қизғин иш олиб борилмоқда. Мақтаниш эмаску, ҳадемай Қоракўл инвестициялар майдонига айланади. Қоракўл бренди остидаги маҳсулотлар жаҳон бозорида ўз ўрнини топса, ҳеч ажабланманг.

    Ҳасан АРАБОВ,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates