Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Аҳоли мурожаатига асосан ўтказилган рейд тадбирлари давомида Самарқанд шаҳри «Суғдиёна» маҳалласидаги 67-А сонли кўп қаватли уйнинг 10-қават пентхаус қисмида ўзбошимчалик билан «бассейн» қурилгани аниқланди.
Қайд этилишича, ушбу қурилма кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган ва сейсмик ҳодиса вақтида бинонинг тебранишини кучайтириб, уйнинг мустаҳкамлигига зарар етказиши мумкин.
Инспекция ходимлари томонидан мулкдорга нисбатан МЖтКнинг 159-моддасига асосан маъмурий жарималар қўлланилди ва ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.
Берилган вақт ичида мулкдор ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, олдинги ҳолатига қайтармаса, унга нисбатан тегишли тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даво аризаси киритилиши тушунтирилган.