Қуёш панеллари: энергетик барқарорликка эришишнинг энг мақбул йўли

    Бу йил қиш фасли сўнгги йиллар декабрида кузатилган об-ҳавога нисбатан анча совуқ келди. Буни ҳатто айрим мутахассислар, сўнгги 50 йилда кузатилган энг қахратон совуқдан бири сифатида баҳолади.

    Бинобарин, устма-уст ёққан ёмғир-қор ва айниқса, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши кўпчилигимизни бесарамжом қилгани бор гап. Январнинг иккинчи декадасидаги совуқ эса узоқ йиллар мобайнида кузатилган ўртача ҳароратга нисбатан анчагина пастлиги билан бу борадаги ноқулайликларни бир неча чандон оширди.

    Бундай совуқ об-ҳаво шароитида табиий газ босимининг пасайиши ва электр энергияси таъминотида ўрнатилган чекловлар соҳада муаммолар борлиги, аниқроқ айтганда, талабга нисбатан таклифнинг етарли эмаслигини кўрсатди.

    Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бизда электр энергиясига эҳтиёж қанча-ю уни қаноатлантириш учун қанча миқдорда энергия ишлаб чиқарилмоқда, умуман, муаммони бартараф этишнинг йўли қандай?

    Шундай кезларда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ босимининг пасайиши, автотранспорт воситаларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчаларидаги чекловлар бир томондан мантиқий. Чунки, ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетган бир пайтда электр энергиясига талаб кескин ошади. Ўзбекистонда мавжуд электр энергиясининг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг қарийб 85 фоизи эса табиий газ воситасида олинади. Демак бундан кўринадики, муаммонинг асосий илдизларидан бири электр энергияси барқарорлигига бориб тақалади.

    Хўш, унда электр энергияси таъминотидаги узилишлар қандай пайдо бўлмоқда? Маълумки, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси асосида аҳоли фаровонлигини ошириш чоралари кўриляпти, тадбиркорлик ривожига кенг йўл очилди. Пировардида, иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, юртдошларимиз турмуш даражаси яхшилангани сари энергияга талаб ҳам ошиб боряпти. Хусусан, сўнгги беш йилда юртимизда электр энергияси истеъмоли 20 фоиз, шу жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда.

    “Яшил” энергия улуши сезиларли ошади

    Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда тадбиркорлик ривожланиб, аҳолининг фаровонлиги ошиб бориши эвазига электр энергиясига талабнинг муттасил ортиб бориши ҳам алоҳида эътиборга олинган. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 24-мақсадида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ушбу мақсадга эришиш йўлида 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард кВт соатга ошириб, жами 100 миллиард кВт соатга етказиш, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш вазифаси белгиланган.

    Мамлакатимизда шу муносабат билан бугунги кунда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида муқобил энергиядан фойдаланиш борасида қатор устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, 2021 йилда илк бор Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 МВтлик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси экспулатацияга топширилган.

    Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида қуввати 100 МВт бўлган, йилига 360 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаришга ҳамда 110 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлашга мўлжалланган лойиҳа қурилиши бошланган. Бунинг натижасида 106 миллион метр куб табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олинади. Тежалган газ билан 35 минг хонадонни бир йил давомида газ билан таъминлаш имкони вужудга келади.

    Бундан ташқари, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати 220 МВтдан бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станцияси, Бухоро вилоятида умумий қуввати 1000 МВт бўлган 2 та шамол электр станцияси ҳамда Навоий вилоятида қуввати 200 МВт, Сурхондарё вилоятида қуввати 457 МВт бўлган бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, 2024 йилда эса Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда. Жами ишга тушириладиган янги қувватлар эвазига пировардида умумий 2 797 МВт электр энергияси ишлаб чиқарилади.

    Жорий йил 23 январь куни Президентимиз топшириғига асосан Бош вазир раислигида Ўзбекистонда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам муқобил энергия ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, зарур вазифалар белгилангани ҳам Ўзбекистон бу йўлда катта мақсадларни кўзлаб, дадил юришда давом этишидан далолат беради. Зеро, йиғилишда Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ масъулларига икки ҳафта муддатга Хитойга бориб, 2 гигаватт қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан музокараларни якунлаш ҳамда 15 февралга қадар шу бўйича тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

    Айни йўналишда чин юрти вакиллари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки, Хитой қуёшдан энергия ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. 2022 йилнинг дастлабки олти ойида ушбу мамлакатда 30,88 гигаваттли қуёш фотоэлектр тизимлари жойлаштирилган.

    Хитой, шунингдек, энг йирик қуёш ускуналари ишлаб чиқарувчиси ҳам ҳисобланади. Ушбу мамлакат 2011 йилдан янги фотоэлектрик тизимлар ишлаб чиқариш қувватларига 50 миллиард доллардан зиёд сармоя киритган. Ушбу рақам бутун Европа қитъаси томонидан ҳудди шу соҳага киритилган суммадан ўн баравар кўпдир.

    Умуман олганда, дунёда қуёш панелларини ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида Хитойнинг улуши 80 фоиздан ошади. Бундан ташқари, мамлакат 2025 йилга қадар электр энергиясининг 33 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқаришни режалаштирган. Шунингдек, мамлакат ҳукумати 2030 йилгача 1200 гигаваттга тенг қуёш ва шамол энергиясини олиш режасини эълон қилди.

    Қарийб 200 йиллик тарихга бир назар

    Бугунгача қилинган, айни пайтда бўлаётган ва бу борада режалаштирилган ишлар яхши, албатта. Бу ишларнинг салмоғи, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг пировард натижаси мамлакатимиз энергетика тизими барқарорлигига хизмат қилиши шубҳасиз. Лекин бир нарсани унутмаслик керакки, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмига мос равишда унга талаб ҳам муттасил ортиб боряпти.

    Бинобарин, 2022 йил 10 июнь куни Президентимиз раислигида иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳозирги кунда аҳолининг камида 2-3 миллиард кВт соат электр энергиясига қўшимча талаби мавжудлиги, келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард кВт соатга ошиши таъкидланди.

    Бундай вазиятда энг самарали йўл – муқобил ва қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланишни кўпайтириш ҳисобланади. Ўзбекистон – йилнинг деярли барча кунлари қуёши порлаб турадан серқуёш диёр. Бу биз сўз юритаётган муқобил, шу жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишда катта табиий имконият тақдим этади.

    Кези келганида, қуёш нуридан электр энергияси олиш борасидаги ишлар тарихига бир назар ташаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади, албатта.

    Ёруғликни электр энергиясига айлантириш эффекти 1839 йилда француз физиги Александр Эдмон Беккерель томонидан кашф қилинган. Кейинчалик олимлар ёруғликни электр энергиясига айлантиришда селендан фойдалана бошлади. Қуёш панелларининг биринчи прототипларига эса 1912 йилда италиялик фото-кимёгар Жакомо Луиджи Чамичан томонидан асос солинган.

    1954 йилда “Bell Laboratories” компанияси кремнийга асосланган биринчи қуёш панели яратганини эълон қилди. Аммо бу қуёш батареясининг самарадорлиги атиги 6 фоизни ташкил этарди.

    Бугунги кунда эса тармоққа уланган қуёш панеллари тизими уйни ўртача бир неча соат давомида тўлиқ қувват билан таъминлай олади. Электр ўчирилган тақдирда ҳам, батареялар ишлашда давом этаверади.

    Қуёш панелларининг ишлаши махсус моддаларни электр токига айлантириш тамойилига асосланади. Хусусан, иккита кремний пластинаси эркин электронларни ҳосил қилувчи турли хил моддалар, асосан бор ва фосфор билан қопланган. Қуёш нурлари таъсирида бу электронлар ҳаракатлана бошлайди ва электр токини ҳосил қилади. Кейин ҳосил бўлган электр қуввати қуёш энергиясини йиғувчи батареяларга узатилади.

    Умуман олганда, бу борадаги самарадорлик булутли ёки ёғинли об-ҳавога нисбатан қуёшли кунларнинг кўп бўлишига бевосита боғлиқ. Ўзбекистонда эса қуёшли кунлар йилига ўртача 300 кундан зиёд бўлади, бу қуёш электроэнергиясини ривожлантиришнинг асосий омили ва афзалликларидан биридир.

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, қуёш нуридан электр энергияси олиш тарихи қарийб 200 йилга бориб тақалсада, қулай шароит бўлишига қарамасдан бизга қуёш нуридан фойдаланиш анча кеч кириб келди. Сўнгги 10 йил ичида қуёш энергияси мамлакатимизда устувор йўналишлардан бирига айланди. 2013 йилда муқобил энергия манбаларини янада ривожлантиришга доир қабул қилинган фармон қуёш энергиясидан оммавий фойдаланишни бошлашга туртки берган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

    Маҳаллийлаштириш – оммалаштиришга йўл очади

    Бугунги кунда мамлакатимизда қуёш энергияси ишлаб чиқаришда янги қувватларни ўзлаштириш, қуёш панеллари учун ускуналарни маҳаллийлаштириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

    Хусусан, қуёш энергетикаси борасида юқорида қайд этиб ўтганимиздек, юртимизнинг турли ҳудудларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Лекин бу электр энергияси танқислиги мавжуд ва талаб муттасил ошиб бораётган бир шароитда кам, албатта. Камлиги қайсики маънода, мавжуд улкан табиий имкониятга яраша давлат йирик лойиҳаларга старт берди, лекин аҳоли ўртасида қуёш панелларидан фойдаланиш талаб даражасида оммалашгани йўқ. Мана шу биргина масалага ечим топиш орқали электр энергия барқарорлигига эришиш имконияти жуда катта.

    Шу ўринда табиий савол туғилади: модомики шундай экан, нега аҳоли ўртасида қуёш панелларидан фойдаланиш оммалашмаяпти. Бу, биринчи навбатда, қуёш панелларининг нархига, бошқача айтганда, аҳолининг харид қобилиятига боғлиқ.

    Энг арзон қуёш панеллари 150 Вт қувватга эга, бу эса улардан фойдаланиб, уйнинг 5-6 хонасини ёритиш ва битта телевизорни ишлатиш имконини беради. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бундай панеллар нархи уларнинг қувватига қараб, ўртача 11 миллион сўмдан 109 миллион сўмгачани ташкил этади. Бундан кўринадики, электр энергияси учун ойига ўртача 50 минг сўм тўлов қилаётган оилалар учун ушбу суммадаги қурилмаларни харид қилиш оғирлик қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам юртимизда аҳолининг харид қобилиятини ошириш мақсадида қуёш электр станциялари харид қилинганида маълум бир миқдорда компенсация тўлаш тизими йўлга қўйилди. Бу масалага кейинроқ батафсилроқ тўхталамиз.

    Гап аҳолининг харид қобилиятини ошириш ҳақида борар экан, қуёш панеллари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш биринчи ўринда туради. Негаки, бу таннархни пасайтиради ва ўз навбатида, маҳсулот нархи арзонлашади. Демак, бу турдаги қурилмаларни маҳаллийлаштириш қуёш панелларидан фойдаланишни оммалаштиришнинг энг самарали йўли.

    2010 йилдан бошлаб мамлакатимизда қуёш панелларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўйича хусусий корхоналар фаолият бошлади. Бироқ улар қуёш панеллари ва бошқа бутловчи қисмларни тўлиқ ишлаб чиқармасдан, аксарият ҳолларда уларни импорт қилиш ва Ўзбекистонда йиғиш билан шуғулланиши туфайли бозорга арзон маҳсулот таклиф қила олмади. Нарх ва аҳолининг харид қобилияти мутаносиблигини таъминлашнинг бирдан бир йўли шубҳасиз, маҳаллийлаштириш эди.

    Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда қуёш панеллари учун ускуналар нархини пасайтириш ва аҳолининг харид имкониятини ошириш мақсадида зарур технологияларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Бу борада 2019 йил май-апрель ойларида Туркия билан ҳамкорликда умумий қуввати 200 мегаватт бўлган замонавий қуёш панелларини ишлаб чиқарадиган “Vip Solar Endustriyel Uz” корхонасини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Шунингдек, корхона ёрдамчи ускуналар, жумладан, инверторлар, коллекторлар ва бошқа турдаги электр энергиясини тежовчи ускуналар ва технологияларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ҳам кўзда тутилган эди.

    Кейинчалик мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда тармоқнинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида 2019-2021 йилларда электротехника саноати соҳасида амалга оширилаётган ва истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритилди.

    2022 йил августида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида янги мис кластери ташкил этилиб, унинг ҳудудида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар, жумладан, қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширила бошланди.

    Аҳолининг харид қобилияти яхшиланмоқда

    Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, қуёш электр станциялари Ўзбекистонда жами 600 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу мамлакатнинг бугунги кундаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан саккиз баравар кўп, дегани.

    Осиё тараққиёт банки мутахассисларининг баҳолашича, қуёш энергияси салоҳияти тахминан 51 миллиард тонна нефть эквивалентини ташкил этади. Уни амалга ошириш учун мамлакатимиз қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга киришди. Бу нафақат қуёш, балки шамол, сув оқимлари, биогаз қурилмалари ва бошқалар ёрдамида олинган энергиядир.

    Ўзбекистонда қуёш панелларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш мақсадида мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорларни имтиёзлар ва субсидиялар бериш орқали рағбатлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Бу борадаги биринчи қадам Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди. Ушбу ҳужжатга кўра, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчилари беш йил давомида барча турдаги солиқлардан озод қилинди. Бундан ташқари, ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган.

    2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида компенсациялар тақдим этиш белгиланди.

    2022 йил сентябрь ойида қуёш энергиясини ривожлантиришни рағбатлантиришнинг янги тизими яратилди, унинг доирасида 2019 йилда қабул қилинган имтиёзлар қайта кўриб чиқилди. Натижада, жисмоний шахслар томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини сотиб олиш учун компенсация миқдори тасдиқланди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишларидан бири фуқаролар ва корхоналар томонидан уларни сотиб олишни молиявий рағбатлантиришдир. 2022 йил охирида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасига ушбу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ўтказилди.

    1 октябрдан бошлаб фуқаролар қайта тикланувчи энергия манбаларини 3 йил давомида фоизсиз тўлаш орқали сотиб олишлари мумкин бўлди. Ушбу норма Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқарилган фотоэлектр панеллар, шамол генераторлари ва қуёш сув иситгичларига тааллуқлидир. Агар харидор қурилманинг тўлиқ нархини ва уни ўрнатишни дарҳол тўласа, у якуний нархдан чегирма шаклида компенсация олиш ҳуқуқига эга. Тўловлар миқдори қурилма қувватига боғлиқ.

    Ўзбекистонда қуёш энергияси ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларининг кенг жорий этилиши ҳар йили 3 миллиард кубометргача табиий газни тежаш имконини беради. Тежалган газнинг бу ҳажми 1 йил давомида 1 миллион хонадонни табиий газ билан таъминлашга тенгдир. Бундан ташқари, тежаб қолинган бундай миқдордаги табиий газдан фойдаланиб, 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин, бу эса бугунги кунда Ўзбекистон жисмоний истеъмолчиларининг 98 фоизини бир йил давомида электр энергия билан таъминлаш учун етарли бўлади.

    Дунё тажрибаси ва улардаги ҳолат

    Булардан кўринадики, иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигига бевосита боғлиқ бўлган ва талаб доимий ошиб борадиган электр энергетикаси барқарорлиги кўп жиҳатдан бугун ҳам, келажакда ҳам қайта тикланувчи, шу жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга боғлиқ. Шунинг учун аксарият ривожланган ва ривожланаётган давлатлар бу масалага устувор аҳамият қаратмоқда.

    Қайта тикланувчи энергия бўйича Халқаро агентлик (International Renewable Energy Agency, IRENA) ҳисоботида келтирилишича, глобал қуёш энергияси ишлаб чиқариш 2021 йилда рекорд даражага, яъни 179 тераватт-соатга ошган. Ўсиш – 22 фоиз. Мазкур йилда глобал қуёш генерацияси 849 гигаваттни ташкил этди, бу дунё бўйича электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг 3,6 фоизини ташкил этди.

    Айни пайтда қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи энг йирик давлатлар бешлигига Хитой (340 гигаватт), АҚШ (102,9 гигаватт), Япония (78,5 гигаватт), Германия (62 гигаватт) ва Ҳиндистон (57 гигаватт) киради. Эътиборли жиҳати, бу борадаги кучли бешта давлатнинг учтаси қитъаимиз вакилларидир.

    Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, бу борада етакчилик Хитойга тегишли. 102,9 гигаватт қуёш энергияси билан АҚШ дунёда иккинчи ўринда туради. Аммо 2008 йилда мамлакат атиги 0,34 гигаватт қуёш энергиясини олган. Ҳозирги вақтда АҚШдаги электр энергиясининг 3 фоизи қуёш электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

    АҚШнинг қуёш салоҳияти жуда улкан. Қайта тикланувчи энергия миллий лабораторияси ҳисоботига кўра, қуёш панеллари билан қопланган Мичиган кўли катталигидаги майдон бутун мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш учун етарли бўларкан. Агар панелларнинг самарадорлиги оширилса, бу майдонни икки баравар кичрайтириш ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

    Мамлакат ҳукумати 2025 йилгача электр энергиясининг 40 фоизини қуёш энергиясидан ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

    Бир неча йил олдин Япония қуёш энергияси қуввати бўйича 4-ўринда эди. Бугунги кунда умумий қуввати 78,5 гигаватт бўлган мамлакат 3-ўринни эгаллаб турибди.

    2021 йилда Японияда жами ишлаб чиқарилган электр энергиясининг тахминан 10 фоизини қуёш энергияси ташкил этди. Бу 2010 йилдаги атиги 0,3 фоизга қараганда ажойиб ўсиш, албатта.

    Мамлакат қуёш фотоэлектр энергияси нуқтаи назаридан энг тез ривожланаётган давлат ҳисобланади. Бундан ташқари, кунчиқар юрт дунёдаги фотогалваник элементларнинг 45 фоизини ишлаб чиқаради ва мамлакат фотогальваник элементлар бозорида дунёда етакчи ҳисобланади.

    Келгуси 8 йил ичида мамлакат 108 гигаватт мақсадига эришиш учун қуёшдан энергия олишни 20 гигаваттга оширишни режалаштирмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун Япония давлати Марказий ҳукумат ва муниципал биноларининг 50 фоизидан кўпроғига қуёш батареяларини ўрнатишни режалаштирмоқда.

    Бу борада Ўзбекистон ҳам катта режаларни мақсад қилган: 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 25 фоизга етказилади. Албатта, электр энергияси барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, кўрилаётган таъсирчан чоралар мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлиги, пировардида эса, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Зеро, табиий захиралар камайиб, талаб эса каррасига ошиб бораётган бир шароитда иқтисодий тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай давлат учун энг мақбул нажот йўли бу “яшил” энергетикадир.

    Антон КОСТЮЧЕНКО,

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари,

    Одилжон НАЗАРОВ,

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates