Каттақўрғон туманидан 1 945 гектар, Нуробод туманидан 971 гектар ер майдони Каттақўрғон шаҳри таркибига ҳамда Нуробод туманидан 600 гектар ер майдони Каттақўрғон тумани таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда. Ушбу чегаралар ўзгартирилиши натижасида янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, қўшимча иш ўринлари яратилади.
Хусусан, 50 гектар майдонда “Ургут” эркин иқтисодий саноат зонаси филиали, шунингдек, 30 гектар майдонда 3 та кичик саноат зоналари ташкил этилиши кўзда тутилган. Ҳудудда 2030 йилга бориб саноат корхоналарининг сонини 332 тадан 500 тага етказиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қарийб икки баробарга ўсишини таъминлаш режа қилинган. Аҳоли жон бошига эса саноат маҳсулотлари ҳажми 1,5 баробарга ўсиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ҳудудда хизмат кўрсатиш соҳасида корхоналар сонини 981 тадан 1 285 тага етказиш ҳисобига жами хизматлар ҳажми 1,8 баробарга ўсиши, 2030 йилга бориб хизмат кўрсатиш соҳасида корхоналар сони 3 минг тага етказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Қарор лойиҳасида ҳудуднинг чегараларини ўзгартириш ва унда белгиланган вазифаларни тизимли бажариш мақсадида Ҳукуматга комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилди.









