Қулай бизнес муҳити ишбилармонларни янги муваффақиятга чорлайди

    Кеча пойтахтимизда «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан тадбиркорлар иштирокида бизнес учрашуви ташкил этилди.

    Жорий йил 16 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида банкларнинг аҳоли бандлигини таъминлаши, даромадли қилиши ортидан камбағаллик даражасини камайтиришга қўшадиган ҳиссасига эътибор қаратилди. Шунингдек, оилавий ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, инфратузилма лойиҳалари, микромолия ҳамда факторингни ривожлантириш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб берилди. Мазкур йиғилиш банкларни муҳим тузилмага айлантиришга катта ҳисса қўшади. Банклар фаолиятини маҳаллага кўчириш орқали аҳоли турмуш тарзини тўғри ва холисона баҳолаш имконияти туғилади. Кредит ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланиши таъминланади.

    Кеча пойтахтимизда «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан тадбиркорлар иштирокида бизнес учрашуви ташкил этилди. 100 га яқин ишбилармон билан мулоқотда банкдаги турли кредит маҳсулотлари, онлайн факторинг, «Greenbanking», экспортни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги молиявий таклифлар, шунингдек, «SQB Business» мобил иловаси ва ундаги онлайн хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Банк ҳузурида ташкил этилаётган Микромолия ва факторинг компанияси, стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторлар фаолияти хусусида фикр алмашилди.

    Давлатимиз раҳбари яқинда мамлакатимиз етакчи тадбиркорлари билан учрашувда: «Кенг кўламли ислоҳотларимизнинг илк кунларидан бошлаб мен бир фикрни доим таъкидлаб келаман: тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам шу соҳада мужассам. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача – барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт», – деди.

    Сўнгги йилларда Президентимизнинг тадбиркорлар билан ўтказаётган очиқ мулоқотлари туфайли соҳа эгаларининг ижтимоий масъулияти ортиб бораётир. Биргина мисол, ўтган қисқа муддатда тадбиркорларимиз камбағал оилаларнинг 387 минг аъзоси ва ногиронлиги бор 40 минг одамни даромадли қилди. Президентимизнинг йиғилишда: «2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлади», – дейишидан мақсад энди банклар, маҳалла, ҳокимликлар ва тадбиркорлар ҳамкорлигидаги янги модел мамлакат миқёсида оммалаштирилади. Бу жабҳада «Ўзсаноатқурилишбанк» барча иқтисодий дастурларда фаол қатнашмоқда.

    Хусусан, жорий йилда банк томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиб, бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш борасидаги ишлар натижасида қарийб 8000 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, барча йўналишлар ҳисобига 262 мингдан ортиқ янги иш ўрни очилди. Келгуси йилда банк томонидан Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари асосидаги ишлар изчил давом эттирилади. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга «Бизнесга иккинчи қадам» ва «Тезкор кредит» каби имтиёзли кредитлар таклиф этилади. «Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш» дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ажратилади. 2025 йилда барча йўналиш ҳисобига 400 минг кишининг бандлиги таъминланади. Шундан 240 мингга яқини тадбиркорликка жалб қилинади.

    – Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб, янги иш ўринларини яратиш борасида банк тизимида алоҳида ёндашувлар ҳам мавжуд. Масалан, бир ҳудуддаги салоҳиятли тадбиркорга кам фоизли кредит бериб, лойиҳасини оғир туманда татбиқ этиш орқали ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга ҳисса қўшилмоқда, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқаруви раиси ўринбосари Санжар Абдувалиев. – Президентимиз ушбу ташаббусимизни маъқуллаб, уни бошқа тижорат банкларида ҳам қўллаш бўйича кўрсатма берди. 2025 йилда мазкур тажрибани давом эттириб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятига бошқа ҳудудлардан тадбиркорлар жалб қилишни мўлжаллаганмиз.

    Пойтахтлик тадбиркорлар билан учрашувда шу мақсадда шакллантирилган 30 дан ортиқ лойиҳа, уларни татбиқ этишга доир имтиёз ҳамда халал бераётган масалалар муҳокама қилинди. Бизнес-мотиватор Ҳасан Мамасаидов иштирокчиларни жаҳон бизнес ҳамжамиятида қўлланаётган янги тамойиллар, тармоқлар ва технологиялар билан яқиндан таништирди. Шунингдек, лойиҳаларни пухта амалга оширишга доир замонавий назарий қарашлар ҳақида маълумот берди.

    Сардор ТОЛЛИБОЕВ, «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates