Қулай шарт-шароит ва дўстона алоқалар

    Қувада ҳозир гилос мавсуми бошланган. Миришкор боғбонлар саъй-ҳаракати туфайли етиштирилган сархил мевалар ички бозорга чиқариш билан бирга ташқи бозорга экспорт қилинмоқда.

    Аста-секин кунлар исиши билан юртимизда дала юмушлари ҳам кўпаяди. Мева ва полиз экинлари ҳам пишиб етила бошлайди. Бу эса ана шу боғ ва дала неъматларини биринчилардан бўлиб ташқи бозорларга сотиш имкониятимизни кенгайтириш баробарида, хорижий давлатлар ишбилармонларининг биз билан ҳамкорликда ишлаш истагини оширади. Жумладан, Қува тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “777–Куббо витамини” Ўзбекистон–Қозоғистон қўшма корхонаси шундай хоҳиш, қолаверса, мамлакатимизда чет эллик сармоядорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароит мевасидир.

    Қувада ҳозир гилос мавсуми бошланган. Миришкор боғбонлар саъй-ҳаракати туфайли етиштирилган сархил мевалар ички бозорга чиқариш билан бирга ташқи бозорга экспорт қилинмоқда. Ўтган мавсумда қўшма корхона томонидан 60 тоннадан ортиқ гилос эскпорти амалга оширилди. Жорий мавсумдаги режалар бундан ҳам юқори.

    Янгиликка интилиш, ҳавас билан меҳнат қилиш қувалик миришкорларнинг қон-қонига сингиб кетган. Қаерга борманг, мева-чева нархи, янги навлар, парвариш усуллари суҳбат асосини ташкил этади. Боғлар, йўл бўйларида, хуштаъм мевалардан истаганча татиб кўриш мумкин. Сизга пешвоз чиққан ширин сўз соҳибкорлар, “Келинглар, еб кўриш бепул”, дея очиқ чеҳра билан боғ ва томорқа томон бошлайди.

    Боғбонлар сархил меваларнинг нафақат таъми ва сифати, балки узоқ вақт сақланишига ҳам эътибор қаратишмоқда. Шу мақсадда мева саралаш, қадоқлаш, сақлаш борасида замонавий технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Умумий сиғими 1,5 минг тонна бўлган музлатгич, логистика, меҳмонхона хизмати ишга туширилиб, 30 дан ортиқ доимий ва юзлаб мавсумий иш ўринлари яратилди.

    — Ўтган мавсумда қозоғистонликлар дастурхонига 600 минг доллардан ортиқ гилос эскпорт қилинди,— дейди иш бошқарувч Жаҳонгир Зокиров.— Бу йил экспорт миқдорини 1 миллион долларга етказамиз. Эндиликда боғбон ва томорқа ер эгаларидан сархил мевалар харид қилиш билан бирга, интенсив усулда маҳсулот етиштириш борасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратдик. Мазкур ишлар учун умумий қиймати 1 миллион доллар бўлган инвестиция ҳисобига қақроқ қир-адир ерларни ўзлаштириб, 100 гектарда гилос боғлари ташкил этилди. Буларнинг бари ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини оширишда ўзига хос имкониятлар беради.

    Ўзбекистон ва Қозоғистонни умумий боғлаб турувчи ҳамкорлик ришталари тобора кенгайиб бормоқда. Кейинги йилларда савдо- иқтисодий, маданий, гуманитар соҳаларда самарали алоқалар кенг ривожлангани қувонарли.

    — Бу ерда иш бошлаганизмизга беш йил бўлди, — дейди инвестор Бахтигул Бемелдинова. — Кейинги йилларда хорижлик инвесторларни қўллаб-қувватлаш, самарали ҳамкорлик учун керакли шарт-шароитлар яратиб берилди. Шунингдек, божхона, солиқ, банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар турли оворагарчилик ва қоғозбозликларга чек қўйди. Маҳсулот харид қилиш, экспортга йўналтириш билан боғлиқ имкониятларимизни оширди. Айни кунда ҳамкорлик алоқалари ва географиясини янада кенгайтиряпмиз. Эндиликда нафақат Қозоғистон, шу билан бирга Хитой ва Жанубий Корея, Европа мамлакатларига ҳам сархил меваларни экспорт қилиш имкониятимиз ошади.

    Фарғона вилояти ҳамда Қозоғистон Республикаси тадбиркорлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар кўлами янги босқичда кенгайиб боряпти. Натижада фақат мева-сабзавот эмас, балки озиқ-овқат, саноат, қурилиш, метални қайта ишлаш, ҳунармандчилик йўналишларида ҳам узоқ истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, ҳозирга қадар Қозоғистон корхоналари капитали иштирокида 14 та қўшма, 2 та хорижий корхона ташкил қилинган. Ўтган йилнинг ўзида умумий қиймати 2 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит ўзлаштирилиб, юзлаб янги иш ўрни яратилди.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates