Самарқандда шер боласи топиб олингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди

    Яшил сайёра 27 март 2021 1464

    Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 27 март куни ҳудуддаги автомобиль йўлида шер боласи топиб олингани айтилган хабарга расмий муносабат билдирилди.

    Қайд этилишича, видеода кўрсатилган шер боласи, айтилаётганидек, топиб олингани йўқ, балки ушлаб қолинган. Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд давомида Қашқадарёдан Андижонга ҳаракатланаётган автомашина текширилганда, унда шер боласи олиб кетилаётгани аниқланган.

    Вилоят экология бошқармаси мутахассисларининг шер боласининг қаердан, нима учун олиб кетилаётганлиги ҳақидаги саволларига ҳайдовчи аниқ жавоб бермасдан ҳужжатларни тақдим қилмаган. Сал ўтмай эса «ҳужжатларни олиб келаман» деб шер боласини ташлаб, ўзи қочиб кетган.

    Шундан сўнг олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ҳайдовчи ушланган. Айни пайтда дастлабки суриштирувлар олиб борилмоқда. Шер боласи эса Самарқанд вилояти Экология бошқармасида вақтинча ўрнатилган тартибда сақланмоқда.