Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.
Таъкидланишича, у Telegram`да гуруҳ очиб, интернетдан юклаб олинган диний мазмундаги мусиқаларни жойлаб борган. Ушбу гуруҳга қарийб 1,5 йил давомида экстремистик ва ақидапарастлик ғоялари акс этган нашидaлар юборилган.
«Бу қўшиқларни турли каналларда эшитиб қолганман. Ўзимга ёққани учун маъносини тушунмасдан гуруҳга жойлаганман. Араб тилини умуман билмайман, фақат қўшиқ оҳанги ёққан», — деб таъкидлаган судланувчи.
Судланувчи томонидан юритиб келинган гуруҳ кўздан кечирилганда, унда 5 та диний мазмундаги нашидалар борлиги ва уларнинг барчаси йигитга тегишли телефондан юборилгани аниқланган.
Йигит суддан енгиллик сўраб, қилмишидан пушаймонда эканини таъкидлаган. У Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» бандида (Oммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилган ва 57-модда (Енгилроқ жазо тайинлаш) татбиқ этилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.