Аслида бу жиҳатлар янги тартиб-тамоилни жорий қилишнинг бошланғич босқичига киради. Чунки, у бу жараёнда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз оила ва фуқаронинг муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ҳамда назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизими вазифасини бажаради.
Кейинги босқичларда бу тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ва оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган пул ёки товар(хизмат) кўринишидаги барча ёрдам турларини, яъни болаларнинг бепул боғчага қатнаши, ўқувчиларни бепул дарсликлар тўплами билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул ёки имтиёзли тиббиёт хизматларини кўрсатиш, ипотека кредитлари учун бошланғич бадални тўлаш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.
ШАФФОФ ВА САМАРАЛИ
Савоб, деган сўзнинг маъно-мазмуни кенг. У тўғри иш, соғлом фикр, эзгулик, мукофот ва оқилона ечим маъноларини билдиради ва одатда одамларнинг эзгуликка таянган солиҳ амалларига нисбатан қўлланилади. Рақамли тизим ҳам шундай ишларни қилиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб келмоқда. Сирдарё тажрибаси асосида бутун мамлакатимиз ижтимоий ҳимоя тизимига жорий этилган янги механизм бунинг амалий тасдиғидир.
Янги тизимни шакллантириш учун Жаҳон банки ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан 600 минг доллардан зиёд маблағлар йўналтирилди. Энг аввало, Пенсия жамғармаси Сирдарё вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар тайинлаш ҳамда уларнинг мониторингини амалга ошириш учун зарур бўлган электрон қурилмалар билан таъминланиб, 12 нафар ходим ишга қабул қилинди.
Электрон тизим лойиҳаси “Development Pathways” ихтисослаштирилган халқаро компанияси томонидан яратилди ва у орқали 9 та тегишли вазирлик, идоранинг маълумотлар базалари билан реал вақт режимида электрон алмашуви асосида ахборотларнинг олиниши йўлга қўйилди.
Шу асосда кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам бериш жараёнлари тубдан соддалашди. Жумладан, эндиликда ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олиш учун фуқаро фақатгина ўз паспорти билан мурожаат этиш имконияти яратилган бўлиб, оиланинг зарур маълумотлари "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан электрон тарзда олинади. Ариза берувчиларнинг ҳужжатлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг ушбу маълумотлар ахборот тизимига киритилади.
Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор инсон омилисиз ахборот тизими томонидан қабул қилинади ва натижаси бўйича ариза берувчининг телефонига тегишли СМС-хабарнома юборилади.
Тизимни ҳаётга татбиқ этишда жахон тажрибаси ўрганилди ва ўрганишлар давом этмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича ахборот тизими такомиллаштириб борилади.
ХАЛҚАРО ТАЖРИБА ТАҲЛИЛИ НИМАНИ КЎРСАТАДИ?
— Кўплаб мамлакатлар узоқ вақтлардан бери ижтимоий имтиёзлар ва хизматларни олувчилар тўғрисидаги маълумотларни бирлаштириш ҳамда маҳаллий маълумотлар базалари билан масофадан туриб ишлашга имкон берадиган яхлит ахборот тизимларини яратиш йўлини босиб ўтган, — дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти мутахассиси Жалил Бойкалонов. — Уларнинг бир қанчасида ижтимоий ҳимоя ягона реестри таъминот занжири вазифасини ўтаётган бўлса, бошқаларида бу тизим мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва фуқароларнинг бир ёки бир нечта ижтимоий нафақага мувофиқлигини аниқлаш ишларини бажариб келади. Улар инклюзив тизим сифатида ҳам ижтимоий сиёсат ҳамда ахборот манбаи кўринишидаги амалиёт ролига эга.
Ҳозирги кунда 20 дан зиёд мамлакатда (Озарбайжон, Бразилия, Чили, Хитой, Колумбия, Доминикан Республикаси, Грузия, Индонезия, Македония, Мали, Мексика, Черногория, Покистон, Филиппин, Сенегал, Туркия, Яман ва бошқа давлатларда) ҳар хил кўринишда ижтимоий ҳимоя реестрлари ахборот тизими мавжуд. Бироқ улар фаолиятида реестрларни бошқариш ва ишлатиш, шунингдек, қамров даражаси ҳамда ахборот тизимлари базасини юритиш ишлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади.
Масалан, Бельгия аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг бошқарув модели дастлаб марказлашмаган, эндиликда эса, юқори даражада бирлаштирилган маълумотлар базасига эга. У ижтимоий ҳимоя дастурларидан олинган ахборотларни эмас, балки ижтимоий сектор субъектлари томонидан тўпланган маълумотларни қамраб олган.
Бельгия режалаштириш идорасининг тадқиқотларига кўра, ушбу тизимнинг жорий этилиши ижтимоий идоралар учун маъмурий харажатларни йилига 1,7 миллиард еврогача тежаш имконини берди ва 220 турдаги қоғоз ҳужжатлар бекор қилинди. Бу тизим мамлакатда 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида самарали ишлаб келмоқда.
Туркияда бу тизим ёрдамида ижтимоий ёрдамни бошқариш билан боғлиқ барча хизматлар амалга оширилади. Бельгиядан фарқли равишда, бирмунча марказлашган ва давлат муассасаларининг 22 хилдаги маълумотлари бирлаштирилган. Осонгина кириш мумкин бўлган битта онлайн порталида 112 та веб-хизмат, 10 дан зиёд ижтимоий дастурлар тақдим этилади.
Олдин Туркияда ижтимоий ёрдам олиш учун аризаларни текшириш учун 15-20 кун кетган бўлса, ушбу жараён татбиқ этилгач, ишлар тахминан
1 дақиқада ҳал этиладиган бўлди. 2010 йилдан бери 30 миллион фуқаронинг ижтимоий ёрдам учун мурожаатларини кўриб чиқди ва умумий қиймати 13 миллиард АҚШ доллар бўлган 311 миллион ижтимоий ёрдам битимларини амалга оширди.
ЯНГИ ТИЗИМ ҚАНДАЙ ИШЛАМОҚДА?
Тажриба лойиҳаси Сирдарё вилоятида муваффақиятли натижаларни берди. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрининг вазирлик ва идоралар маълумотлар базаси билан интеграциялашувининг янада кенгайиши ариза бериш жараёнида тақдим этиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Хусусан, оила аъзоларининг даромадлари, доимий яшаш учун рўйхатдан ўтганлик, оила таркиби тўғрисидаги ва меҳнат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотномалар талаб қилинмайди. Уларнинг ҳаммаси автоматик тизимнинг ўзи бажаради.
Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида худди шундай ижобий жиҳатлар инобатга олиниб, Ижтимоий ҳимоя ягона реестрини республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш вазифаси қўйилди.
— Унинг ижроси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси ва Жаҳон банкининг молиявий, техник ва эксперт кўмаги асосида амалга оширилди. — дейди Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев. — Вазирлигимиз ҳузуридаги Ахборот технологиялар марказида “Ягона реестр” ахборот хизматини ишлатиш бўйича миллий мутахассислар жамоаси ташкил этилди. Бунинг натижасида барча ҳудудларда мазкур тизим орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар тайинланиб келинмоқда. У 16 та вазирлик ва идораларнинг маълумот базалари билан уланган бўлиб, ижтимоий нафақаларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мезонларга асосан автоматик равишда амалга оширилмоқда.
Энг муҳими, барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши таъминланмоқда. Ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 2020 йилнинг биринчи ярмида 600 минг нафар бўлса, бу кўрсаткич айни пайтга келиб 1 миллион 600 мингдан ошган.
2021 йил сентябрь ойидан бошлаб қайта кўриб чиқилган болалар нафақалари Ягона реестр орқали бошқарила бошланди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини ошириш мақсадида кам таъминланган оилаларни аниқлашда даромад мезони сифатида минимал истеъмол харажатлари миқдорини қўллаш тартиби йўлга қўйилди. Булар натижасида қисқа вақт ичида кам таъминланган оилаларни аниқлашга ва уларга нафақаларни манзилли равишда етказиб бериш имкониятини яратди. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳар тўртинчи оила ижтимоий нафақа олмоқда. Тақдим этилган давлат ижтимоий ёрдами, биринчи навбатда, болали оилаларнинг моддий аҳволини яхшилашга қаратиляпти.
Тизим вазирлик ва идораларга реал вақт режимида 50 49 турдаги маълумотлар алмашувини амалга ошириш имконини беради. Бу эса болалар ва уларнинг оилалари, ногиронлиги бўлган шахсларни, ижтимоий ёрдам ёки бандликни таъминлаш хизматларига муҳтож бўлган шахсларни янада кенг қамровли, самарали ва фаол тарзда қўллаб-қувватлашда қўл келади.
ХАЙРЛИ ИШНИНГ ЯНГИ МАСЪУЛИЯТИ
Яқинда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ижтимоий ҳимоя ягона реестрини Молия вазирлиги тасарруфига топширди. Демак, эндиликда вазирлик тизимдан фойдаланаиш, уни таъминлаш ва таъмирлаш ишларини олиб боришга маъсул бўлган муассаса ҳисобланади.
— Ижтимоий ҳимоя ягона реестри мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилишнинг умумий стратегиясининг бир қисми сифатида рақамли технологик платформанинг асоси саналади, — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумба. —Ушбу тизим молиявий ёрдамни давлат ижтимоий, бандлик хизматлари, ногиронлик нафақалари ва бошқа имтиёзлар билан самарали боғлаш орқали ижтимоий ҳимояни инклюзив ва ҳар томонлама таъминлаш учун ажойиб имкониятни тақдим этади.
— Бугунги кунга келиб “Ягона реестр” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақаларни автоматик тарзда тайинлаш тизими тўлиқ йўлга қўйилган, — деди молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев. — Вазирлик масъул мутахассислари тизимни техник хизмат кўрсатиш ва ишлатиш учун қабул қилишга тайёр. ЮНИСЕФ билан ҳамкорлигимиз шу босқичда якунланмайди. Тизимни янада такомиллаштириш ишлари биргаликда давом эттирилади ва бунда бошқа ижтимоий ёрдам турларини тайинлаш жараёнини автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бунга мисол Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланганидек тариқасида ижтимоий хизматларни етказишдаги бошқарув жараёнларни рақамлаштириш модулини ишлаб чиқиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни интеграция қилиш ишлари олиб борилади. , шунингдек, табиий офат, ижтимоий-иқтисодий кутилмаган вазиятлар ёки бошқа сабабларга кўра, фавқулодда ҳолатлар юз берганида ижтимоий ҳимоя махсус дастурларини жорий этишни киритиш мумкин.
Демакки, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими нафақат ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини ошириш имконияти, балки ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали воситасига айланиб боряпти. Ушбу рақамли эзгу тизимнинг фаолият доираси кенгайтиб бориши ҳар йили миллионлаб эҳтиёжманд оилаларнинг дардига дармон, рўзғорлари бутлигига ҳам камарбаста бўлади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи










