Хусусан, Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси маълумотига кўра, 2025 йил бошидан ўтган олти ой давомида ноқонуний эгалланган ҳолатлардан 1121 та ҳолат, яъни 52 гектарлик ер майдони ўз жойига қайтарилган. Шунингдек, 675 та ҳолатда 39,2 гектар ер майдони бўйича судларга даъво аризалари киритилган.
Бу ҳақда Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида тўлиқ маълумот берилди. Унда соҳада 2025 йил 6 ой давомида амалга оширилган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 август кунги «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг турда айтиб ўтилди.
Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикасида 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси бошқармаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан 31 минг 303 та ер участкаси ва кўчмас мулкка кадастр паспорти тайёрлаб берилган. Худуддаги 49 минг 443 та ер участкаси ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шунингдек, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 476 минг 165 та кадастр ҳужжатлари архивларда сақланмоқда. Шундан, 474 минг 152 та ҳужжат электрон форматга ўтказилган.
2025 йилнинг 6 ойи давомида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик ишларини амалга ошириш учун жами 2754 та ер участкаси дастурга киритилган. Шундан, 408 та ер майдони 29,97 гектар ер участкаси сотувга қўйилиб, 90 та ер участкаси сотилган.
Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларидан жами 417 та ер участкаси дастурга киритилган. Шундан 45 та ер майдони аукционга қўйилган, 28 та ер участкаси сотилган.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоб олди.
Минажатдин Қутлымуратов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.








