Қуёш панелида ишлайдиган сув насоси — кам таъминланган оилалар учун тежамкор технология

    Ҳамма яхши яшашга, фаровон ҳаёт кечиришга интилади. Аммо айрим ижтимоий муаммолар, турли вазиятлар борки, бунга йўл бермайди. Камбағаллик ана шундай ижтимоий муаммолардан.

    Атрофимизда бирор қийналган оила бўлса, инсонийлик жиҳатидан унга ёрдам қўлини чўзамиз. Бироқ қўлдан берганга қуш тўймайди. Бир оиланинг фаровон ҳаёт кечириши учун доимий даромад манбаи зарур. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам шу. Кам таъминланган оилалар аъзоларининг қизиқиши, ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бандлигини таъминлаш орқали даромадини ошириш чоралари кўриляпти.

    Қийин шароитдан чиқишга интилиб, чора тополмаётган инсонга кўрсатиладиган кичик ёрдам ҳам унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Бугун ана шундай ўзгаришлар билан яшаётган минглаб юртдошларимиз ҳақида биламиз. Маҳалла кўмагида олинган имтиёзли кредит, бирор ҳунар бошлаш учун берилган беминнат иш қуроллари сабаб камбағал оиладан иш берувчи тадбиркорга айланганлар қанча. Ўзим ҳам уларнинг бир нечаси ҳақида мақолалар тайёрлаганман.

    Очиғи, имконият тўғри чамаланса, йўналиш аниқ кўрсатилса, энг муҳими, одамнинг ўзида ҳаракат бўлса, ҳозир бир чеккада қашшоқ бўлиб яшашнинг имкони йўқ. Ҳеч бўлмаcа, уйингизга нега бекор ўтирганингизни сўроқлаб келиб, бирор иш бошлашни таклиф қилувчиларнинг қадами узилмайди. Ҳол-аҳвол сўровчилар эса қўшниларингиз эмас, давлат идоралари вакиллари бўляпти.

    Шу йил 16 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу жиҳатга такрор ва такрор урғу берилди.

    Аҳолининг дарду ташвишларини эшитиб, уларга шароит яратиб бериш раҳбарларнинг асосий вазифаси экани таъкидланди. Энди одамлар муаммолари билан ишлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилиши белгиланди.

    Сув бўлса, томорқадан фойдаланувчилар кўпаяди

    Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани Такия маҳалласи оғир ҳудудлардан. Бу ерда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш Кадастр агентлиги зиммасига юклатилган.

    Дастлабки жараёнда ҳудуд ўрганилиб, аҳолининг асосий даромад манбаи деҳқончилик ва чорвачилик экани аниқланди. Маҳаллада истиқомат қиладиган 3882 кишининг аксарияти хонадонидаги томорқада маҳсулот етиштиради. Аммо олинган ҳосилнинг асосий қисми рўзғордан ортмайди. Бир қисмигина бозорга олиб чиқилади. Хонадон эгалари шундан озгина даромад қилади.

    Ҳосилнинг кўп эмаслиги суғоришдаги муаммолар билан ҳам боғлиқ. Маҳалладаги ариққа яқин жойлашган 20 та хонадон шахсий электр насоси орқали сув чиқарган. Унга сарфланадиган электр энергияси харажати чўнтаги бақувват оилани ҳам қийнаб қўяди. Камбағал оилани-ку айтмаса ҳам бўлади. Одамлар томорқаси, билагида кучи бўла туриб,

    ердан самарали фойдалана олмаётгани боиси шунда.

    Ушбу масаланинг замонавий ҳамда инновацион ечими сифатида Кадастр агентлиги томонидан Такия маҳалласига мамлакатимизда биринчилардан бўлиб қуёш панелида ишлайдиган сув насоси ўрнатиб берилди. Қуёш панелининг қуввати 60 киловатт. Кун давомида насос ҳеч қандай харажатсиз ишлайди. Замонавий сув насоси маҳалладаги 200 та хонадонни сув билан таъминламоқда. Қурилма соатига 1000 куб метр сув чиқаради. Ҳудудда 8 та кўча бўлиб, уларда яшовчиларнинг томорқаси ҳар куни навбати билан суғорилади.

    Сув чиқариш насоси қуёш панели ёрдамида ишлагани боис, ундан фойдаланиш аҳолига текин тушяпти. Яъни қурилма одамларнинг суғориш учун сарфланадиган электр энергияси харажатини камайтирди. Суғориш билан боғлиқ муаммо ечилгани камбағал оилаларнинг ҳам томорқадан фойдаланиш самарадорлигини оширмоқда.

    — Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган, — дейди Кадастр агентлиги директори ўринбосари Абдушукур Абдуллаев. — Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарори билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ҳам ишга туширилган. Унда барча давлат ва хўжалик бошқарув органларига муайян ҳудуд бириктирилиб, улардаги кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқариш вазифаси белгиланган. Кадастр агентлигига ҳам юртимиз бўйлаб бир қанча ҳудуд, хусусан, турли вилоятлардаги айрим маҳаллалар бириктирилган. Қизириқ туманидаги маҳаллалар шулар жумласидан. Бугунга қадар тумандаги 34 та оиланинг бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини ошириш мақсадида чорва моллари, турли иш қуроллари топширилди. Техникани бериш билан иш битмайди. Тажрибаси бўлмаган одамга маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатиш ҳам зарур. Жараёнда кам таъминланган оилалар аъзоларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ёки томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашиш ҳам асосий вазифамиз ва бу борадаги ишлар ҳам тизимли бажарилмоқда.

    Ҳам иқтисод, ҳам даромад

    Суғориш тизимида қуёш нуридан фойдаланиш — янгича ечим. Бошқа жиҳатдан, ҳозир юртимизда барча соҳа ва тармоқда энергиятежамкор, экология учун зарарсиз, арзон ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтилаётганининг натижаси бу. Самарадорлигини эса чамалаш қийин эмас. Мана, Такия маҳалласи бир мисол. Камбағал оилалар электр энергияси харажати сабаб сув чиқариш насосидан фойдалана олмаган. Табиий шароитда суғоришнинг эса доим ҳам имкони йўқ, ариқларда сув саёзлаб кетган бугунги шароитда томорқадан рўзғорга етарли ҳосил олинса ҳам катта гап.

    Замонавий сув насослари бунинг ўзига хос ечими бўлади. Бундай технологияни юртимизнинг барча ҳудудида қўллаш ҳаракати бошланган. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифида вилоятда экин майдонига сув чиқариш осон эмаслиги, мамлакатдаги насосларнинг 21 фоизи шу ерда жойлашгани, уларга қуёш панели ўрнатиб, электр харажатини иқтисод қилиш муҳимлиги таъкидланганди. 2138 та насосни шу тизимга ўтказиб, Хоразм тажрибасини яратиш зарурлиги кўрсатилган.

    Қуёш панелида ишлайдиган сув насосини ўрнатишдан мақсад аҳоли харажатини камайтириш баробарида томорқадан самарали фойдаланиш кўрсаткичларини оширишга ҳам қаратилган. Чунки мамлакатимиздаги қатор ҳудудлар тажрибаси томорқанинг аҳоли учун яхшигина даромад манбаи эканини кўрсатди. Такияликлар ҳам амалиётда бунга амин бўляпти.

    Дастлаб маҳалла аҳлига турли сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар етиштириш, мав-сумий маҳсулотларни жамлаш ҳамда бозорда сотиш борасида амалий тавсиялар берилди. Томорқадан йилда бир неча маротаба ҳосил олиб, доимий ёки қўшимча даромад манбаи яратиш мумкинлиги кўрсатилди.

    Очиғи, томорқадан унумли фойдаланиб, яхши даромад олиш борасида Сайхунобод тажрибасига ҳавас қилардик. Аммо суғориш билан боғлиқ муаммо сабаб бозорбоп маҳсулот етиштира олмаганмиз. Сув насоси ўрнатилганидан ке-йин ўзимиз ҳам турли маҳсулотларни етиштиришга қизиқиб, киришиб кетдик”, дейди фуқаролардан бири.

    Авваллари ҳудуд аҳолиси, асосан, беда етиштирган. Сайхунобод тажрибаси ҳақида ёзганимизда туман мутасаддиси билан беда ва сабзавот экинларининг бозордаги нархини ҳисоблаб кўргандик. Ўртадаги фарқ бир неча баробар юқори. Ваҳоланки, аҳолининг кўпи бедани ҳатто сотмайди ҳам, асосан, чорва учун етиштиради, ер бўш турмаслиги учун бир эрмак.

    Такия маҳалласи энди томорқага даромад манбаи сифатида қарай бошлади. Йилнинг қайси фасли бўлмасин, сувдан хавотир олмайди, қуёш панелида ишлайдиган насос доим ишлаб туради. Одамлар ерга қадаган экинини вақтида суғориб, кўкартиряпти. Хонадонлардаги томорқада сабзавот ва полиз экинлари, кўкатлар етиштириляпти. Аҳоли оладиган ҳосилини оилавий эҳтиёжидан орттириб, бозорга олиб чиқади.

    Айтганча, Янгийўл туманидаги кўкат етиштиришга ихтисослашган маҳаллалар ҳақида ёзганимда одамлар томорқасидан йил давомида тиндирмай ҳосил олиши, кўкатдан яхшигина даромад топишига шахсан гувоҳ бўлгандим. Қаловини топсанг, қор ҳам ёна-ди, дейишгани рост. Ҳозир томорқага кириб олиб, тинимсиз меҳнат қилишдан кўра, замонавий техника ёрдамида билимга асосланган усулларни қўллаш анча самара беради.

    Қуёш панелида ишлайдиган сув насосини олайлик. Қурилма ёрдамида сув чиқариш учун инсон омили таъсири керак эмас, тўлиқ электрон тизим асосида ишлайди. Техникадан ҳудудда электр энергиясида узилиш бўлган вақтларда ҳам фойдаланиш мумкин. Чунки қурилманинг ишлаши умумий тармоққа боғлиқ эмас. Қуёш нуридан қувват олади ва кун давомида ишлаб беради. Бу экинларни суғориш жараёнида узилиш бўлмайди, сув узлуксиз таъминланади, дегани.

    Қуёш панели ҳаракатга келтираётган сув насоси нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам самарали. Инновацион ёнда-шув эса аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиляпти.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates