Бир неча йилдан бери тадқиқотчи сифатида каминани бир қатор саволлар қизиқтирар эди: Нима учун халқимиз тарихида иккита катта Уйғониш даври бўлган-у, биз ҳали ҳам “уйғонмаяпмиз”? Аввалги иккита Ренессанснинг сири нимада эди? Учинчи Ренессансни келажакда тарихчилар қайси даврга нисбат беришар экан?
Ушбу саволлар билан манбаларга мурожаат қилиб юрган вақтимизда Президентимиз нинг нутқларидан бирида уларга жавоб бўладиган қуйидаги муҳим даъваткор фикр билдирилди: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар, улуғбеклар, Навоий ва бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”.
Дарҳақиқат, аждодларимиз яратган Ренессансларнинг сири ўша даврда яратилган муҳит ва шароитлар билан боғлиқ эди.
Маълумки, Марказий Осиёда IX–XII асрлар Уйғониш (Ренессанс) даври маданияти шаклланиб, равнақ топган давр сифатида тарих саҳнасидан жой олди. Албатта, бундай аталишнинг ўзига хос сабаб ва кўринишлари бор эди.
Хўш, Ренессанс ўзи нима? Унинг юзага чиқишига қандай тарихий шароитлар туртки бўлди?
Заминимиздаги аввалги иккита Ренессанс пойдевори қандай асосларга кўра ташкил топган?
Ренессанс французча сўз бўлиб, қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ маъносини англатади, маданият, илм-фан, санъат, таълим-тарбия, умуман, жамият ҳаётида узоқ муддатли бир хилликдан кейин қайта ривожланиш, ижтимоий онг ва қадриятлар тизимининг янгиланиш жараёнида намоён бўлади.
Биринчи Ренессанс Марказий Осиёда IX–XII асрларда рўй берди. Бу даврда давлатни бошқариш сиёсати, ер-сув, солиқлар билан боғлиқ фармонлар чиқарилиши, олимларга муносабат кишиларда эртанги кунга ишонч уйғотди. Уларнинг турли фан соҳалари (математика, астрономия, тиббиёт, ҳуқуқ, кимё, геодезия ва дунёнинг тузилиши ҳақидаги илмлар)га қизиқиши ортишига сабаб бўлди.
Одамлар болаларини ўқитиш учун устоз қидира бошлади. Бу даврда яшаб ижод этган Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Замахшарий каби мутафаккирлар, имом Бухорий, имом Термизий каби буюк муҳаддислар, Мотуридий, Абулмуин Насафий каби мутакаллимлар ҳамда улардан таҳсил олган шогирдлари, сафдошлари табиий ва аниқ фанлар доирасида, ислом дини осмонида юлдуздай чарақлади. Уларнинг изланишлари, кашфиёт ва беқиёс ғояларидан бутун дунё баҳраманд бўлди. Бугунги кунга қадар ҳам уларнинг ўлмас меросидан фойдаланиб келинмоқда.
Минтақамизда Иккинчи Ренессанс пойдевори Амир Темур номи билан боғлиқ. Соҳибқирон бобомиз Иккинчи Ренессанс ҳомийси, асосчиси сифатида тарихга муҳрланди.
Амир Темур марказий бошқарувга асосланган қудратли салтанатни барпо этиш билан бирга, мамлакатда маданий-илмий юксалиш учун ҳам муносиб шароит яратишга интилди. Турли ҳудудлардан диний ва дунёвий илм соҳиблари, шоирлар, меъморлар, ҳунармандлар ва бошқаларни йиғиб, улар орқали мамлакатнинг илмий ва маданий қудрати юксалишига замин яратди. Чингизхон даврида инқирозга учраган маданият, илм-фан, маърифат қайта шаклланди ва тараққий этди. Мамлакат ободлик ва фаровонликка эришди.
Иккинчи Ренессанс даври, ўз навбатида, “Ислом маданиятининг олтин асри” дея номланди. Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи, Лутфий, Саккокий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Шарафиддин Али Яздий, Хондамир ва бошқа олимлар, шоиру фузалолар бу юртнинг шуҳратини дунёга ёйди.
Бу икки Ренессанс инсониятга нималарни туҳфа қилди? Бутун дунёга “Байт ул-ҳикма”, Хоразм Маъмун академияси каби илм даргоҳларини тақдим қилди. Ернинг шарсимон экани ҳақидаги ғоя илгари сурилди, глобус яратилди. Ер радиуси илм билан исботланди. Тиббиётнинг, алгебра фанининг тамал тоши қўйилди. Шаҳарсозлик, меъморлик соҳаларида қўлга киритилган ютуқлар дунё аҳлини лол қолдирди. Биринчи Ренессансда ислом цивилизациясининг тамал тоши қўйилган бўлса, Иккинчи Ренессансда янада юксалишига йўл очилди.
Эътибор берсак, ҳар иккала Уйғониш даврида ҳам энг муҳим жиҳат — давлатнинг эътибори, мамлакат бошқарувида олиб борилган одилона ва оқилона сиёсат, таълим-тарбия устувор бўлган. Бундан ташқари, инсонларда юксак ахлоқ, илм-фанга ташналик билан бирга, борлиқ сирларини очиш ва янги илм яратишга ишонч кучли бўлган. Олимлар ўзлари билмаган ҳолда, бугун тарихчилар эътироф этаётган Ренессанс даврининг ижрочиларига айланган.
Ҳар икки Ренессанс даврида давлат раҳбарлари, олиму фузалолар, биринчи навбатда, ёшлар таълим-тарбияси, маънавияти, иймон-эътиқоди масаласига алоҳида эътибор қаратган. Деярли барча алломалар асарларида таълимни тарбия билан уйғун олиб бориш лозимлиги ҳақидаги фикрларни учратиш мумкин. Масалан, Абу Али ибн Сино ўз асарларида илм ва одоб-ахлоқ уйғунлиги, баркамол авлод камолоти ва бахт-саодати, адолат ва диёнат, инсонларнинг ўзаро дўстлиги ва ҳамкорлиги, обод турмуш тўғрисидаги ғояларни илгари сурган. Мутафаккир “Бола баданининг бўғинлари қотиб, тили равон чиқиб, қулоғи эшитиш ва гапни маъқуллаш учун тайёр бўлиб, вужуди илм ва одоб ўрганишга ҳозир бўлганда унга илм ва одоб ўргатиш керак”, деб ёзади.
Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, шундай: бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Сал олдинги тарихга назар ташлайлик. XIX асрнинг иккинчи ярмида миллий мустақиллигимиздан ажралдик. Жадидлар қатағон қилингандан бошлаб илм-фан соҳасида ҳам турғунлик даври бошланди. Чунки ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, диний, мафкуравий тазйиқлар шунга мажбур қилар эди. Ҳеч ким ўз фикрини очиқ-ойдин баён қила олмас, баён қилганларнинг, эса, бошига кулфат ёғилар эди. Ушбу сиё сат туфайли қанчаданқанча олимлар, шоиру ёзувчиларимиз “туғилдию, бўғилди”.
Шукрки, мустақилликка эришганимиздан кейин бундай нохуш ҳолатларга барҳам берилди. Аждодларимиз мероси тиклана бошлади. Барча соҳаларда халқчил ислоҳотлар олиб борилди. Халқда руҳий кўтарилиш, келажакка ишонч пайдо бўла бошлади. Бу ҳолат “миллий тикланиш”, дея ном олди. Бугунги кунда эса, миллий тикланишдан миллий юксалиш босқичига ўтдик. Энди, албатта, қандайдир ўзгариш бўлиши лозим. Чунки биз иккита Ренессансни яратган буюк аждодларнинг ворисларимиз.
Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Учинчи Ренессансга қадам қўйиш босқичи, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш босқичи, деб номлаб, қуйидагича таърифлади: “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекист он эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.
Иймонли инсонлар Учинчи Ренессанс ижодкорлари ҳисобланади. Учинчи Ренессанс яратиш бир ёки икки кишининг иши эмас. Уни барпо этиш учун мамлакатнинг ҳар бир вакили — хоҳ ёш бўлсин, хоҳ катта — барча баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ренессанс яратишга ишониш билан бирга, қаттиқ ҳаракат ҳам қилиш шарт. Бу ҳам осон кечадиган жараён эмас. Чунки ушбу жараённи амалга ошириш учун дастлаб маънавиятли инсонлар қатламини шакллантириш керак. Бундай инсонларда тафаккур ҳиссий онгдан устун келади, инсон ўзини ўзи идора қила олади. Маънавият инсонни онгли яшаш ва олижаноб хислатларга чорлайдиган ноёб фаолиятдир. Уни юксалтириш масаласи эса, кўпроқ инсоннинг ўзига ва унга таъсир ўтказадиган муҳитга боғлиқ.
Учинчи Ренессансни иймонли инсонлар барпо этади, дедик. Хўш, бундай инсонлар ўзида қандай фазилатларни жамлаган бўлади? Иймон инсон онги ва дунёқараши билан боғлиқ нодир феномен бўлиб, бу тушунчага кўпчилик бир томонлама, яъни диний тушунча сифатида қарайди. Аслини олганда, иймон нафақат диний тушунча, балки юксак ижтимоий-фалсафий маънога эга, бугунги кун, давр учун ўта зарур ижтимоий қадрият ҳамдир.
Демак, Учинчи Ренессансни қуришга интилган иймонли инсонлар жамияти қарор топган бўлса, улар миллат, ирқ, дин танламайди, аксинча, бир-бири билан ҳамкор, ҳамнафас бўлиб, янгиланишлар яратишга бел боғлайди. Ватан учун, халқ учун ёниб яшайди. Биргина бугунни эмас, келажакни ўйлайди. Фарзандлар бахту камоли ҳақида қайғуради. Бу эса, жамият ва давлат тараққиётига олиб келади. Энг муҳими, ўсиб келаётган ёш авлод шундай инсонлардан ибрат олиб, юксак эътиқодли бўлиб вояга етади.
Иймонни шартли равишда икки йўналишга бўлиш мумкин.
Биринчиси, аниқ ҳаётий эҳтиёжларни қондириш зарурати асосида юзага келадиган ғоя, фикр, мулоҳаза, тахмин, фаразга ишончдан иборат маънавий-руҳий ҳолат.
Иккинчиси, муайян дунёқарашда ифодаланган ғоялар, тимсолларни ҳақиқат ёки ҳақиқат эмас, деб қабул қилиш асосида онгда, ҳис-туйғуда юзага келадиган ишонч ва ишончсизликдан иборат руҳий ҳолат.
Маълумки, ҳар қандай фикр ҳам ғоя бўла олмайди. Унинг ғояга айланиши учун одамларни бирлаштирадиган, ўз орқасидан эргаштира оладиган хусусият бўлиши лозим. Демак, Президентимизнинг “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратамиз”, деган фикри ғояга айланиши, рўёбга ошиши учун, аввало, барчамиз бирдек ишонишимиз, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, одамларнинг дунёқарашида ана шу ғояга ишончни, маънавий-руҳий ҳолатни шакллантиришимиз лозим. Чунки муайян дунёқараш асосидаги ғоялар, тимсолларни ихтиёрий ёки анъана туфайли ҳақиқат сифатида қабул қилган ҳамда муайян жамоа олдида шу ишончига содиқ қолишга ички ҳис-туйғу билан иқрор бўлган инсон ўша ғояларда назарда тутилган муносабатларнинг ташувчиси, қадрловчисига айланиб, бошқаларни ҳам шунга даъват қилади.
Ўзбекистонда ХХI асрда Учинчи Ренессанс даври барпо этилишига ишонган одам қалбан юртимизни аввалги Ренессанслар даврида бўлгани каби, энг тараққий этган мамлакатлар қаторида кўради. Юртимизнинг келажаги нима сабабдан буюк бўлиши, нега бунчалик ишонч билан айтилаётгани ҳақида тушунчаси бор, шунинг учун ҳам у хулоса чиқара олади. Иккинчи Ренессанс пойдеворини яратишда бош бўлган Амир Темур ишни дастлаб фарзандлар тарбиясидан бошлади. У ёшлар тарбияси борасида қатор муҳим ишларни амалга оширди.
Биринчидан, ҳар бир қишлоқда бошланғич таълим берувчи мактабларни ташкил қилди. ёшларнинг, пировардида халқнинг саводли, билимли бўлишига эришди. Мамлакатдаги маърифий-тарбия ишлар давлат томонидан идора қилиниши зарур, деб ҳисоблаб, ўзи бу ишда ўрнак бўлди.
Иккинчидан, илмнинг ривожланишида турли соҳадаги китобларнинг аҳамияти катталигини назарда тутиб, китобни “донишмандликнинг асоси” ва “ҳаётни ўргатувчи”, “инсонни тарбияловчи восита” деб баҳолади. Комил инсонни шакллантиришда билим билан тарбияни ўзаро алоқадор деб тушунди.
Учинчидан, давлат келажаги бўлган ёшларни юксак ахлоқий фазилатларга эга, инсонпарвар, жисмонан бақувват, ватанни севадиган, ҳарбий билимга эга, миллий ғурурли этиб тарбиялашни асосий талаблардан деб билди. Фуқароларни ҳам шунга ишонтира олган Соҳибқирон мамлакатнинг маънавий, маданий, илмий қудратини юксалтиришга эришди. Бу ҳолат мамлакатда маънавий бой инсонларнинг тарбияланишига замин яратди.
Бугунги янги Ўзбекистонда ҳам ана шундай муҳит яратилётир. ёшлар ижодда ҳам, илмда ҳам, тарбияда ҳам пешқадам қилиб тарбияланмоқда. Улар тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Президентимиз бошчилигида “бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратиш, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида янги хоразмийлар, берунийлар, ибн синолар, улуғбеклар, Навоий ва бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни таъминлаш муҳим”лигига эътибор қаратилмоқда.
Ренессанснинг таянч устунлари бўлмиш биз — педагоглар, тарбиячилар, ўқитувчи, зиёлилар ҳамда ота-оналар бундай имконият ва шарт-шароитлардан фойдаланиб, маънавияти юксак авлодни тарбиялашимиз ва иймонни қарор топтириш чораларини кўришимиз керак. Аввало, ҳар бир шахс, айниқса, ёш авлодни Учинчи Ренессанс барпо этилишига ишонтиришимиз керак.
Бугун Янги Ўзбекистонда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” бош ғоясига таяниб, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш вазифаси қўйилган экан, уни бажариш учун биргина раҳбар, педагог ёки тарбиячи эмас, балки шу Ватан барчамизники, дея кўнглида ватанпарварлик, халқпарварлик, инсонийлик фазилатлари мужассам, иймон-эътиқоди бутун бўлган ҳар қандай шахс тарғиботчи бўлиши лозим.
Тўғри, биз Учинчи Ренессансни бир йилда, беш йилда, ўн йилда амалга оширамиз, деб бонг урмаймиз, лекин мана шу Ренессансни яратадиган авлодни вояга етказишга кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Шундай экан, биздан фақат меҳнат ва таълим-тарбия самарадорлигини ошириш талаб қилинади.









