Саҳро сайёҳи

    Доимгидек поездга чипта тополмагач, қайдасан Бухоро, дея машинага ўтирдик. Йўл — фикрлаш имконияти. Дунё кун сайин ўзгармоқда. Бир қарич ер талаш, мулк талаш, қон талаш. Оналар, оталар ўлмоқда, бегуноҳ гўдаклар ўлмоқда. Йўқ-йўқ, улар ўлдирилмоқда. Одам авлодларининг бугунги фожиаси ҳам шунда. Бундай чоғда тинчликнинг ҳар они ғаниматдек туйилаверади кишига.

    Яна ўйлаб қоламиз: дунё сохта мулозаматларга тўлиб бормоқда. Инсоний ҳис-туйғулар, қалб ёруғлиги хиралашгандек гўё... Шундай ўйлар қуршовида уйқуга чўмибмиз. Уйғонсак, тун чекиниб, кун ёришиб келаётганини, қадим Бухоро заминига яқинлашиб қолганимизни кўрдик. Буёғи оз қолди, аммо борар манзилимизгача масофа қанча эканини ҳозирча билмаймиз.

    Ҳаво дилни яйратади. Сафаримиз Бухоронинг қадим манзилларини зиёрат қилишдан бошланди. Тушга яқин мезбон ҳамроҳлар бизни бозор томон бошлади. Тўкис бозорлик қилинди. Аввало, сувни мўл қилиб олдик. Ахир биз саҳрога чиқиб кетяпмиз, тунни ўша ерда ўтказамиз.

    Дарвоқе, биз сизга қаерга ва нима мақсадда кетаётганимизни ҳали айтмабмиз. Тошкентдан Бухорога бежиз йўл тортмадик. Мақсадимиз Ўртачўл бағридаги оддий чўпон йигит ҳаётини кўриш, ҳақиқатни ёзиш.

    Йўл бўйи хаёлга турли савол келаверади: чўпонлик юмушми ёки касб? Юмуш бўлса, нега авлоддан-авлодга ўтиб келаверадию саҳро ҳавосини бир олган чўпон уни тарк эта олмайди? Касб бўлса, нега нафи улуғ, эътирофи ҳаминқадар? Савол ортидан савол туғилади... Узоқ йўл босиб, ниҳоят манзилга етиб келганимизни Баҳриддин чўпоннинг қўраси ёнида машинасини тўхтатган ҳайдовчимизнинг гапидан илғаймиз: “Мана етиб келдик!”.

    Тўрт томони очиқ саҳро ўртасида сурувни сиғдирган қўраю унинг ёнида оддийгина қурилган чўпон уйи. Баҳриддин эски қадрдонларини кўргандек қучоқлашиб кўришади. Хаёлимга лип этиб ёшлигимда бобомдан эшитганим мақол келади: “Тоғу тошда бегона йўқ”. Ростдан ҳам тоғу тошда юрган киши ларнинг бошқаларга меҳри бўлакча бўлади.

    Баҳриддин билан қисқача танишган бўламиз. У бизни қўра томон бошлайди — чўпонлар анъанасига кўра, қир ошиб келган меҳмоннинг оёғи остига жонлиқ сўйиларкан. Анъанани эса рад қилиб бўлибсиз!

    Кузак тугаб, қиш нафаси дастурхон ёза бошлаган палла. Бир маромда шамол эсади. Пасту баланд қум барханлари узра қуёш кулчадек қизара бошлайди. Қизиқувчан ҳамроҳимиз талош палласига оз қолди, дейди. Суҳбатимизни қиздириб турган Баҳриддин чўпоннинг қўра томонга ўқтин-ўқтин назар солиши кўпая боради. Билсак, сурувни саҳрога ҳайдаш пайти яқинлашган.

    Сурувни бошқариш сир-синоатига қизиқиб келмаганмизми, биз ҳам чўпонга эргашдик. Кузак оёқлаётган бўлишига қарамай, чўл — кунгай майдони. Кунгайда кун куйдирар, деб енгни ёпувчи кийим кийиб, бошга шляпани қўндириб олдик. Энди биргалашиб сурувни белгиланган манзилга бошлаб борсак бўлди.

    Одамнинг ризқи бўлгани каби чорванинг ҳам ризқи бўлади. Баҳриддин чўпоннинг сурувига ризқ Ўртачўлга сочилган. Алмашиб-алмашиб турли ўт ўсади. Яратган ёмғирини дариғ тутмаса, бас.

    Сурувни ҳайдаб келарканмиз, жасаддор серканинг бўйнига осилган қўнғироқ эътиборимизни тортди. Керакли жойга етиб келиб, чорвани ёйгандан кейин Баҳриддиндан бу ҳақда сўраган бўламан. Унинг айтишича, бу қўнғироқлар тақилган серка эргаштирувчи вазифасини бажарар экан. Қўнғироқ ҳам тўғри келганига тақилмаслигини, фақат гавдаси нисбатан катталари танлаб олинишини билдик. Бу қўнғироқларнинг яна бир вазифаси эса — чўпон айнан шунинг овозидан чорвасини бошқа чўпоннинг чорвасидан ажратади.

    Сурувни бириктириб, чўпон уйчага қараб йўл олдик. Саргузаштсиз сафар бўлмас деганларидек, саҳро ҳам бизга ўзини “кўрсатиб” қўйди. Машинамиз текис йўлларда юриб ўрганмаганми, чўл шамоли уйиб юборган қумтепага тўрт оёғи ботдию қолди. Хайрият, ҳамроҳларимиз тоғни урса, талқон қиладиган йигитлар. Юракнинг қувватини билакка улаб, урина-урина машинани издан олдик.

    Чўпон уйчага етганда бизни “оёқ таги” жониворнинг гўштидан тайёрланган чўпонча шўрва кутиб турган экан. Турли ресторанларга борамиз, ранг-баранг таомлар еймиз, лекин чўпоннинг чайласида пишган бу таомни бир умр унутмасак керак. Сабаби, бу таом ҳамма масаллиқни қозонга бостириб, бир-биридан чиққан сув таъмига пишади. Ҳам осон, ҳам роҳатижон.

    Таомдан сўнг ният қилиб келганимиз гулхан ёқиб, атрофида суҳбат қуришни ташкиллаштирадиган бўлдик. Саҳронинг ўти ҳам, ўтини ҳам янтоқ. Баҳриддин чўпон илдизи қалин-қалин янтоқларни олдимизга уйиб қўйди. Бир суҳбат билан бирга тугайдиган олов ёқдик. Чўпоннинг айтишича, “танқа чой”сиз гулхан атрофидаги суҳбатнинг маза-мазмуни бўлмас экан. Танқа чой дегани ўзимизнинг анъанавий офтобода қайнайдиган чойлигини билдик. Унинг “чойдиш” деган шаклини ҳам эшитганмиз.

    Хуллас, чўпон бизга илдиз оловига қайнаган танқа чойдан, биз эса унга ичимиздаги саволлардан қуйиб беришга келишдик. Унинг айтишича, чўпонлик бобомерос касб, у мазкур авлоднинг учинчи вакили. Мактабни битириб, шу ишга қизиққан Баҳриддин бугун ҳаётини саҳросиз, сурувларсиз тасаввур қила олмайди. “Баъзи-баъзида ҳаммасини ташлаб, бутунлай бошқа иш билан шуғулланиш фикри туғилмайдими?”, дея уни саволга тутаман. “Бундай пайтлар кўп бўлади, лекин барибир бу саҳрони, қадрдон манзилларимни ташлаб кетишга кўзим қиймайди”, дейди чўпон. “Фарзандларингиз-чи”, дейман, “уларнинг ўқишини, билим олишини қўллаб-қувватлайсизми?”. Баҳриддин чўпон кўзлари порлаб, келажакда фарзандларини университетда ўқитишини, бу мақсад ҳар доим ўзи билан эканини таъкидлайди. Бироқ қизиққанидан чорвачиликни танласа ҳам, қаршилиги йўқ.

    Тун борган сари салқинлашиб, ой ёғдуси лаҳза сайин тиниқиб боради. Танамиз жунжиккани билан бу сарин ҳавога ҳам тўймайди киши. Жимжитлик қўйнида чой қайнашию гулханга ташланган янтоқнинг “часир-чусур”и эшитилади. Чўпон — то милтиллаб турган чироқларгача чўзилган бепоён чўлнинг тунги қоровули. Ҳис этганга бу ҳам бахт, шун дай эмасми?!

    Чўпон деса, сурув деса, хаёлга биринчи бўри келгани учунми, Баҳриддин чўпондан Ўртачўлда бўри борми, деб сўрайман. Унинг айтишича, бу саҳроларда бўри йўқ, йиртқичлардан фақат тулки, чиябўри яшар экан. Ёзда эса илонлар кўпаяди.

    Гап гапга уланади, суҳбат чўзилади. Орада 5-6 чойнакни бўшатдик. Бу чойнинг таъми олдида манаман деган турк чойлари ҳам ортда қолади, десам ишонинг. Оловнинг шиддати сўниб қолгач, уни қум билан кўмиб ўчириб, тунаш учун чайлага қайтдик. Ҳам йўл чарчоғи, ҳам чўл чарчоғи қўшилиб, ухлаб қолганимизни сезмабмиз. Эрталаб уйғонсак, қуёш анча кўтарилиб қолган. Чўпонники қуш уйқу, деган гап тўғри экан, Баҳриддин чўпон аллақачон уйғониб, қўра томонларда юмуш билан машғул юрибди. Биз ҳам ўрнимиздан туриб, саҳро тонгини томоша қилишга ошиқамиз. Кўз чексизликка, ўпканг тоза ҳавога тўймайди.

    — Ана, сурувингиз келяпти, чўпон, — дейди шеригимиз имо қилиб. Баҳриддин чўпон бир лаҳза қўнғироқ овозига қулоқ солиб, бу унинг суруви эмаслигини айтади. Бир-биримизга қараб оламиз.

    Сурув қайтгач, қўрага қамаб, чўпон билан нонушта қилдик. Бугун ташрифимизнинг иккинчи куни, асрга сафаримиз қарийди. Қайтиш ҳақидаги ўй эса кўнгилни ўртайди. Лекин, ноилож, меҳмонга йўл яхши. Вақтнинг боридан эса унумли фойдаланмоқ керак.

    Яна хаёл олиб кетади: макони аниқ, ризқи ўзи билан, оиласи ёнида, тўрт мучаси талафот кўрмаган одам — Баҳриддин чўпонда ҳам муаммо бормикан? Шу саволни бераман.

    “Чўпонда чўл қайғуси бўлади”, дейди Баҳриддин чўпон. Унинг айтишича, қишда қор ёғишидан, баҳор серёмғир келишидан дунёда ҳеч ким чўпончалик суюнмайди. Охирги йилларда экологик вазият чорванинг ҳам меҳнатини анча оғирлаштириб қўйди. Сувнинг пасайгани саҳронинг ҳам авжини сусайтирди. Бугун сурувни фақат чўлнинг озиғи билан тўйдириш қийин. Шу сабабли чўпонлар ем-хашак сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Кластер таркибида ем-хашак олишнинг биржа орқали эмаслиги эса уни олибсотарлардан қимматга олишдан бошқа чора қолдирмаяпти. Баҳриддин чўпон масъулларнинг бу масалага ҳам эътибор беришидан умидвор.

    Унинг яна бир муаммоси эса жун ва тери билан боғлиқ. “Яқин-яқингача чўпонга “ҳарна” даромад келтириб турган бу хомашёларни бугун ҳеч ким сўрамайди. Бу маҳсулотлар бўйича давлатимиз ишлаб чиқариш соҳаларини кенгайтирса, мен каби минглаб чўпонларга анча кўмак бўларди”, дейди у.

    Ҳар кимнинг дарди ўзи билан, дегандек, чўпон ҳам муаммолардан холи эмас экан. Лекин унинг муаммоларини ҳал қилиш имконсиз эмас, масъуллар бир ғайрат қилса, бас...

    Ана шу суҳбатларга берилиб, анча йўл босиб қўйибмиз. Чарчоқ бизни забтига олгани билан чўпоннинг чарчагани умуман сезилмас эди. Унинг соғломлигига, чиниққанига ич-ичимиздан ҳавас қилдик. Соғлиқнинг биринчи кафолати ҳаракат эканига мана яна бир исбот.

    Саҳро бизга хулосалар қилишга имкон яратди. Ҳамма гап уларни бажаришда. Бизни эса икки кунда анча қадрдон бўлиб қолган саҳродан пойтахтгача олис йўл кутиб турибди. Баҳриддин чўпон яна бир кеча тунаб қолишимизни сўрайди. Балки биз уни мана шу икки кун давомида овора қилиб, уринтириб қўйгандирмиз, бироқ унинг бу ташрифдан кўнгли кўтарилгани сезилиб турарди. Эҳтимол, бизга ўхшаб унинг ҳам кўнгли хижил бўлар кетганимиздан кейин? Буниси бизга номаълум, ахир қалб ҳам Яратганники.

    Хайрлашиб йўлга тушар эканмиз, тағин ўша савол хаёлимга келади: чўпонлик юмушми ё касб? Йўқ-йўқ, чўпонлик иккаласи ҳам эмас. Агар юмуш бўлганда Баҳриддин чўпон каби йигитлар бунга умрини боғламаган бўларди. Агар касб бўлганда етти ёт бегона бўлган бизларни у беминнат меҳмон қилмас эди. Ахир бу унинг касб ваколатига кирмайди-ку! Йўл бўйи шу саволга жавоб излаб кетаман. Машина эса биздан чекиниб бораётган бепоён саҳрони ортда қолдириб, боғ-роғли манзиллар сари кириб боради...

    Жонибек АЛИЖОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    "Янги Ўзбекистон" газетаси, 2024 йил 6 январь сони