Қўшимча банк хизматлари қорақалпоғистонлик ишбилармонларга қулайлик яратяпти

    Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида ишга туширилган “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг янги банк хизматлари маркази ҳам тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик бўлди.

    Тадбиркор бор жойда ҳудудлар ривожланиб, соҳаларда ўсиш, аҳоли даромадларининг ортиши, ишсиз одамлар бандлиги таъминланаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Энг чекка ҳудудлардаги ўқимаган, бирор касб-корга эга бўлмаган инсонлар ҳам янги ташкил этилаётган корхона, ишлаб чиқариш цехларида меҳнат қилиб, даромад топяпти. Кейинчалик ишни пухта эгаллаб, ўзи тадбиркорликка қўл ураётганлар ҳам кўп. Яъни, юртимизда тадбиркорлик қанчалик фаол қўллаб-қувватланаётган бўлса, одамлар бундан шунча унумли фойдаланиб, ўзи ва атрофдагиларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакат иқтисодий ривожига ҳисса қўшмоқда.

    Шу кунларда қайси ишбилармон билан суҳбатлашманг, яқинлашиб келаётган 20 август — Тадбиркорлар куни ҳамда йилнинг энг кутилган воқеаларидан бўлган Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ҳақида гапиради. Ҳақиқатан, бизнес доира вакиллари бу учрашувни ҳар йилдаги каби катта қизиқиш билан кутмоқда. Нафақат кутяпти, балки таклиф ва ташаббусларни билдиришда фаоллик кўрсатмоқда. Мақсад — соҳада мавжуд муаммоларни ўртага ташлаб, биргаликда ҳал этишга эришиш, тадбиркорлар манфаатдорлигини янада таъминлашдан иборат.

    Очиқ мулоқот бу йил илк бор Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиши эълон қилинган. Шунинг ўзиёқ тадбирнинг аввалги йиллардан фарқли бир жиҳатидир. Ушбу манзилда жам бўладиган тадбиркорларимиз Президентимиз билан бу галги учрашувда ҳам таклиф ва муамоларни ўртага ташлаб, биргаликда юртимиздаги барча ишбилармонлар учун манфаатли ташаббусларни қабул қилишга эришиши кутилмоқда.

    Осон ва қулай

    Очиқ мулоқотнинг Тошкент шаҳридан ташқари, биринчи бўлиб Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилаётгани бежиз эмасдек. Кейинги йилларда бу ҳудуд бизнес учун жозибадор манзилга айланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Айниқса, Қорақалпоғистонга сайёҳлар қизиқиши ортиб бораётгани туризм йўналишидаги тадбиркорликнинг ўсишига хизмат қиляпти.

    Қорақалпоғистон Республикаси 2 миллиондан ортиқ аҳолига эга каттагина ҳудуд. 17 та шаҳар ва туманда 452 та маҳалла мавжуд бўлиб, одамлар турли соҳалардан даромад топади. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва улар орасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар тўғридан тўғри маҳаллалар кесимида амалга оширилмоқда. Яъни, ҳудудда бизнес муҳитини оширишга катта эътибор қаратиляпти. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам ушбу жиҳатлар акс этган.

    Бу борада янгича ёндашувларнинг жорий этилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Гап “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда масъул муассаса этиб белгилангани ҳақида бормоқда. Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади ҳудуддаги тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, барча зарур молиявий кўмакларни бериш ҳамда банк хизматларини кўрсатишда тезкорлик ва замонавийликни ошириб, ишбилармонларга қулайликлар яратишга қаратилган. Бу борада банк томонидан кўплаб лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ҳудудда инвестиция салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган амалий ишлар фаол давом этяпти.

    — Қорақалпоғистон Республикасидаги 452 та маҳалла банкка бириктирилган бўлиб, жорий йилда уларда истиқомат қиладиган 120,7 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда 86,6 минг аҳолини бизнесга жалб қилиш бўйича ҳар бир йўналиш, соҳа, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида ойма-ой режа жадвали ишлаб чиқилган, — дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Минажатдин Узакбаев. — Бунда инвестицион лойиҳалардан тортиб, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик каби барча йўналишлар қамраб олинган. Бу аҳолининг қизиқиши, имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Жумладан, бириктирилган маҳаллаларда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқаларидан самарали фойдаланиш, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ва сотиш бўйича тизимли ишлашни йўлга қўйяпмиз. Кузатувларимиз натижасида кўпгина одамларнинг ўз томорқа ерларидан фодаланишга қизиқиши борлиги, аммо маблағ йўқлиги сабаб имкон топа олмаётганига гувоҳ бўлдик. Шу боис, банк томонидан бу йўналишда янги кредит махсулотлари ишлаб чиқилди.

    “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг олдига қўйилган вазифалардан бири аҳолини тадбиркорликка рағбатлантириш, бунинг учун қулай молиявий манбаларни яратишдан иборат эди. Шу мақсадда, банк томонидан ишбилармонларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобидан янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга қаратилган 30 дан ортиқ жозибадор банк маҳсулотлари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилди. “Бизнесга биринчи қадам”, “Бизнесга биринчи қадам — 2”, “Тадбиркорга кўмак”, “Яшил иш ўринлари”, “Микро”, “Имконият”, “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис”, “Маҳалла тадбиркори” каби амалиётлар шулар жумласидан.

    Айни пайтда Қорақалпоғистондаги юз мингдан зиёд жисмоний ва 2,5 мингдан ортиқ юридик шахслар ушбу банк хизматларидан фойдаланмоқда. Аҳоли, хусусан, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий, тезкор, илғор технологияларга асосланган хизматлар сони ортиб боряпти. Шу йилнинг июнь ойидан Қорақалпоғистон Республикаси тармоқларида ишга туширилган андеррайтинг хизмати улардан бири.

    Мутахассисларнинг тушунтиришича, мазкур хизмат кредит ажратиш жараёнининг шаффофлигини таъминлайдиган, кредит бўйича масъул шахслар томонидан холислик тамойили асосида, шахсий манфаатлар иштирокисиз қарор қабул қилишга асосланган тизимдир. Ажратилаётган кредитларларни расмийлаштириш ва унинг сўндирилишигача бўлган барча жараёнларни назоратда ушлаш кредитларни бошқариш хизмати зиммасига юклатилган. Ушбу икки тузилма банк кредит портфели сифатини сақлаш ҳамда муаммоли кредитлар улушини камайтиришда таъсирчан механизм экани айтилмоқда.

    Асосийси, жорий этилган кредитлашнинг янги механизми тизимда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қиляпти. Яъни, юридик ва жисмоний шахсларга ажратиладиган кредит ҳужжатлари ортиқча бюрократик тўсиқларсиз, шаффофлик тамойили асосида қисқа муддатда кўриб чиқилмоқда. Натижада, жисмоний шахсларнинг кредит ҳужжатларини ўрганиш 1 соатдан 15 минутга, юридик шахсларникини эса 1 кундан 2 соатга қадар қисқартиришга эришилган.

    Масофа яқин бўлди

    Тадбиркор молиявий амалиётларининг кўпини банк хизматлари орқали амалга ошириши сир эмас. Авваллари бу жараённинг қанчалик қийин бўлгани, банкка борган одамнинг бир неча кунлаб иши битмаганини кўпчилик яхши эслайди. Ҳозир аксарият хизматлар электрон, инсон омилисиз қисқа фурсатларда амалга ошириляпти. Бу ҳар дақиқаси қимматли бўлган тадбиркор учун катта қулайликлардан бири.

    Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида ҳам банк-молия масалалари кўтарилган эди. Умуман, бу доимий такомиллаштириб, қулайликларни ошириб боришни тақозо этадиган тизим. Рақобат муҳитида тижорат банклари ҳам шунга интиляпти. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида молиявий хизматлар кўламини кенгайтиришга уринмоқда.

    Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида ишга туширилган “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг янги банк хизматлари маркази ҳам тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик бўлди. Ҳудуд аҳли шу кунга қадар банк хизматларидан фойдаланиш учун 30 километр узоқликда жойлашган “Қўнғирот” БХМга боришга мажбур эди. Энди туманнинг ўзида очилган янги банк хизматлари маркази одамлар, айниқса, бизнес эгаларининг вақти ва нақдини тежайди.

    — Соҳам юзасидан банк хизматларига кўп ишим тушади, — дейди “Тазабай-Тўлғанай” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Зина Юсупниязова. — Ҳозир банкларда хизмат кўрсатиш сифати юқори, тезкорлик, шаффофлик борлиги бизни қониқтиради. Аммо ёзнинг чилласи, қишнинг қировли кунлари Қўнғиротга қатнаш бироз малол келарди. Туманимизда банк тармоғининг очилгани яхши бўлди, бу, биз тадбиркорларга ҳар томонлама енгиллик яратади.

    Маълумотларга кўра, Қонликўл туманида 54 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда 880 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Қолаверса, тумандаги 88 та бюджет ташкилотида 4 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади. Бу мазкур ҳудудда банк хизматларига талаб борлиги ҳамда мижозларни ошириш имконияти юқори эканидан далолат.

    — Талаб бор жойда таклиф ҳам бўлади. Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги йилларда кечаётган жадал ривожланишлар, тадбиркорлар сонининг ортиши, аҳоли бандлиги ошиб бораётгани, ўз-ўзидан, банк хизматларига бўлган талабни оширмоқда, — дейди Минажатдин Узакбаев. — Бугунги кунда Қорақалпоғистонда биргина “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 1 та банк хизматлари офиси, 6 та банк хизматлари маркази, 10 та 24/7 режимида ишловчи шохобчалар ҳамда йирик корхоналар негизида очилган 3 та чакана амалиёт кассаси аҳолига доимий хизмат кўрсатиб келаётгани бунинг мисоли. Қонликўлда очилган янги банк хизматлари марказида ҳам мижозларга онлайн хизматлар бўйича консалтинг ҳамда кредит ва омонатларни расмийлаштириш, ҳисоб рақам очиш, валюта айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари каби бир қанча хизматлар кўрсатила бошлади. Айни пайтда 24/7 режимида ишловчи банк ускуналари тўлиқ иш ҳолатига келтирилган. Марказда 5 нафар малакали ходим фаолият юритади.

    Нафақат банк тизими, балки барча соҳаларда тадбиркорларга қулайликлар яратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бежиз эмас. Боиси, юртимиз тадбиркорлари ҳам шунга жавобан меҳнат қиляпти, ўз устида ишлаб ривожланяпти, одамларни ишли қилиб, халқ фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларни ҳеч иккиланмай, она заминимизнинг ҳар жабҳадаги имкониятларини очаётган, юртимиз номини дунёга олиб чиқаётган катта куч, деб айта оламиз.

    Ирода ТОМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 07.07.24 й, 135-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates