“Матонат. Машаққатли ғалаба” фильми премьераси бўлиб ўтди

    Фильм миллионлаб юраклар розини мард футболчиларга етказишга хизмат қилди, дейиш мумкин.

    Инсоннинг табиати ажойиб. Ниманики йўқотса, қадрига ета бошлайди. Саломатлигимизда соғликнинг, шошмаганимизда вақтнинг қадрига етмаганимиздек. Энг ачинарлиси, етти мучамиз соғлигига ҳар он шукр қилиб, бунёдкорлик ишларига ўзимизни сафарбар этавермаслигида. Оёқ-қўли йўқ бўлса-да, жамиятга наф бераётган ёки биргина қўли, биргина оёғи билан ҳам тиним билмаётганларни кўриб ҳам ибрат олавермаймиз.

    3 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Кино саройида премьераси намойиш этилган “Матонат. Машаққатли ғалаба” — “Матонат” ногирон-ампутантлар футбол жамоаси ҳақидаги ҳужжатли фильм томошабинларнинг барчасига ибрат бўлди, десак хато бўлмайди.

    Иштиёқ, мардлик ва ғалаба ҳақида ҳикоя қилинган фильм режиссёри — Комил Шарафиев ампутант футболчиларнинг бошидан ўтганларини, қалбида жўш урган туғёнларни томошабин қалбига етказишга ҳаракат қилган. Шу маънода фильмда табиийлик уфуриб турибди. Юрагида ватан ишқи оловланган ҳар бир футболчига тасанно дегинг келади. Фильм миллионлаб юраклар розини мард футболчиларга етказишга хизмат қилди, дейиш мумкин.

    Зеро, 1988 йилда ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази қошида ташкил этилган жамоа 1990 йилда АҚШда, 1991 йил (Ўзбекистон), 2007 йил (Туркия), 2010 йил (Аргентина) ва 2012 йилларда (Россия) бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида ғалабага эришди. Бундан ташқари, клуб 1988 йилдаги жаҳон чемпионатида кумуш ва 2002 йил ҳамда 2022 йилларда бронза медалларини қўлга киритди.

    Асл фарзандлик, мардлик, чинакам матонат тимсоли бўлган жамоанинг ҳар бир аъзосига мукофотлар муборак бўлсин!

    Муножат Мўминова

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates