Қўшработлик 48 ёшли бемор аёлга ўз укасининг жигари кўчириб ўтказилди

    Самарқанд давлат тиббиёт университетида Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Medical Park” тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда жигар трансплантацияси амалиёти ўтказилди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, бемор Саида Нурмуродова – 48 ёшда. Қўшработ туманидан. Бундан 3 йил аввал унга оғир хасталик — жигар циррози ташхиси қўйилган. Шундан сўнг вақти-вақти билан консерватив муолажалар олиб келган.

    Бироқ даво чоралари кутилган натижа бермагач, ушбу университет клиникаси мутахассисларига мурожаат қилган. Касаллик терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида жигар кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.

    Тиббий текширувлардан сўнг беморнинг 1977 йилда туғилган укаси Аслиддин Алимов жигарининг бир бўлагини кўчириб ўтказиш учун барча кўрсаткичлар мос келган.

    Самарқанд давлат тиббиёт университетида бажарилган операция 8 соат давом этди. Ҳозир бемор ҳамда донорнинг аҳволи яхши. Уларнинг ҳар иккаласи шифокорлар томонидан тиббий назоратга олинган ва керакли тиббий муолажалар давом эттирилмоқда.

    — Бундай мураккаб операцияни бажариш учун университетимиз кўп тармоқли клиникасининг Хирургия бўлими юқори технологияли замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, — дейди олий ўқув юрти ректори Жасур Ризаев. — Қолаверса, “1-сон хирургик касалликлар”, “Анестезиология, реанимация ва шошилинч тиббиёт” ва “1-ички касалликлар” кафедралари профессор-ўқитувчилари клиниканинг етакчи мутахассислари билан биргаликда Туркиянинг "Medical Park" тиббиёт марказида бир йил давомида малакаларини ошириб қайтди.

    Режага кўра, турк мутахассислари билан имзоланган меморандум доирасида мазкур клиникада яқин келажакда йилига 50 га яқин жигар трансплантацияси амалиётини бажариш имконияти яратилади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates