Ё бўлмаса, уйингизни ёритганингиз, телевизор, музлаткич, совиткичдан фойдаланганингиз, борингки, таом пишириб, хонадонингизни иситганингиз учун ҳеч қандай тўловни амалга оширмасангиз. Даромадингиз манбаи иссиқхонангизни ишлатишга, цех, заводингиз электр энергиясига заррача харажат қилмасангиз, қандай бўлади?
Бунинг устига соф экологик муҳит тоза ҳаво, ҳаммаёқ яшилликка бурканган манзилда истиқомат қилсангизчи? Мутахассислар «яшил иқтисодиёт» тизимига ўтиш орқали мамлакатда шундай имкониятлар яратилишини айтмоқда. Бу тизим қайта тикланувчи, муқобил энергия манбаларига таянади.
Ушбу манбалар эса ҳозир ҳам инсоният пул тўламай фойдаланадиган қуёш нури, шамол ва сув манбаларига асослангани мутахассислар фикрида жон борлигини кўрсатади. Бундай жамиятни яратиш ўз қўлимизда экани янада қувонарли. Шу боис, бугунги глобал иқтисодий инқироз авж олаётган, экологик муаммолар ортган бир пайтда дунё ҳамжамияти учун «яшил иқтисодиёт» тизимига ўтиш энг оқилона чора сифатида кўрилмоқда. Келинг, ушбу тизимга ўтишнинг зарурати ҳамда унинг фойда ва камчиликлари ҳақида батафсил фикр юритамиз.
Ахборот маконини кузатар эканмиз, табиий офатлар — ёнғин ёки тўфонлар аввалгидан кўпроқ бўлаётганини фаҳмлаяпмиз. Статистик маълумотларга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида табиий офатлар оқибатида дунё иқтисодиёти 320 миллиард доллар зарар кўрган. Бу кўрсаткич 2023 йилгидан 30 фоиз юқори. Балки олис мамлакатлардаги ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар сизга кўп ҳам дахлдордек туюлмаётгандир. Аммо кейинги йилларда минтақамиз, борингки, мамлакати-мизнинг турли ҳудудларида иқлимнинг кескин ўзгариши, чанг бўронлари рўй бераётгани глобал экологик муаммоларнинг биздан у қадар ҳам олисда эмаслигини кўрсатади.
Экологик муаммоларга қарши курашиш-нинг бирламчи усули қандай, деган савол ўртага ташланса, биринчи навбатда, барчанинг хаёлига дарахт ўтқазиш, табиатни, атрофмуҳитни асраш келади. Албатта, бу амаллар жуда муҳим. Шу боис, юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига асо-сан, оммавий дарахт экиш акциялари мунтазам ўтказилмоқда.
Соф экологик муҳитни асрашда муҳим тадбирлардан яна бири давлат ва жамият-нинг «яшил иқтисодиёт»га ўтишидир. Айни пайтда бу икки амалиётни бирбиридан айри тасаввур этиб бўлмайди.
Президентимиз томонидан 2025 йил Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили деб эълон қилинди. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида эса табиатни асраш билан «яшил иқтисодиёт»га ўтиш бўйича турли ислоҳот ва лойиҳалар бирбири билан уйғунликда олиб борилиши назарда тутилган. Ушбу дастурда белгиланган чоратадбирлар Ўзбекистон экологиясини қайта тиклаш ва «яшил иқтисодиёт» тизимига ўтишда яна бир дадил қадам бўлади.
Дарахт экиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, соф экологик муҳит шакллантириш хаста табиат иммунитетини кўтаради-ган озуқа бўлса, экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган заҳарли газ, ишлаб чиқариш, саноатда углерод сарфини кескин камайтириш орқали «яшил иқтисодиёт»га ўтиш айнан касалликнинг ўзини бартараф этадиган дармондоридир.
«Яшил иқтисодиёт» тизими фақатгина экологик муаммоларни ҳал этишгагина хизмат қиладиган эмас, ҳар жабҳада давлат ва жамиятга манфаат келтирадиган тизим. Жумладан, «яшил» энергетика соҳаси тобора кенгайиб, янги технологиялар ва инновациялар билан бирга кўплаб иш ўринларини яратмоқда. Масалан, қуёш панеллари ишлаб чиқариш, шамол турбиналари ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш каби соҳаларда янги иш ўринлари пайдо бўлмоқда.
Айни пайтда кўпгина давлатлар нефть ва газга қарам бўлиб, уларни импорт қилишга мажбур. «Яшил» энергия манбалари ривожланиши эса уларнинг энергетик мустақил-лигини таъминлайди ва ресурслар бўйича иқтисодий хавфсизлигини янада оширади.
Табиатни асраш, глобал экологик муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланади-ган халқаро ташкилотлар анъанавий энергия манбалари, хусусан, нефть, кўмир ва газ ёқилғиси атмосферага катта зарар келтиришини қайд этиб, «яшил иқтисодиёт» тизими бундай ифлосланишни камайтириши ҳақида турли акциялар ўтказиб, ижтимоий ролик ва тарғибот материаллари чоп қилмоқда. Бу эса дунё аҳлининг анъанавий энергия манбалари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар-ни харид қилишдан тийилиб, табиатга зарар етказмайдиган «яшил» энергиядан фойдаланилган ҳолда тайёрланган маҳсулотларни сотиб олишга мойиллигини орттирмоқда. Талабга кўра, шу йўналишда турли халқаро сертификатлар жорий этиляпти. Келгусида бу сертификатларга эга бўлмаган маҳсулот-лар сотуви кескин пасайиши мумкин. Ўз маҳсулотларини экспорт қилишни истайдиган давлат ва ишбилармон тадбиркорлар «яшил иқтисодиёт»га ўтиши шарт бўлади. Бу тизимнинг энг мақбул жиҳати энергия харажатларини минимал даражага туширишдир. Шу боис, «яшил иқтисодиёт» тизи-ми давлат, тадбиркорлар ва оддий халқ учун бирдек манфаатли.
Шу ўринда бир савол туғилади: «яшил иқтисодиёт» барчага бирдек фойда келтирар экан, нега дунё аҳолиси анъанавий иқтисоди-ётдан ёппасига ва тез унга ўтиб кетмаяпти?
Бунинг қатор сабаблари бор. Шулардан бири, барча давлатларнинг иқлими, жойла-шуви, табиий ресурслари сув, шамол, қуёш-дан олинадиган муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имконини бермайди.
Шукрки, серқуёш ўлкамиз, олтин водий-ларимиз, дарёларимиз қайта тикланувчи энергия манбаларининг барча турини қўллашимизга етарли шартшароит беради.
Шунингдек, қуёш панеллари, шамол турбиналари ва бошқа «яшил» технологиялар-ни ўрнатиш катта сармояни талаб қилади. Кейинчалик минимал харажатлар орқали бу сармоя ўрни қопланишига қарамай, кўпчилик бир мартада катта маблағ сарфлашни истамайди.
Мамлакатимизда муқобил энергиядан фойдаланадиган аҳоли вакиллари ҳамда тадбиркорлар учун турли компенсация, имтиёз-лар берилиши бошланғич сармояни минимал даражага туширади.
Тўлақонли равишда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш учун биргина давлат томонидан ислоҳот-лар қилишнинг ўзи етарли эмас. Ишбилармон тадбиркорларимиз ўз фаолиятига экологик тоза «яшил» технологияларни жорий этиши, халқимиз вакиллари эса турмуш тарзида қайта тикланувчи, муқобил энергия воситаларидан кенг фойдаланиши бугунги кун зарурати.
Яъни барча ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсагина, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Президентимиз таъбири билан айтганда, «яшил» тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даража-сига кўтарилиши керак.
Ривожланган мамлакатлар танлаган йўл
Отабек МУСУРМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси:
— Маълумотларга кўра, Хитой 2024 йилда қуёш ва шамол энергияси ишлаб чиқарувчи станцияларини барпо этишда дунё рекордини ўрнатди. Гап шундаки, у ерда дунёнинг жами мамлакатларида қурилган станциялардан икки баробар кўп қуёш ва шамол электростанциялари барпо этилди. Натижада Хитой ўтган йили жаҳон миқёсида энг кўп электр энергияси ишлаб чиқарган мамлакатга айланди.
Хитой сингари дунёнинг энг кучли мамлакатлари «яшил иқтисодиёт» тизимига зўр бериб ўтишга уринаётгани ҳам бу келажак соҳаси эканини билдиради. Шу боис, юрти-мизда жорий йил Атрофмуҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили деб эълон қилин-ди. Куни кеча тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атрофмуҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастуридаги олдимизга қўйилган вазифаларни тўлақонли бажарсак, биз ҳам «яшил иқтисодиёт» тизимига ўтиш борасида катта қадам ташлаган бўламиз. Дастурга биноан, жорий йилда электр энергияси ишлаб чиқаришда «яшил» энергетика манбаларини 26 фоизга ва жами генерация қувватлари таркибидаги улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Бунга давлатхусусий шериклиги асосида «яшил» энергия станцияларини, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш ҳисобига эришилади.
Шунингдек, «Тежамкорлик ва барқарор-лик» тамойили асосида давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш, яъни «яшил» энергияга мослаштириш орқали корхоналарда ишлаб чиқариш харажатларини 1520 фоиз камайтириш кўзда тутилмоқда. Мамлакатимизда экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зоналари ташкил этиш белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, дастурда ижтимоий, иқтисодий соҳа объектларида «яшил» энергетика манбаларидан фаол фойдаланиш кўзда тутилган. «Яшил иқтисодиёт» тизимига ўтиш йўлидаги ҳаракатлар фақат бу йил эмас, кейинги йилларда ҳам фаол давом эт-тирилади. Хусусан, 2027 йилдан 30 фоиз, 2030 йилдан 55 фоиз «яшил иқтисодиёт»га ўтилади. Айни шу мақсадда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлардан 300 миллион доллар ресурс жалб қилинган.
«Яшил» энергия келажак энергетикаси-нинг ажралмас қисми бўлиб, у нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки иқтисодий ўсишга ҳам ҳисса қўшади. Технологик тараққиёт, ҳукумат сиёсати ва экологик онгнинг ошиши унинг кенг тарқалишига хизмат қилади. Шу сабабли уни ривожлантириш келажак авлодлар учун тоза ва барқарор муҳит яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Жаҳон бозорининг олтин калити
Темур Малик НАРЗИҚУЛОВ, «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси директори:
— Ривожланган мамлакатлар саноат, ишлаб чиқариш соҳасида «яшил иқтисодиёт» тизимини жорий этиш бўйича амалий ҳаракатлар анча илгари бошланган. Хусусан, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтиришга қаратилган Париж битими ишлаб чиқилганига 2025 йилда ўн йил бўлади. 2016 йилдан эътиборан кучга кирган ушбу ҳужжат дунёнинг 195 мамлакати томонидан маъқулланиб, 175 давлат унинг тадбирлари доирасида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон Париж битими доирасида атмосферага чиқараётган иссиқхона гази миқ-дорини 2030 йилга қадар 35 фоизгача (2010 йилга нисбатан) камайтириш мажбуриятини зиммасига олиб, унга кўра, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш мақсадида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш устида ишламоқда.
Айниқса, Париж битими негизида Европа Иттифоқи давлатлари турли лойиҳаларни амалга оширяпти. Шулардан бири «Фит фор 55» пакети. Унинг «Cарбон Бордер Аджустмент Мечанисм» («CБАМ» углерод чегарасини созлаш механизми) қисмида халқаро тижорат, маҳсулотларни импортэкспорт қилиш, инвестициялар киритиш масалалари қайд этил-ган. Бунга кўра, Европа Иттифоқига импорт қилувчилар маҳсулот ишлаб чиқарилишида ҳосил бўлган углерод ҳисоботларини бериши ва бу чиқиндилар учун алоҳида тўлов талаб этилишини босқичмабосқич жорий этиши белгиланган. Бу «яшил» энергия манбаларидан фойдаланмайдиган экспортчи тадбиркорлар, маҳсулот ишлаб чиқариш учун катта маблағ сарф этиш билан бирга уни сотиш учун ҳам алоҳида мажбурият олиши ва турли солиқлар тўлашига тўғри келади, дегани.
Шунингдек, ривожланган мамлакатлар кейинги йилларда «ИРEC» (Халқаро қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаш ташкилоти) cэртификати бор маҳсулотларни сотиб олишга кўпроқ урғу бер-моқда. Ушбу сертификат дунёнинг кўпгина давлатларида тан олинадиган ҳужжатдир.
Шу боис, ЖСТга аъзо бўлиш, дунё бозорида ўз маҳсулот ва брендлари билан алоҳида ўрин эгаллаш, экспорт салоҳиятини янада оширишни мақсад қилган Ўзбекистон учун «яшил иқтисодиёт»га ўтиш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, экспортчи ўзбек ишбилармонлари «ИРEC» сертификатини қўлга киритиши жуда муҳим.
Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги «Яшил энергия» сертификатлари тизимини жорий этиш чоратадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, ИРEC билан ҳамкорликда ўз-бек тадбиркорлари учун мазкур сертификат-ни бериш тизими йўлга қўйилди. Ўтган 2024 йил давомида маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан 64 минг дона «яшил энергия» сертификати савдоси амалга оширилди. Бу сертификатни тан олган мамлакатлар сони йил сайин ортиб бораётгани, замонавий истеъмолчилар маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишида экологияга зарар етказилмаганига алоҳида эътибор қаратаётгани мазкур ҳужжатни жаҳон бозорининг олтин калитига айлантирди, десак муболаға бўлмайди.
Барча учун бирдек фойдали
Анвар АБДУҚАЮМОВ, «Той бола» миллий бренди асосчиси:
— Халқаро кўргазма ва тадбирларда турли мамлакатлардан ташриф буюрган иш-билармонлар билан суҳбатлашиб қоламиз. Хусусан, Европа Иттифоқи давлатлари тадбиркорларининг аксарияти муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини айтади. Шунингдек, мамлакат қонунчилигида муқобил энергияни жорий қилган тадбиркорлар маҳсулотини импорт қилишда бож ва бошқа сертификация масалаларида алоҳида қулайлик ва имтиёзлар қўлланилиши ҳақида сўзлайди. Ҳатто ушбу давлатларнинг фуқаролари ҳам таннархи баланд бўлсада, муқобил энергиядан фойдаланган ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сотиб олишга ҳаракат қилишар экан. Дунё бозорида бундай маҳсулотлар талабгир бўлиб бормоқда. Узоқни кўзлаган тадбиркор эса давр талабини аҳамиятсиз қолдирмаслиги керак.
Кейинги йилларда дунёда иқтисодий инқироз кучайиб боряпти. Бу эса ҳар бир тадбиркор фаолиятига йил сайин кўпроқ таъсирини ўтказяпти. Ўз фаолиятимдан ми-сол қиладиган бўлсам, 2023 йилда 5 миллион долларга яқин экспорт қилган эдик, ўтган йили бу рақам бир оз камайди, аммо ички бозордаги савдони ўстиришга эриша олдик. 2024 йил ноябрь ойидан бошлаб Руминияга маҳсулот сотишни йўлга қўйдик. Бу йил ички бозордаги ўсишни сақлаб қол-ган ҳолда Руминияга экспортимиз ҳажмини бир миллион долларга кўтаришни режа қил-моқдамиз.
Бугун муқобил энергиядан фойдаланиш орқали маҳсулот таннархини тушириш давр талаби бўлиб қолди. Муқобил энергиядан фойдаланиш давлат томонидан рағбатлан-тирилаётгани эса айни муддао. Ҳозир тадбиркорлар учун энг катта қулайликлардан бири ўрнатган қуёш панелида ишлаб чиқар-ган эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини давлатнинг ўзи сотиб олишидир. Бунда ҳар киловатт учун тадбиркорларга 720 сўмдан тўланади.
Тадбиркорлар ўрнатилган қурилмалар бўйича молмулк солиғи, улар билан банд ер бўйича ер солиғи ва электрни сотишдан олинган фойда солиғидан озод қилинган.
Шунингдек, муқобил энергия воситаларини сотиб олишда ҳам турли имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда.
Европа тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки билан бу йўналишда ҳамкорлик қилиниб, имтиёзлар янада орттирилса, кўпчилик тадбиркорлар «яшил» энергетикани ўз фаолиятига татбиқ қилишдан янада мамнун бўлади.
1 миллион сўм тўлаш ўрнига 2 миллион 100 минг сўм фойда қиляпман
Искандар МАТАЗИМОВ, қуёш панели ўрнатган хонадон эгаси:
— Уйимга қуёш панели ўрнатишга қарор қилдим. Айримлар бу қароримни қўллаб-қувватлади. Баъзилар эса жуда қиммат эканини, фойда эмас, зарар қилишимни айтди. Ўзим ҳам иккиланиб қолдим. Сўнг интернет ва танишбилишлардан қуёш панели ўрнатмоқчи бўлган аҳолига давлат томонидан берилаёт-ган имтиёз ва имкониятларни ўргангач, сотиб олишга қатъий қарор қилдим.
Қуёш панелини 3 йил муддатга фоизсиз бўлиб тўлашга сотиб олса бўлар экан. Агар бирданига тўлиқ тўлаб харид қилинса, қурил-ма иш ҳажмига қараб базавий ҳисоблаш миқ-дорининг 7 бараваридан 50 бараваригача пул маблағи қайтариб бериларкан.
Мен юз фоиз тўлаб субсидия олишни маъқул кўрдим ва уйимга 30 киловаттлик қуёш панели ўрнатдим. Беминнат электр энергиясидан фойдаланяпман. Энг яхши томони, айни пайтда бир миллион сўм электр энергияси сарфи учун пул тўлаш ўрнига ўз эҳтиёжимдан ортиқча электр энергиясини ҳудудий электр тармоқларига киловаттини минг сўмдан сотиб, 2 миллион 100 минг сўм давлатдан пул оляпман. Ҳали баҳорёз ойларида даромад бундан ҳам яхши бўлади.
* * *
Дунёга машҳур «Алкимёгар» асари қаҳрамони хазина излаб саёҳат қилади. Алал-оқибат эса хазина ўз ватанидан топилади. Қайта тикланувчи, муқобил энергия ҳам шунга ўхшайди. Оддий қуёш нури, шамол, сувдан ҳам яхши даромад қилиш мумкин. «Яшил» энергия восита-ларидан фойдаланиб, даромад орттириш хазина топишдек гап аслида.
Мутахассислар ҳамда аҳоли вакилларининг сўзларидан «яшил иқтисодиёт» тизими қайси соҳага татбиқ этилмасин, ўша соҳа тараққиётига ҳисса қўшишига амин бўласиз. «Яшил иқтисодиёт» машиналарни ҳаракатга келтирувчи светофорнинг яшил чироғига ўхшайди. Ушбу тизимни жорий этиш билан иқтисодиёт тараққиёт пиллапояларидан илғор одимлай бошлайди.
Санжар ЭШМУРОДОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири